Линклар

logo-print

Фарғонанинг Данғарасида ўтказиш режалаштирилган улоқ милиция томонидан тақиқланди


Тошкент вилоятининг Паркент туманида 2015 йилда бўлиб ўтган улоқ.

Тошкент вилоятининг Паркент туманида 2015 йилда бўлиб ўтган улоқ.

Фарғона вилояти Данғара туманидаги Яшик қишлоғи аҳолисининг якшанба куни ўтказмоқчи бўлган улоқ-кўпкари ўйини милиция ходимлари томонидан тақиқлаб қўйилди. Қишлоқ аҳолиси ўзаро пул йиғиб, улоқ учун совринлар олган, атрофдаги чавандозларга бу ҳақда хабар ҳам берилган эди. Аммо шанба куни кечқурун улоқ ташкилотчилари ва маҳалла оқсоқоли ички ишлар бўлимига олиб борилиб, сўроқ қилинган.

Данғара туманининг Яшик қишлоғида 10 январь куни ўтказилиши режаланган улоқ-кўпкари ўйини бекор қилинди.

Бир ҳафта олдин қишлоқ даласида улоқ бўлиши ҳақида чор-атрофга хабар берилган, чавандозлар отларини бу ўйинга ҳозирлаган эди.

Аммо, Яшик қишлоғи фаолларидан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, шанба куни кечқурун участка нозири улоқ ташкилотчилари ва маҳалла оқсоқолини Данғара тумани ички ишлар бўлимига олиб борган ва улар сўроқ қилинган:

“Жуда қаттиқ савол-жавоб бўлган. “Кўпкари ўтказишга ким сизларга рухсат берди, нега бунча одамни бир жойга йиғмоқчи бўляпсизлар”, деган саволлар бўлган. Вакилларимиз “ахир бу томоша бўлса, халқимизнинг қадимий ўйинларидан бири бўлса, шунга ҳам рухсат сўраш керакми”, дейишса улар қўполлик қилишган. Кейин улардан “ҳеч қандай кўпкари ўтказмаймиз” деб тилхат олишиб жавоб берган, деди маҳалла фаоли.

Суҳбатдошга кўра, Яшик қишлоғи аҳолисидан ва тадбиркорлардан ихтиёрий йиғилган пулга сотиб олинган совринлар қолиб кетган:

“Ташкилотчилар улоқ учун иккита эчкини сўйиб, сувга пишиб қўйишганди. Совринга қўй, гилам ва бошқа ҳар хил совғалар сотиб олинган эди. Улар ҳам шундай қолди”, деди маҳалла фаоли.

Исми сир қолишини сўраган чавандозлардан бирининг айтишича, расмийлар тумонат одамларнинг бир жойга йиғилишидан қўрқиб, улоққа рухсат бермаган:

“Ҳозир вазият анча жиддий бўлиб қолдику. Шу кунларда одамларнинг аксарияти газ ва свет йўқлигидан норози. Шунинг учун одам кўп йиғилган жойда тўполон чиқмасин деган мақсадда рухсат беришмаяпти. Қачон рухсат берасизлар деб сўрасак, умуман рухсат йўқ, дейишяпти. Шу улоқ ўйинини қадрлайдиган, от спортини севадиган одамларнинг ташаббуси билан оз-моз улоқлар ўтказилиб турарди. Халқ шундай ўйинларимиз йўқолиб кетмаслиги учун ўз ёнларидан пул йиғиб беряпти. Лекин ҳукумат бундай қадриятларни сақлаб қолиш ўрнига, унинг илдизига болта уряпти”, деди чавандозлардан бири.

Данғара тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими улоқ ўйини бекор қилинганини тасдиқлади:

“Булар аввал вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, рухсат олишлари керак эди. Вилоят кейин бизга топшириқ берарди ва биз улоқ ўтказиладиган жойда жамоат тартибини сақлаб берардик. Шунинг учун бу улоқ бекор қилинди”, деди ички ишлар мулозими.

Данғаралик чавандозларнинг айтишларича, улоқ энди ўткизалдими, ўтказилса, қачон ўтказилиши номаълум қолмоқда:

"Сўйилган эчкилар ҳам увол бўлди, шунча совринларни нима қиламиз энди. Ҳамманинг боши қотган. Расмийлар эса икки оёғини бир этикка тиқиб олиб йўқ дейишяпти", деди чавандозлардан бири.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG