Линклар

Туркия Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлмагунича мамлакатнинг Ўзбекистон ва бошқа ўлкалар билан виза сиёсатида ўзгариш бўлмайди. Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Танжу Билгич Озодлик билан суҳбатда Анқара Ўзбекистон дохил 89 давлатга яна виза режимини тиклаши ҳақида турк матбуотида тарқалган хабарларга аниқлик киритди.

Жаноб Билгич Туркиянинг Озарбайжон, Марказий Осиё ўлкалари ҳамда бошқа мамлакатлар билан ҳозир амалда бўлган виза сиёсатидаги тартиб Туркия ЕИга тўлиқ аъзо бўлмагунича ўзгармаслигини таъкидлади.

– Мамлакатимизнинг учинчи ўлкаларга нисбатан виза сиёсатини Европа Иттифоқининг виза сиёсати билан уйғунлаштириш Туркиянинг бу Иттифоққа тўлиқ аъзо бўлганидан сўнг амалга оширилиши керак бўлган мажбуриятдир, - деди Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Танжу Билгич.

Жума куни Туркия оммавий-ахборот воситаларида Туркия шу йил ўрталаридан Ўзбекистон ва яна тўқсонга яқин давлат билан виза тартибини тиклаши ҳақда хабарлар пайдо бўлганди.

Туркиянинг учинчи ўлкаларга нисбатан виза сиёсатидаги ўзгариш Европа Иттифоқининг 2016 йилнинг куз ойларига бориб Туркия билан визасиз тартибга ўтиши билан боғлиқлиги айтилган.

Айни пайтда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси мулозимлари ҳам бу хабарларни инкор этишди.

Элчихонанинг Озодлик боғланган вакилларидан бири икки давлат ўртасида амалда бўлган визасиз режим ўзгариши борасида Анқарадан ҳеч қанақа йўриқнома келиб тушмаганини айтишди.

Ҳозир амалда бўлган тартибга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролари Туркияга визасиз киришлари ва мамлакат ҳудудида бир ойгача қолишлари ҳам мумкин.

Туркия ЕИга тўлиқ аъзо бўлиши ортидан Ўзбекистон орасида виза режими қайта тикланадиган бўлса бу жараённинг ўзбекистонликлар учун қандай бўлиши эса ҳозирча маълум эмас.

Туркия йиллардан буён мамлакатга кўпроқ сайёҳларни жалб этиш учун дунёнинг аксар мамлакатларига виза тартибини бекор қилган.

Айни пайтда виза тартибининг қайта кучга кириши Туркия сайёҳлик саноатига жиддий зарба бўлиши ҳақида хавотирлар янграмоқда.

XS
SM
MD
LG