Линклар

Косовода бош вазир истеъфоси сўралган намойишларда тўқнашув рўй берди


Косово пойтахти Приштинада ҳукуматга қарши бораётган намойишларда мухолифат тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашув рўй берди.

Приштинада 9 январдан буён тинч норозилик намойишлари бўлмоқда. Бош вазир Иса Мустафо истеъфоси талаб қилинаётган намойишда бир неча минг одам иштирок этмоқда.

Хабарларга кўра, айрим намойишчилар қўлбола бомба ва тошларни ҳукумат биноларига улоқтирган. Натижада, ёнғин чиққан ва тезда ўчирилган.

Полиция эса бу зўравонлик ҳаракатларига жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Полиция берган маълумотга кўра, жами 14 одам жароҳат олган. Булардан 10 нафари полициячи ва 2 нафари журналистдир. Шунингдек, 24 намойишчи қўлга олинган.

Мухолифат Косоводаги этник серблар кўпчиликни ташкил қилувчи шаҳар ва туманларга кўпроқ ваколат бериш ҳамда уларга Белграддан молиявий ёрдам берилиши тўғрисида Европа Иттифоқи воситачилигида таклиф қилинган келишувга қарши чиқмоқда. Ҳозирча бу келишув Косово ва Сербия парламентлари томонидан тасдиқлангани йўқ.

Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилган ва бу давлатда, асосан, этник албанлар истиқомат қилади.

XS
SM
MD
LG