Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:09

Бишкек Астана билан иттифоққа киргач, ўзаро савдо 2 баробарга қисқарди


Қирғизистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқининг тўлақонли аъзоси, деб эълон қилинганига 12 январь куни роппа-роса 5 ой тўлди.

2015 нинг 12 августида қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Ақжўл” чегара-ўтказиш масканида Қирғизистоннинг мазкур иттифоққа киришига бағишланган тантанали маросим ўтказилган, тадбирда ҳар икки давлат раҳбарлари қатнашган эди.

5 ой – қисқа муддат, лекин дастлабки натижалар Россия етовидаги Иттифоқнинг янги аъзоси учун ташвишлидир.

Бишкек Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ)га киргач, Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш кўлами икка баробарга қисқариб кетди.

Қирғиз республикаси Бож хизмати маълумотларига кўра, Қирғизистоннинг яна бир иттифоқдоши - Россия билан савдо-иқтисодий алоқалари ҳам сусайиб кетган.

2014 йили, яъни ҳали ЕОИИга аъзо бўлмай туриб, Қирғизистон Қозоғистонга умумий қиймати 340 млн. доллардан зиёд товар экспорт қилган бўлса, Иттифоққа аъзо бўлган 2015 йилда 150 млн. доллар миқдорида товар сотган холос.

Икки иттифоқдош ўртасида 2015 йилги савдонинг умумий қиймати 472 млн. долларни тузган ва бу кўрсаткич Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлиши арафасидаги сўнгги йил – 2014 йилги кўрсаткичдан икки баробарга оздир.

Бу маълумотни Озодлик радиоси қирғиз хизмати Қирғиз республикаси Бож хизмати Ахборот бўлими ходими Жаманак Нусуркановдан олди.

Нусурканов янги иттифоқдошлар ўртасидаги бу кўринишни “АҚШ долларининг қадри кўтарилиб кетгани ва жаҳондаги иқтисодий бўҳрон” билан изоҳлаган. Унинг айтишича, ЕОИИга аъзо барча мамлакатларда аҳвол шундайдир.

Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлиши ортидан Хитой товарларини реэкспорт қилиш имконидан маҳрум бўла бошлади. Хитой молларини бевосита олиб-сотадиган “Дордой”, Қорасув, “Мадина” бозорлари товарлари қимматлаб кетди ва оқибатда қўшни мамлакатлардан келадиган харидор қочди.

Эндиликда Хитой товарлари реэкспорти билан Қирғизистон ўрнига Қозоғистон фойдаланаётганини Қирғизистон иқтисодиёт вазири Арзибек Кожошев ҳам тан олди. Кожошевнинг айтишича, реэкспортнинг Қозоғистонга ўтиб кетиши бу мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига қабул қилиниши билан боғлиқ.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига ўтган йили аъзо бўлган бўлса, Қирғизистон бу ташкилотга 1998 йилдан буён аъзодир. Бас, шундай экан, нима учун реэкспорт эски аъзодан янги аъзога штиб кетади?

Иқтисодиёт вазири бу масалага тўхталмаган.

Қирғизистоннинг ЕОИИга кириши масаласи республика жамоатчилиги орасида жуда узоқ муҳокама қилинган. Иттифоққа аъзо бўлиш тарафдори бўлган мамлакат раҳбарияти бу қадам муваффақият келтиражагини, Иттифоққа киргандан сўнг Россия ва Қозоғистон билан савдо ҳажми кескин ортажагини ваъда қилган эди. Амалда эса, мутлақо акси бўлиб чиққанини вақт кўрсатиб турибди.

Қирғизистон парламенти экс-депутати Равшан Жээнбековнинг фикрича, Қирғизистоннинг Россия ва Қозоғистон билан савдосига оид аввалги рақамлар пропагандистик мақсадларга хизмат қилдирилган ёлғон статистика эди.

- Ҳукумат Қирғизистонни ЕОИИга аъзо қилиш учун сохта статистикани кўрсатиб келган. Мақсад, Россия билан алоқаларимиз тиғиз деган гапни халқнинг шуурига сингдириб, алдаб, нима қилиб бўлса-да, мамлакатни ўша Иттифоққа киритиш бўлган. Аслида, савдомизнинг 60-70%и Хитой билан. Бугунга келиб Россия ва Қозоғистон билан савдонинг реал аҳволи билиниб қолди, деган экс депутат.

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқини тузиш ҳақидаги шартнома 2014 йилнинг 29 майида Россия, Қозоғистон ва Беларусь ўртасида имзоланган ва мазкур ҳужжат 2015 йилнинг 1 январида кучга кирган.

Қирғизистоннинг Иттифоққа қўшилиши тўғрисидаги ҳужжатга 2014 йилнинг 23 декабрида Москвада қўл қўйилган ва 2015 йилнинг 12 августидан бошлаб Қирғизистон ЕОИИнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

2015 йилнинг 2 январидан бошлаб Арманистон ҳам ЕОИИ аъзисидир.

ЕОИИ тўғрисидаги Шартномага мувофиқ иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланади, иқтисодиёт соҳасида келишилган ёки ягона сиёсат юритилади.

Баъзи таҳлилчилар ушбу лойиҳа ортида Москванинг иқтисодий манфаатлари эмас¸ балки сиёсий мақсадлари яширинган¸ деган фикрни билдириб келади.

Ўзбекистон Россия етакчилигидаги интеграциялашув лойиҳаларини танқид қилиб келади.

2014 йилнинг июнида президент Каримов Россия етакчилигида тузилган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи унга аъзо давлатлар суверенитетига таҳдиддир, деб баёнот берган.

XS
SM
MD
LG