Линклар

Теҳрон Саудия устидан БМТга арз қилмоқчи


Санадаги бомбалашлардан кейинги аҳвол

Санадаги бомбалашлардан кейинги аҳвол

Расмий Теҳрон Саудия Арабистони ҳарбий учоқлари томонидан Яман пойтахти Санаадаги Эрон элчихонаси шикастланиши юзасидан БМТнинг Хавфсизлик кенгашига шикоят қилишни режалаштирмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Амир Абдуллаҳиённинг маълум қилишича, Саудиянинг бомбардимончи учқичлари отган ракеталардан бири Санаадаги Эрон элчихонаси ҳудудида портлаши оқибатида қўриқчилардан бири яраланган.

Кеча Теҳрон расмийлари элчихона “атайлабдан” нишонга олганини айтиб, Саудия Арабистони элчихона биносига етказилган зарар ва ходимларининг жароҳатланиши учун масъул эканини таъкидлашди.

Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ҳутий исёнчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган Саудия етакчилигидаги коалиция матбуот вакили Теҳроннинг иддаолари бўйча текширув ўтказилишини билдирди.

Матбуот вакили Аҳмад Ассарий коалиция учоқлари 6 январь куни кечқурун Санаада кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳаво ҳужумида Ҳутий исёнчилари позициялари нишонга олинган.

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Ар-Риёд ҳукумати тарафидан шиа уламосининг қатл этилиши ортидан таранглашишда давом этмоқда.

7 январь куни Теҳрон Саудия Арабистонида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга эмбарго жорий этганини билдирди.

XS
SM
MD
LG