Линклар

logo-print

Чиноздаги стадион таъмири учун “ўлпон” солинди


Чиноз марказий стадионининг таъмирланаётган хоналаридан бири

Чиноз марказий стадионининг таъмирланаётган хоналаридан бири

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги марказий стадионни капитал таъмирдан чиқариш учун барча бюджет ташкилотларига, маҳалла фуқаролик йиғинларига ўлпон солиняпти. Чиноз тумани ҳокимлиги мутасаддилари эса бу иддаоларни инкор қилмоқда.

Чиноз туманидаги марказий стадионни тез фурсатда капитал таъмирдан чиқариш учун унинг хоналари корхона ва ташкилотларга бўлиб берилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган чинозлик манбанинг иддао қилишича, капитал таъмирни бошлаган фирма ишини охирига етказолмай қолган:

“Марказий стадионни капитал таъмирдан чиқаришни якунлаш корхона ва ташкилотларга бўлиб берилди. Стадионни таъмир қилаётган “Қувасой қурилиш савдо” ташкилоти 400 миллион сўмни еб юборгани айтиляпти. Капитал таъмирнинг умумий қиймати нархи 2,5 миллиард сўм. Бу ҳам асосан халқдан йиғиб олинган пул. Энди фирманинг таъмирни давом эттириш учун пули қолмапти. Шунга туман ҳокими қурилишни “поддержка” қилиш учун тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларидан 30 минг сўмдан пул йиғиб олишни буюрган. Еб юборилган пулни жабрини энди оддий халқ тортиши керакми?”, деди тумандаги ташкилотлардан бирида ишлайдиган манба.

Чинозда фаолият олиб борувчи хусусий корхоналардан бирининг исми сир қолишини сўраган мулозими стадион таъмири учун ҳокимиятга пул ўтказиб берилаётганини Озодликка тасдиқлади:

“Ҳокимиятнинг спорт ишлари ва бошқа нарсалар учун ўлпон солиб туриши янгилик эмас. Яқингинада болалар спорти ва стадион учун 10 миллион сўм ўтказиб бердик”, деди мулозим.

Чиноз тумани ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича бош мутахассиси Мирсоат Мирсодиқов Озодлик билан суҳбатда, стадион таъмирида корхона ва ташкилотлар ҳашарга жалб қилинганини тан олди, лекин пул йиғилаётганини инкор қилди:

- Тўғри ҳашарга ташкилотлар чақириляпти. Масалан, ободонлаштириш, мусор-пусор, бошқа нарсага. Бу маблағ кетадиган ишлар эмасда. Лекин асосий ишни подрядчикларнинг ўзлари қилишяпти. Маблағи бор, етади. 70-80 фоиз ишларини бажариб бўлган. Февраль ойига топширишмоқчи. Лекин ташкилотларга ва маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳеч қандай солиқ ёки ўлпон солинмаган. Бу нотўғри маълумот, деди бош мутахассис Мирсоат Мирсодиқов.

Ўзбекистонда стадионлар қурилиши учун мажбурий ҳашарлар ташкил қилиш, корхона ва ташкилотларни, тадбиркорларни пул ўтказишга мажбурлаш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” клубининг стадиони қурилиши учун ҳам вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб “Дамас” ҳайдовчиларигача “солиқ” солинган ва бу ҳам аҳоли орасида норозилик кучайишига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG