Линклар

Ўзбек сўми бир ҳафтада долларга нисбатан 15 фоизга қадрсизланди


Кузатувчилар келаси ойларда Ўзбекистон қора бозорида АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати яна ошишини тахмин қилишмоқда.

Кузатувчилар келаси ойларда Ўзбекистон қора бозорида АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати яна ошишини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистон қора бозорида сўнгги бир ҳафта ичида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 15 фоизга қадрсизланди. Йил бошида қиймати 5300 сўм бўлган доллар шу кунларда 6100 сўмдан ошиб кетгани айтилмоқда. Ўзбекистон қора бозорида доллар курсининг сўмга нисбатан ошиши нефт нархларининг кескин пасайиши ҳамда рус рублининг қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.​ Дунё бозорида нефт нархи яна тушадиган бўлса бу хол Ўзбекистонда ҳам сўмнинг долларга нисбатан қурби тушишига олиб келади, демоқда таҳлилчилар.

Ўзбекистонда хорижий валюталарнинг миллий сўмга нисбатан реал қийматини белгиловчи "қора бозор"да 12 январь куни 1 АҚШ долларининг курси 6100 сўмдан ошиб кетди.​

- Ҳозир олиш 6100, сотиш 6200 сўм бўляпти, - дейди Тошкентнинг Чорсу бозоридаги савдогарлардан бири.

Кузатувчилар келаси ойларда Ўзбекистон қора бозорида АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати яна ошишини башорат қилишмоқда.

Дунё бозорида нефт нархи яна тушадиган бўлса бу хол билвосита Ўзбекистонда сўмнинг қурби тушишига олиб келади, дейди қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

- Буни ҳаммаси нефтга боғлиқ бўляпти. Чунки, Ўзбекистон иқтисоди Россия рублига, Россия рубли нефт нархларига боғлиқ. Шунинг учун, нефтни тушиши, рублни тушишига, рублни тушиши эса ўз навбатида ўзбек сўмини тушишига сабаб бўляпти, - дейди Жубаев.

12 Январь куни Brent нефти 2,5 фоизга арзонлади. Шу куни 1 баррел Brent нефти 32 долларни ташкил этди. Буни оқибатида Россия рублининг қурби кескин пасайиб кетди. Ҳозирда Россияда бир АҚШ долларининг курси 77 рублдан ошиб кетган.

– Россиядаги меҳнат мухожирлари Ўзбекистонга маблағларни асосан АҚШ долларида жўнатади. Россияда рубль қадрсизланар экан ўз ўзидан меҳнат мухожирлари юбораётган пул ҳажми ҳам камяди. Бу эса Ўзбекистон валюта бозорида тақчилликни юзага келтириб, долларга талабни оширади, - дейди қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Сўнгги йилларда Россиядан меҳнат муҳожирлари юборган пул-маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолган омил сифатида кўрилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2014 йилда биргина Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга камида 2 миллиард АҚШ доллари жўнатган.

Ўтган йили эса бу рақам икки баравар кам, яъни 1 миллиард долларни ташкил этган.

Сапарбой Жубаевга кўра, агар Россиядаги иқтисодий вазият ўнгланмаса, Ўзбекистон "қора бозори"да доллар нархи кўтарилишда давом этади.

Айни пайтда Ўзбекистонда АҚШ долларининг ҳукумат белгилаган курсида ўзгариш йўқ.

12 январь куни Марказий банк томонидан белгиланган расмий курс 2821 сўм 43 тийинни ташкил этди.

Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистонга қўшни давлатларда ҳам АҚШ долларининг курси кескин ошди.

Қозоғистонда бир АҚШ долларининг қиймати 314 тангадан 367 танггага, Қирғизистонда 70 сўмдан 76 сўмга, Тожикистонда 6 сомондан 7.5 сомонга, Туркманистонда 3.5 манатдан 4.2 манатга, Россияда 70 рублдан 77 рублга кўтарилди.

XS
SM
MD
LG