Линклар

logo-print

Полиция Редингдаги ўзбек ўлими юзасидан дастлабки хулосани билдирди


Британиянинг Рединг шаҳрида 27 декабрь куни жасади топилган ўзбекнинг ўлимини суриштираётган полиция қотиллик нафрат асосида содир этилмаган, деган дастлабки хулосага келди. 36 яшар ўзбекистонлик Бобур Эсонов ўлимидан сўнг уни таниган-билган бир неча ўзбекистонлик қўлга олинган. Марҳум билан бир уйда яшаган яна бир шахс эса қидирувда.

Полиция бир йилдан буён Лондондан 50 километр ғарбда жойлашган Рединг шаҳрининг Лондон кўчасида истиқомат қилган 36 яшар Ўзбекистон фуқароси Бобур Эсонов ўлимига ирқий, жинсий ёки диний нафрат сабаб бўлмаган, деган дастлабки хулосани эълон қилди.

Шаҳарчада Боб исми билан танилган ўзбекистонлик Эсоновнинг жасади 27 декабрь куни эрталаб соат 4:20да ўзи яшаб келган ижара уйдан топилган эди.

Аввалига унинг ўлими сабаблари қоронғу қолаётган эди. 31 декабрь куни марҳумнинг жасади очилгач, марҳум бўғиб ўлдирилган, деган дастлабки тахмин илгари сурилди.

Ҳозирча, ўлимнинг асл сабаблари ҳануз номаълум қолмоқда. Полиция берган маълумотга кўра, яна бир неча таҳлиллар ўтказилмоқда ва уларнинг натижаси бир неча ҳафталар ичида маълум бўлади.

Бобур Эсоновнинг ўлимидан сўнг уни таниган-билган ва у билан алоқада бўлган бир неча шахс, асосан, ўзбекистонликлар қўлга олинди.

Булардан бири - исми ошкор этилмаётган 36 яшар ўзбекистонлик 31 декабрь куни ҳибсга олинган ва кафолат пули эвазига, шаҳарни 2 февралга қадар тарк этмаслик шарти билан озод қилинган. Бобур Эсонов билан бир уйда яшаган 24 ёшли яна бир ўзбекистонлик эса ҳануз қидирилмоқда.

Полиция терговчиси Саймон Стилл тергов ҳали бошланғич босқичда эканини айтиб, Ўзбекистон фуқаросининг ўлими борасида бирор маълумотга эга бўлган кишиларни полицияга мурожаат этишга чиқирган.

Рединг шаҳрида чоп этиладиган “Getreading” газетаси терговчи Саймон Стиллнинг "Боб дея танилган Бобур Эсоновнинг Ўзбекистондаги оиласи унга нима бўлганини билишни жуда истайди ва ҳар қандай маълумот тергов учун муҳим", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси мулозимлари Бобур Эсонов ўлимидан хабардор эканини айтган, аммо Озодлик мухбирининг бошқа саволларини жавобсиз қолдирган.

Яқинларидан олинган маълумотларга кўра, Бобур Эсонов Рединг шаҳридаги кафелардан бирида ишлаган.

У 1998 йилда Ўзбекистон президентининг "Умид" жамғармаси орқали Британиянинг Рединг шаҳрида молия соҳаси бўйича таълим олган.

Уч йил Британияда ўқиб, Ўзбекистонга қайтган ва "Умид" жамғармаси билан келишув доирасида беш йил ҳукуматга ишлаб берган. Сўнгра яна Британияга қайтган.

XS
SM
MD
LG