Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:22

Прокурорлар бюджет маблағларини ўмарган мулозимларни фош қилди


Прокуратура бутун Ўзбекистон бўйлаб бюджет маблағларининг сарфланишини тафтиш қилди. Текширув якунларига кўра, деярли барча вилоятларда давлат мулозимларининг бюджет маблағларини ноқонуний сарфлагани аниқланган. Жумладан, Бухоро вилоятида элликка яқин мулозим ишдан олинган, Самарқандда эса қонунбузарликка йўл қўйган мулозимларга қарши жами 125та жиноий иш қўзғатилган.​

Ўзбекистон Бош прокуратураси назоратида ўтган тафтишлар натижасида биргина Бухоро вилоятида 2015 йил давомида 20та давлат ташкилотининг раҳбари ишдан бўшатилиб, 26та коллеж директори ўзгартирилди.

Бухоро вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, аксар мулозимлар бюджетдан маблағини талон-торож этганликда айбланган.

Жумладан, 11 нафар мулозим ўз лавозимини эплай олмагани важидан ишдан ҳайдалган. 26та коллежнинг директори ҳам ўз вазифасини қониқарли бажармагани боис ишдан олинган.

Бухоро вилояти ҳокими Муҳиддин Эсонов халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида мулозимларнинг бу каби қонунга зид ҳаракатларини танқид қилиб, айниқса, вилоят коллежларидаги ўқув жараёнига раҳбарларнинг совуққонлик билан ёндашаётгани ҳолатларини қоралаган.

Прокуратура ходимларининг Самарқандда ўтказган текширувлари натижасида ҳам давлат мулозимларининг бир қатор ноқонуний фаолияти аниқланган.

Тафтиш натижасига кўра, Самарқандда мулозимлар томонидан ўтган бир йил давомида бюджетдан 19 миллиард сўмлик маблағ қонунга хилоф тарзда ўмарилгани фош этилган.

Самарқанддаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, бюджет маблағларининг ўғирланиши, кам таъминланган ва ёш болали оилаларга ажратилган ижтимоий тўловлар ва пенсия пулларининг ўмарилиши каби ҳолатлар аниқланиб, жами 125та жиноят иш қўзғатилган.

Жумладан, 2,2 миллирад сўмни ўзлаштирган бир қанча мулозимнинг иши яқин кунларда маҳкамага оширилиши кутилаяпти.

Кейинги йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб ойлик маошларининг ўз вақтида берилмаслиги, бир неча ойлаб кечикиши кузатилаяпти.

Илк бор Самарқандда ушбу ҳолатга масъуллар жавобгарликка тортилгани айтилаяпти. Маош пулларини ўз вақтидан бермаслик ҳолатлари бўйича бир неча мулозим вазифасидан четлатилган ва уларга қарши иш қўзғатилган.

Озодликка уларнинг қайси ташкилот раҳбарлари экани маълум эмас. Ушбу мулозимларга қарши ойлик пулларини қўшиб ёзиш айблови ҳам қўйилгани айтилаяпти.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, прокуратура тафтишчилари Каттақўрғондаги 89-сонли мактабда 31,1 миллион сўмлик, Пастдарғам агросаноат коллежида эса 69,1 миллион сўмлик бюджет маблағи ўғирланганини аниқлаган. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга ёрдам пули сифатида ажратилган бюджет маблағидан 465,9 миллион сўм, Челак туманида эса пенсия учун ажратилган 662 миллион сўм ўғирлангани аниқланган.

Прокуратура ходимларининг бошқа вилоятлар бўйича ўтказган тафтишлари натижаси Озодликка маълум эмас.

Озодликка сиздирилган Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосарининг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган ҳисоботида мамлакат иқтисодида вужудга келган нақд пул тақчиллиги боис банкларнинг ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани тўғрисида огоҳлантирилган эди.

XS
SM
MD
LG