Линклар

logo-print

Ассад қўшини қуршовида қолган Мадая шаҳри аҳли очликдан ўлмоқда


7 кундан буён овқат емаган мадаялик болакай

7 кундан буён овқат емаган мадаялик болакай

Суриянинг ўтган йил октябрь ойидан буён президент Башар Ассад қўшинлари қуршовида қолаётган Мадая шаҳри аҳолиси очликдан қирилмоқда. Сурия армияси шаҳар атрофига мина ўрнатгани боис, аҳоли озиқ-овқат таъминотидан буткул узилган. Мадаялик мусулмонлар мушукни ейиш учун уламолардан рухсат сўрагани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга солмоқда.

Қамалда қолган курорт шаҳри

Дамашқдан бир неча ўн километр олисда бўлган тоғли Мадая шаҳрида яшовчи 30 мингга яқин аҳоли ўтган йилнинг октябрь ойида бошланган қамал боис, ўта даҳшатли кунларни бошидан кечирмоқда.

Бир пайтлар суриялик бойлар келиб дам оладиган ёзги оромгоҳ бўлган Мадая 3 ойдирки президент Башар Ассад аскарлари томонидан ўраб олинган. Аҳолининг қочиши ва шаҳарга озиқ-овқат киришига йўл қўймаслик учун армия шаҳар атрофига зич қилиб мина ўрнатган.

Онаси 10 кундан буён намакоб сув бериб жонини сақлаётган болакай

Онаси 10 кундан буён намакоб сув бериб жонини сақлаётган болакай

Ижтимоий тармоқлар ва қатор ғарб нашрлари шаҳарнинг озиқ-овқат заҳиралари тугаб, очликдан ўт-ўлан ва дарахтлар баргини ейишни бошлаган кексалари ҳамда болаларининг суратлари, видеоларини чоп этмоқда.

Тасвирларда очликдан силласи қуриган кексалар ва болалар, эти суягига ёпишиб, қуриб қолаёзган эмизикли болалар, нобуд бўлган мадаяликлар акс этган.

Сут ўрнига намакоб ичаётган гўдаклар

Guardian газетаси ва Al-Jazeera ахборот агентлиги сўнгги бир неча кун ичида бир неча юз одам очликдан ўлгани, булар орасида кўплаб болалар борлигини хабар қилмоқда.

Шаҳар ичидаги фаоллар суратга олиб, халқаро ахборот воситаларига узатаётган видео тасмалардаги болакайлардан бири 7 кундан бери овқат емаганини айтади, бир она эса очликдан кўкрагидан сут қочиб, эмизикли қизчасига намакоб сув бераётганини айтади.

Жумладан, Guardian нашрига телефон орқали интервью берган фаоллардан бири шаҳар аҳлининг кўпчилиги очликдан ҳолдан тойгани ва айниқса, болалар юролмай қолганини айтади:

"Одамлар секин-аста ўлаяпти. Уйимизда тувакда ўсадиган гуллар бор эди. Кеча шу ўсимликларнинг гулбаргларини едик, жуда нордон ва бемаза экан. Бир вақтлар бу замонда одамлар очликдан ўлмайди, деб юрардик. Ҳозир кўз ўнгизимида очликдан ўлаётган одамларни кўраяпмиз", дейди Guardian нашрининг манбаси.

Бир вақтлар Мадаянинг, ҳатто, Дамашқда ном қозонган маҳаллий бозорида эса озиқ-овқат маҳсулотлари жуда оз қолган.

Шу кунда ун, гуруч ёки бошқа дон маҳсулотларининг бир килоси 100 - 250 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Мушук еган суннийлар

Мадаяда, асосан, сунний мусулмонлар истиқомат қилади. Қамалдан сўнг аҳоли аввалига уй ҳайвонлари, қушларни овладилар.Сўнгида шаҳар аҳли мушук ейишга рухсат борми, деб уламоларга юзланишга мажбур бўлгани ҳақида фаоллар ижтимоий тармоқлар орқали хабар қила бошладилар.

Очликдан жони кўзига кўринган одамлар шаҳар ташқарисидан емак қидиришга мажбур бўлмоқда. Минага учраб, қўллари ва оёқларидан айрилган болаларнинг расмлари ҳам тармоқда тарқалмоқда.

Ижтимоий тармоқларда хар хил суратлар тарқалиб кетди ва айни пайтда сунний мусулмонлар жамоалари шаҳарга озиқ-овқат ёрдами жўнатиш йўлларини қидирмоқда. Бироқ, ичкаридаги фаоллар шаҳарни қамал қилиб олган Ассад аскарлари инсонпарварлик ёрдамини киритмаётганини айтмоқда.

Мадаялик фаоллар октябрь ойидан буён ёрдам сўраб, Ассад ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилаётгани, аммо ёрдам келмаётганидан нолимоқдалар.

Нега Мадаяни қамал қилдилар?

Аслида шу кунда қамалда қолганлар фақат мадаяликлар эмас. Яна уч шаҳар - суннийлар яшайдиган Забаданий ва шиа мусулмонлари яшайдиган Фуа ва Кафария шаҳарчалари ҳам гаровда қолмоқда.

Мадая ва Забаданий шаҳарларини Ассад қўшинлари, Фуа ва Кафария шаҳарчаларини эса Ассадга мухолиф исёнчилар қамалда сақламоқда.

Идлиб вилоятида жойлашган Фуа ва Кафария шаҳарчалари ўтган йили кузда "Жайш ул-Фатҳ" исёнчи гуруҳлар коалицияси томонидан Ассад қўшинларидан тортиб олинган эди. Дарвоқе, бу жангларда ўзбек жангариларидан иборат "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳи ҳам иштирок этган, жангда ўлган ёшгина худкуш хужумчи видеосини ҳам тармоқда тарқатган эди.

Хабарларга кўра, ҳукумат кучларига қасдлашган исёнчилар ҳам икки шаҳарда яшовчи шиа мусулмонларини қамалда сақламоқда.

Аммо, 4 шаҳарча орасида озиқ-овқати тугаб, очликдан жон бера бошлагани Мадаядир. Бу шаҳар денгиз сатҳидан 1 минг 400 метр баландликда, тоғли ҳудудда жойлашгани учун қиш келиши билан аҳолисининг аҳволи оғирлашди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида томонлар шаҳардаги тинч аҳоли вакиллари учун озиқ-овқат таъминоти йўлларини очишга келишишди. Аммо, бу келишув бир неча кун ишлади, холос. Ҳар икки томон яраланганларни алмаштиришди ва бир бор озиқ-овқатга йўл очиб беришди. Сўнгра томонлар яна муросани йўқотди ва тинч аҳоли яна жабр-ситам, очликка маҳкум қолди.

Октябрь ойида гуманитар ёрдам конвойи билан Мадая ва Забаданийга кириб чиққан фаоллардан бири: "Ҳар икки жойдаги болаларнинг аҳволи жуда ҳам даҳшатли эди. Нима бўлганда ҳам болалар азоб-ситамда қолдирилмаслиги керак", дейди ғарб нашрига берган интервьюсида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG