Линклар

Жиззахда милиция ходимлари адолат истаган фермерни дўппослашди


Алижон Йўлдошев милиция ва солиқ нозирлари томонидан дўппосланганини айтмоқда

Алижон Йўлдошев милиция ва солиқ нозирлари томонидан дўппосланганини айтмоқда

Ўтган ойда Озодликка берган интервьюсида саккиз миллион доллари талон-тарож қилинганини сўзлаб берган жиззахлик фермер Алижон Камолов милиция ва солиқ ходимлари томонидан дўппосланди. 49 ёшли тадбиркор Озодлик унинг ҳикояси асосида тайёрлаган видеолавҳа эълон қилиниши ортидан босимлар кучайганини айтади.

Озодликка саккиз миллион долларга тенг мол-мулки талон-торож қилинганини сўзлаб берган жиззахлик фермер Алижон Камолов милиция ва солиқ хизмати ходимлари томонидан дўппосланди.

Алижон Камолов ҳодисанинг 6 январь куни Жиззах шаҳрида ўзига тегишли иссиқхонада рўй берганини айтади.

Алижон Камолов ўша куни унинг "Умид А" фермерлик хўжалигига қарашли иссиқхонада тинтув ўтказиш важи билан келган милиция ходимлари унинг кўзига ва оёғига шикаст етказишганини айтмоқда.

Камоловнинг айтишича, маҳаллий милиция таянч пункти нозири ва солиқ инспектори иссиқхона ичкарисига кириб, у ерда тафтиш ўтказиш истагини билдиришади, бироқ фермер назорат қилиш тўғрисидаги буйруқни тақдим этишни талаб қилади.

“Шунда улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, қонунга зид равишда, ичкарида тинтув олиб боришларини айтди ва тинтув ўтказа бошлашди. Мен болаларим ва турмуш ўртоғим билан дарвозани уларнинг устидан қулфлаб, зудлик билан уларни ноқонуний хатти-ҳаракатларидан хабардор этиш мақсадида тегишли идораларга бормоқчи бўлиб турганимда дарвозани тепиб бузиб очмоқчи бўлдилар. Шунда мен уларга ноқонуний хатти-ҳаракат қилмасаларинг тегишли идораларга мурожаат қилмайман, деб айтдим. Улар эса бунга кўнишди ва мен дарвозани очишим билан кўзимга қаттиқ зарб билан мушт келиб тушиб оёғимдан кучли тепки еганимни биламан”, дея ҳикоя қилади Алижон Камолов.

Фермер ҳодиса унинг ўғиллари томонидан видеотасвирга туширилганини билдирди.

Сўнгра милиция ва солиқ ходимлари Алижон Камоловни Жиззах шаҳар милиция идорасига олиб кетишади.

Камолов милиция идорасида тўрт соат давомида ушлаб турилганини айтади.

Унинг қўшимча қилишича, милиция ва солиқ хизмати ходимлари видеотасвирни қайтариб бергани эвазига уни қўйиб юборганлар.

Алижон Камолов дўппосланишидан бир кун ўтиб, ўзини дастлаб милиция ходими деб таништирган шахс, амалда солиқ инспектори эканини маълум қилади.

Камолов ва солиқ инспектори ўртасидаги суҳбат видеоси Озодликка етиб келди.

Озодлик ҳодиса юзасидан Жиззах шаҳар Ички ишлар идорасидан изоҳ ололмади.

Босимлар

3 декабрда Озодлик Жиззахдаги "Умид А" хўжалиги раҳбари Алижон Камолов тақдири ҳақида видеолавҳа намойиш қилганди.

Видоелавҳада 49-яшар Алижон Камолов 2004 йилда ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби сохта айбловлар билан қамоққа олингани, қийноқларга тутилгани ва умрининг тўрт йилини қамоқда ўтказганини сўзлаб берганди.

Шунингдек, Камолов озод этилгунга қадар унинг хўжалигига тегишли 8 миллион долларлик маблағ банк ҳисобидан ғойиб бўлганини даъво қилганди.

Тадбиркор айни видеолавҳадан сўнг ўзига нисбатан босимлар кучайганини айтади.

Алижон Камолов ўзининг дўппосланиши юзасидан Жиззах вилоят Миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғига шикоят аризаси йўллаганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG