Линклар

Қирғизистонда ўн кун ичида терроризм айби билан 30 киши қўлга олинди


2015 йилнинг 24-декабрида Жалалобод вилояти Сузоқ тумани яшовчиси Абдулазиз Исмоилов Туркиядан уйига қайтаётганида Қоракўл шаҳрида қўлга олинган.

Бу ҳақда унинг яқинлари икки кундан кейин хабардор этилган.

Абдулазизнинг отаси Абдужалил Исмоиловнинг ишонишича, милиция ўғлига туҳмат қилмоқда.

24-декабрда Бишкекдан йўлга чиққан боланинг хабарини икки кундан кейингина, 26-декабрь соат ўн бирларда олдик. Мактабда яхши ўқиган. Касб-ҳунар лицейини олтин медалга битирган. Илимни ортидан қувган йигит эди. Нимага бундай туҳмат қилишади? Ҳаводан олиб туҳмат қилса бўлаверадими?” дея эътироз билдирди Абдужалил Исмоилов.

Адвокат Ҳусанбой Солиевнинг айтишича, Абдулазиз Исмоиловни қўлга олиш чоғида бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилган.

Унга кўра, Исмоилов 24 декабрь куни қўлга олиниб, аввал Жалолобод кейин Ўш милициясида сўроқ қилинган бўлса, унинг қўлга олиниш протоколи 25 декабрь куни тузилган.

Абдулазиз адвокатларига ўтган бир кун давомида қийноққа солинганини айтган:

Уни бир кун ушлаб туришнинг ўзи ноқонуний бўлган. Абдулазиз ўша вақтда мени қийноққа солиб уришганди, деяпти. Кейин унга Сурия билан боғлиқ, ёлланмачилик айби қўйиляпти. Лекин бу йигитнинг у ерга боргани тўғрисида ҳеч қандай далил, исбот йўқ. Барчаси қийноқлар остида олинган. Ҳозир ўзига қарши берган кўрсатмасининг асосида айбланиб ўтирибди. Абдулазиз: “У ерда менинг иложим йўқ эди. У калтакларни еб кўзингизга жониз кўринганидан кейин фақат қийноқлар тўхташини истаб, хоҳлаган нарсани имзолаб бераверасиз экан,” деяпти. У “бошимга салафан кийдириб уришди,” деяпти. Бир неча марта ҳушидан кетибти,” дейди Ҳусанбой Солиев.

22-декабрь куни Қорасув тумани Қашқар-Қишлоқ қишлоғида “Аҳмадия” оқими аъзоси отиб кетилганди.

Ўшандан буён уни ўлдириш ва террор ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб, 16 киши қўлга олинган.

Уларнинг тўрт нафари Сурияда махсус тайёргарликдан ўтиб келгани иддао қилинади.

Абдулазиз Исмоилов қўлга олинган 16 шахснинг биридир.

Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, қўлга олинганлар ўз адвокатлари орқали милиция ва халқни қасдлаштиришга уринмоқда.

Қашқар-Қишлоқда одам ўлдирилиши ортидан 16 одамни қўлга олдик. Уларнинг тўрт нафари Сурияда махсус тайёргарликдан ўтиб қайтган. Буларни қўлга олишга асосимиз борлиги учун ортидан тушганмиз. Бу бўйича етарли далилларимиз бор. Бекордан бекорга ҳеч ким айбланмайди. Қўлга олинганларнинг ёнидан олинган далилларда ҳукумат билан халқни қарама-қарши қўйиш, хавфсизлик хизмати номига доғ тушуриш бўйича методик қўлланмалар ҳам топилаяпти,” дейди Жениш Ашурбаев.

Аммо Абдулазиз Исмаиловнинг адвокатлари унинг Сурияда махсус тайёргарликдан ўтгани тўғрисидаги иддаоларни рад этади.

Уларга кўра, Исмоилов Муфтият йўлланмаси билан аввал Мисрда диний билим олган, сўнгра Туркияда таҳсл кўрган. Буни исботловчи бир қанча ҳужжатлар билан бирга адвокатлар Қирғизистон Муфтияти, Миср ва Туркиядаги Абдулазиз Исмоилов билим олган Олий ўқув юртларига унинг ўша ерда ўқиганини тасдиқлашни сўраб, сўров юборган.

Ҳозирда Сурияга борганликда гумонланиб Исмоилов билан бирга қўлга олинган, бироқ исми очиқланмаётган новқатлик йигит адвокати ҳам гумонланувчига туҳмат қилинаётганини айтмоқда.

22-декабрда Ўш шаҳри яқинидаги Қашқарқишлоқ қишлоғида Аҳмадия оқими азоси экани айтилаётган 37 ёшли Юнусжон Абдужалиловнинг ўлими юзасидан қўлга олинган 16 нафар шахснинг икки нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

Ҳозирча уларнинг фақат бири тошкентлик иккинчиси самарқандлик экани тўғрисидагина маълумот бор.

Улар 24 декабрда Жалолобод вилоятида ўзларининг тўрт нафар қирғизистонлик шериклари билан қўлга олинганди.

2016 йилнинг дастлабки 10 кунида экстремизм ва терроризмда айбланиб, жаъми 30 нафар шахс ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG