Линклар

logo-print

Суриядаги ўзбеклар яна бир гуруҳ худкуш "фидойи"сини намойиш қилди


БТРда амалиётга отланаётган ўзбек жангарилари

БТРда амалиётга отланаётган ўзбек жангарилари

Суриядаги "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳининг БТРда худкушлик амалиётига йўлланган 6 жангариси намойиш қилинган видео тармоқда тарқади. Ҳалаб вилоятида Ассад қўшинларига қарши жангга отланган ёшгина ўзбеклар бу кунни "ҳаётимизнинг энг гўзал куни" деб таърифлайди. ​Йирик планда кадрга сўзлаган яна бир жангари эса тез орада "юртимизда қамоқда сақланаётган олимлар, муслималарни озод қилишга борамиз", деб таҳдид қилади.

6 "фидойи"

Декабрь ойининг ўрталарида Суриянинг Ҳалаб вилоятидаги жангларда "Жайш ул-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси сафида иштирок этган "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳининг тармоқда тарқатган навбатдаги видеосида 6 жангари "фидойи" сифатида талқин қилинди.

Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари ўзбеклар худкушлик амалиётига йўл олган сафдошларини "фидойи" деб аташлари аввал ҳам бир неча бор кузатилган.

Видеода эскириб, занглаб кетган БТРларга қуролланган ҳолда ўтирган жангарилар "Оллоҳни кулдириш" учун жангга кетаётганини айтиб, ён-атрофидагиларни такбирга чақиради:

"Биз бугун кофирларни ер тишлатамиз, иншаоллоҳ. Бу бизнинг ҳаётимиздаги энг гўзал кун", дейди юзига ниқоб тортган ёшгина жангари.

БТРларга зич ўтириб, нақд ўлимга йўл олган жангарилар кадр остидаги ёзувларда "фидойиларнинг биринчи гуруҳи" деб аталган. Аммо, уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч бир маълумот берилмаган.

Юртга қайтиш "ваъдаси"

Ушбу видеода йирик планда кадрга гапирган яна бир ўзбек бу гал ҳам ғалаба қозониши ва тез орада юртига қайтишини ваъда қилади:

​"Мусулмонларга айтамизки, бу тепаликларнинг фатҳ бўлганини тез кунда эшитасиз. Умматга айтамизки, биз тез орада сизни қутқаргани борамиз. Қамоқдаги олимларимизни, биродарларимизни, мусулималарни қутқаргани борамиз!"

Аввалги видеоларидан фарқли равишда жангари гуруҳ бу гал мужоҳидларининг исмини маълум қилмаган. Шунингдек, шахси номаълум бу ўзбекларнинг ўзбекистонлик ёки қирғизистонлик экани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Айни пайтда ушбу гуруҳнинг аъзоси экани гумон қилинган 10 га яқин шахснинг Қирғизистон жанубида қўлга олингани ҳақида расмий маълумот бор.

Россия ҳужумларига жавоб

Бу ва сўнгги бир ой ичида ижтимоий тармоқларда тарқатилган "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳининг ўнга яқин видеоларида гуруҳ раҳбари Абу Салоҳ жиҳодга даъват қилинган маърузаларини канда қилмади.

Октябрь ойи охиридан Сурияда бошланган Россия ҳаво ҳужумларида Сурия президенти Башар Ассад режимига қарши курашаётган "Жайш ул-Фатҳ" жангари гуруҳлар коалицияси манзиллари нишонга олинаётгани айтиб келинмоқда.

Видеода буни тасдиқлаган "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳи жангариси кадрга қарата: "Бу кофирларнинг самолётларию, бомбалари, кофирларнинг адади бизни қўрқитиб қўймайди", дея мақтанади.

"Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси"

Ўтган йилнинг кузида "Имом Бухорий" катибасининг Идлиб вилоятида қилган жанглари акс этган видео эълон қилинган ва унда 30 ёшлар атрофидаги ўзбек худкуш Жаъфар ал-Таййар, "Моварауннаҳрнинг биринчи фидойиси", деб таърифланган эди.

Суриянинг Идлиб вилоятидаги Фуа шаҳарчаси учун жангларда қатнашган Жаъфар бошқарган БТРнинг манзилга етиб портлагани ҳам намойиш қилинган.

Кейинчалик бу йигит Қирғизистоннинг Сузоқ туманида 1994 йилда туғилган Бобур Исроилов экани маълум бўлган.

Жаъфарнинг худкушлиги ҳақида ўтган йилнинг сентябрь ойида тарқатилган видеода "Имом Бухорий" катибаси ва "Тавхид ва Жиҳод" гуруҳидан камида яна 4 йигитнинг худкушлик амалиётида қатнашгани айтилган, аммо уларнинг тақдири ҳақида бирор маълумот берилмаган.

Тарғиботга ўч етакчи

"Тавҳид ва Жиҳод" Сурия ҳудудида 2014 йилдан буён алоҳида гуруҳ сифатида президент Ассад армиясига қарши курашиб келаётганини иддао қилган ўзбек жангарилари жамоатидир.

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ

Суриядаги "Тавҳид ва Жиҳод" ўзбек жангари гуруҳи етакчиси Абу Салоҳ

2014 йилнинг декабрь ойида Интернетда алоҳида саҳифа очган ва ўз логосини ҳам эълон қилган бу катиба тармоқда ўзбекларни жиҳодга даъват қилиб келаётган фаол жангари гуруҳлардан биридир.

Унинг етакчиси эканини даъво қиладиган Абу Салоҳ Ўзбекий исмли жангари ҳақида эса маълумот оз. Шу кунга қадар Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган ўзбек жангарилари Абу Салоҳнинг қаттиққўл эканини айтганлар.

У ижтимоий тармоқларда бир жанг майдони, бир "Жабҳатан Нусра" байроғи ёнида бўй кўрсатиб тушган видеоларини тез-тез эълон қилади.

Ҳозирча "Тавҳид ва Жиҳод" катибасида жами нечта жангари борлиги ва уларнинг қанчаси ўзбек экани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо, аксар манбалар гуруҳ жангариларининг кўпчилиги Қирғизистондан борган ўзбеклар, деб тахмин қилади.

The Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вэйс "Тавҳид ва Жиҳод"катибаси илк бор 2014 йилнинг 28 декабрида YouTube тармоғига видео илгач, минтақани кузатаётган таҳлилчилар диққатини ўзига тортганини ёзади. Унинг ёзишича, аввалига "Жабҳатан Нусра" сафида жанг қилиб юрган ўзбеклар кейинчалик алоҳида жамоатга бирлашиб, Абу Салоҳ етакчилигида "Тавҳид ва Жиҳод" катибасини тузган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG