Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Кашандаликка қарши кураш таклифи, карнавалдаги жиноят ва телефон кабеллари ўғирланиши


Ўзбекистонда кашандаликка қарши аёвсиз кураш очиш таклиф этилди. Етти ўсмир янги йил карнавалида тенгдошини уриб ўлдирди. Тозалаш тадбирида жиноят содир этиб қочиб кетган шахслар ушланди. Жорий ҳафта маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Янги йил карнавалида тенгдошини уриб ўлдирган етти ўсмир озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистондаги мактаблардан бирида уюштирилган янги йил карнавалида келиб чиққан жанжал оқибатида бир ўсмир нобуд бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура катта прокурори Бахтиёр Исмоилов “Ҳуқуқ” газетаси орқали хабар беради. Жиноят 2014 йил 25 декабрида 23-умумтаълим мактабида содир этилгани айтилган бўлса-да, шаҳар ёки туман ошкор этилмаган. Байрам карнавали пайти турли қишлоқлик ўсмирлар гап талашиб қолган. Шу тариқа 2 нафар ўсмир 7 нафар тенгдоши томонидан калтакланган. Калтакланганлардан бири воқеа жойида вафот этган. Тенгдоши умрига зомин бўлган етти нафар ўсмирга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда эркакларнинг 19,6 фоизи – cигарет, 22,3 фоизи нос чекади

Ўзбекистондаги эркакларнинг 19,6 фоизи – сигарет, 22,3 фоизи нос чекади (“Ҳуррият”, 6 январь). “Аёлларимиз орасида ҳам кашандалар учраётгани кишини ташвишга солади. Уларнинг она ёки бўлажак она эканини ҳисобга олсак, юртимизда кашандаликка қарши аёвсиз кураш очиш керак экан, деган фикрга бориб қоласан”, деб ёзади газета.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 30 декабридан Ўзбекистонда жамоат жойларда тамаки ва нос чекканлик учун илк бор жарима жорий этилди. Бунга кўра, иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган ва бошқа жамоат жойларда тамаки ва нос чекиш энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми баробарида жаримага сабаб бўлади. Поезд, кема, автобус ва самолётда ҳам чекиш тақиқланади.

Тошкентда телефон кабелларининг ўғирланиши кескин кўпайди

Тошкентда телефон кабелларининг ўғирланиши оммавий тусга кириб, катта муаммога айланмоқда. Бу ҳақда “Ўзбектелеком” компанияси Тошкент шаҳри филиали “Тошкент оқшоми” газетаси орқали огоҳлантиради. Қайд этилишича, кабель линияларининг қасддан шикастлаш натижасида ҳокимият ва бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, шошилинч хизмат алоқа тизимлари бузилишига олиб келмоқда. Компания аҳолини телефон кабеллари ўғирланиши ҳолатлари юзасидан зудлик билан хабар беришга чақиради.

Янги йил арафасидаги тозалаш тадбирида жиноят содир этиб қочиб кетган шахслар ушланди

Янги йил арафасида “Тозалаш” тадбирида Ўзбекистон ички ишлар ходимлари 7 миллионга яқин объектни кўздан кечирди. Қатор матбуот нашрлари хабарига кўра, тадбир давомида 191 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган, шунингдек, жиноят содир этиб қидирувда юрган шахслар ушланган. Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Илҳом Турғунов 2015 йил давомида 2-3 мингга яқин маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмаганини маълум қилган.

Ўзбекистон бозорларида сир қолмади

Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари портали – www.my.gov.uz cайтида мамлакатдаги 595 та бозор ва савдо мажмуалари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди (“Даракчи”, 7 январь). Маълумотлар тўплами бозор ва савдо мажмуасининг номи, манзили ва солиқ тўлови бўйича индивидуал рақамидан иборат. Маълумотлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган. Бу ҳақда хабар берган газета “Бозорларда сир қолмади” дея хулоса қилган.

Мобиль компаниялар янги йилдан абонентлар учун икки баравар кўп ҳақ тўламоқда

Ўзбекистондаги уяли алоқа компаниялари 2016 йил 1 январдан ҳар бир абонент учун давлатга 1500 сўмдан тўламоқда. Бу ҳақда “Оила даврасида” нашри хабар беради. Бу 2015 йилга қараганда икки баравар кўп. Ўзбекистоннинг 2016 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрларида абонент тўловини ошириш белгиланган. Айни пайтда Ўзбекистонда бешта мобил алоқа оператори фаолият юритмоқда.

XS
SM
MD
LG