Линклар

logo-print

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев суд залида озод этилди


Жиззахлик ҳуқуқбон Ўктам Пардаев

Жиззахлик ҳуқуқбон Ўктам Пардаев

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев суд залида озод этилгани хабар қилинмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси устидан суд 11 январь куни Жиззах вилояти Дўстлик туманида бошланган эди. Пора берганлик, фирибгарлик ва ҳақорат қилганликда айбланган 37 яшар Пардаев амнистияга кўра озод қилингани тўғрисида унинг яқинлари Фергана.ру нашрига билдиришди.

Ўктам Пардаев Жиззахда бўлиб ўтган маҳкама жараёнида, суд залида озод этилгани тўғрисида 11 январь куни кечқурун Фергана.ру нашри хабар қилди.

Фаолнинг қариндошлари Пардаев 2015 йилнинг декабрида Олий Мажлис Сенати томонидан Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан эълон қилинган амнистияга кўра афв этилганини билдиришди, дея ёзди наўр.

Айрим хабарларга кўра, фаолни озод этиш қарорига биноан Ўктам Пардаевга уч йил мобайнида ҳуқуқ ҳимочилиги билан шуғулланиш ман этилган. Лекин шу билан бирга мазкур тақиқ тўғрисида ёзма кўрсатма ёхуд унинг нимага асослангани хусусида изоҳ берилгани йўқ, дея қайд этди Фергана.ру.

Ўктам Пардаев устидан маҳкама Жиззах вилояти Дўстлик тумани судида душанба куни бошланди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят бўлими раиси Ўктам Пардаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилганлик), 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) ва 211-моддаси 2-қисми (пора берганлик) билан айбланаётган эди.

Ҳуқуқ фаоли яқинларига кўра, 37 яшар Пардаев тергов жараёнида ҳам, дастлабки суд тингловида ҳам ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасига иқрор бўлмаган.

Яқинларининг айтишича, Ўктам Пардаев маҳкама жараёнининг бошланишига қарши эканини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг укаси Шароф Пардаевнинг Озодликка маълум қилишича, фаол ўз яқинларининг суднинг бошланиши борасида бор-йўғи бир неча соат аввал хабардор этилганига норозилик билдирган.

- Биз судда қатнашишдан бош тортдик. Адвокат "киринглар", деб чақираяпти. Суднинг айтишича, яқинлари бўлмаса, суд бошланмас экан. Биз суднинг бошланиши ҳақида бугун тушликдан кейин 15:30да эшитдик. Келдик. Лекин, бизни кеч хабардор этганлари учун акам суднинг бошланишига қарши чиқаётган экан,- деди Шароф Пардаев.

Ўктам Пардаевга очилган жиноят ишини кузатаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг фикрича, бу айбловлар мантиқсиз бўлиб, улар ҳуқуқ ҳимоячисининг фаолиятига чек қўйиш учун тўқиб чиқарилган:

- Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олиниши ва унга жиноят иш очилиши Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот тизими мутлақ зўровонлиги намойишидир. Иш анча хашаки уйдирилган. Милиция муттасил фирибгарлик ва майда шантаж билан шуғулланиб келган аёлни ҳибсга олади. У одамлардан пул олиб, уларнинг турли муаммоларини ҳал қилиш ваъдасини бериб келган. Пул таъмагирлиги 2012 йили юз берган. Шўрлик Ўктам эса бу хотин билан 2014 йилда танишган. Бу аёл ҳибсга олингач, милиция билан келишиб, фирибгарлигини Ўктамга илишига ишончи комил бўлган. Айни пайтда, у алдаган бирор шахс Ўктамни танимаслигини, улар пулини шахсан аёлнинг қўлига беришганини тергов давомида айтган, дейди Умида Ниёзова.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаган Ўктам Пардаев ўтган йилнинг 16 ноябрида ҳибсга олинган эди.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўктам Пардаевга қўйилаётган айбловлар тўқима эканлигини, унинг ҳибсга олиниши бевосита фаолияти билан боғлиқлигини айтиб келмоқда.

Ўктам Пардаев Ўзбекистонда қолган ва тазйиқларга қарамай фаолиятини давом эттириб келган оз сонли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидандир.

У Жиззах вилоятида порахўрликни фош қилган ва пахта далаларидаги болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнати бўйича кузатув олиб борган.

Қамоққа олинишидан аввалроқ Пардаев маҳаллий расмийларнинг ўзига чиқиш визаси бермаганига эътирозан судга шикоят қилган ва ОВИР билан судлашаётган эди.

Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматидан Ўктам Пардаевни зудлик билан ҳибсдан озод этиш ҳақида 27 ноябрь куни баёнот эълон қилган эди.

Пардаевнинг яқинлари ва ҳамкасблари суднинг адолатли бўлишига ишонмасликларини айтишади.

Озодлик суд жараёнини кузатиб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG