Линклар

Белгородда беморни уриб ўлдирган врач "ўзбек" бўлиб чиқди


Доктор Илёс Зелендинов зарбаси

Доктор Илёс Зелендинов зарбаси

12 январда Россиянинг Белгород шаҳрида беморни уриб ўлдирган жарроҳ Илья Зелендинов суд қарори билан февраль охиригача ҳибсга олинди. Хирургнинг асли тошкентлик экани экани маълум бўлгач, Интернет тармоқларида миллатчилик кайфиятидаги шарҳлар кўпайиб бормоқда.

Шифокор беморни нокаутга жўнатди...

Белгород шаҳридаги 2- шифохонага дўхтирга кўриниш учун келган 57 ёшли беморни бир мушт уриб ўлдирган хирург тўғрисидаги видеотасвир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида шов-шувга сабаб бўлди.

2015 йилнинг 29 декабрида содир бўлган воқеа видеоси Youtube порталида 8 январь куни пайдо бўлди ва дарҳол журналистлар ва ҳуқуқ тартибот идоралари қизиқишини ўзига тортди. Ошқозонидан қон келаётганига арз қилиб шифохонага келган Евгений Вахтинни уриб ағдарган шифокорга нисбатан жиноий иш ҳам айнан шу видеотасвир Интернетда пайдо бўлганидан кейин қўзғатилди. Кейинроқ, 12 январь куни Белгород шаҳар Октябрский туман суди бу ҳодисада айбланаётган шу шифохона хирурги Илья Зелендиновни февраль охиригача ҳибсга олди.

Озодлик олган маълумотларга биноан, бу жиноятда гумонланаётган шифокор асли тошкентлик 1983 йилда туғилган Илёс Зелендинов экан. Белгородга опа-укалари билан кўчиб келган Илёс 2007 йилда Белгород давлат университетининг тиббиёт факультетини битирган, 2-сонли шаҳар шифохонасининг Жарроҳлик бўлимида 2 даражали хирург вазифасида ишлаб келган. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирда унинг ота-онаси Тошкентда истиқомат қилмоқда.

- Тиббий ҳамшира ошқозонини юваётганида Вахтин томонидан дўппосланганини айтди. Бошқа томондан унинг дўсти менга ташланди ва жабрланувчи менга қараб юрганда мен хатар остида қолганимдек туюлди. Мен унинг бошига туртдим, холос. Мен ўз қилмишимдан қаттиқ афсусдаман ва жабрланувчининг яқинларию қариндошларига ўз таъзиямни билдираман. Менинг айбим билан бир одамнинг жони узилди. Шу сабабли бунинг эвазига қариндошларига ўзимнинг ҳаётимни топшираман, ихтиёр сизда. Фақат ўтинаман: мени қотилга чиқарманг, деди судда сўзга чиққан 32 ёшли дўхтир Зелендинов.

Ҳодиса тўғрисида кўтарилган шов-шув ортидан Илёс ишдан “ўз хоҳишига биноан бўшатилгани” маълум қилинди.

Аввалига маҳаллий терговчилар жарроҳни РФ Жиноят Кодексининг 109 моддаси 1 қисми (эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) асосида жавобгарликка тортди, бироқ жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарган бу ҳодиса шахсан Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин назоратига олинганидан кейин Зелендинов “қасддан одам ўлдириш” моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

"Олий тиббий маълумотга ва врач сифатида малакага эга бўлган Зелендинов жабрланувчи соғлигига бундай оғир жароҳатларни етказаётгани ва бошига зарбаларни бераётганида бу нима билан тугаши мумкинлигини англаб турган, аммо эътиборсизлик қилган, деди шифокорни “қаршилик кўрсатмаган одамни уриб ўлдирганликда” айблаган Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин.

Интернетда дув-дув гап...

Ижтимоий тармоқларда Илёс Зелендинов “врач-боксёр” номи билан танилди.

Унинг ҳайдовчи Евгений Вахтинни ўриб йиқитаётгани тасвирланган видео Россияда сўнгги кунларда катта муҳокама ва мунозараларни кўтарган мавзуга айланди.

Айримлар врач “Тўғри қилди!” деса, бошқалар “Шифокор – қотил!” деётир.

Евгений Вахтиннинг яқинлари мурда 2 январгача уларга кўрсатилмагани, кейин эса ўлдирилган ҳайдовчининг бурни “зарбадан ёрилиб кетгани” тўғрисида маълум қилгани айтилди.

Видеотасвирда касалхонанинг қабулхонасида шифокор аёл кўригидан ўтаётган Евгений Вахтин байрам кунлари 16 кунча тинмасдан ароқ ичгани оқибатида ошқозони оғриб, қон қусишни бошлаганини гапириб бераётганини кўриш мумкин.

Шу пайт, хонага кириб келган бақувват Илёс орқасидан келган ёш шифокор аёлга “Шунисими? Сенми менинг синглимга теккан? Бу ёққа келчи!”, деб ярим яланғоч Вахтинни ичкари хонага судраб олиб киради. Унга ёрдамга ташланган жабрланувчининг дўсти Александр Авиловни шифокор бурчакка қисиб, дўппослайди. Шу пайт ичкари хонадан чиқиб қолган Евгений Вахтин бошига Илёснинг қаттиқ мушти тушади ва у қулаб, бошқа ўрнидан турмайди. Бироздан кейин, Илёснинг ўзи калтак еганни тирилтиришга беҳуда уриниб кўради.

Терговчилар хонадан реанимацияга олиб кетилган Вахтинни шифокорлар “ўзи бош мияси жароҳати билан келган” сифатида расмийлаштиришга уриниб кўргани, айнан шу 29 декабр куни шифохонада Янги йил базми бўлгани ва Илёс Зелендинов "аллақачон маст ҳолатда бўлгани"ни билдиришди.

Жабрланувчи Вахтинни шифохонага олиб келган Александр Авилов дўсти жуда босиқ одам бўлгани, ошқозонини текшириш пайтида беҳосдан оёғи Алинага тегиб кетгани ва ундан кечирим сўраганини билдирмоқда.

Ҳимоячилар Илёснинг ўз айбига иқрор бўлгани ва афсусланаётгани, Вахтиннинг жанозаси ва дафн этилиши билан боғлиқ барча ҳаражатларни қоплаганини инобатга олиб, суд унга икки йилча қамоқ жазоси тайинлаши мумкинлигини гапираётган бўлсада, терговчилар врачнинг моддаси оғирлаштирилганидан кейин у 15 йилгача қамоққа ташланиши мумкинлигини билдирди.

Шу билан бирга, Зелендинов тарафини олаётганлар сони ҳам ошмоқда: Интернетда унинг ҳимоясига ҳатто #ОнНеУбийца ва #ИльяСтобойКоллеги хэштеглари остида имзо йиғиш бошлангани маълум бўлди. Интернет фойдаланувчилар Илёснинг синган бурни ва гавдасидан ҳамда видеодаги икки кишини осонлик билан дўппослаб ташлаганидан уни “профессионал боксёр” эканига ишонч ҳосил қилди.

Айримлар Вахтинга қўли билан кўрсатган Алина К. Илёснинг синглиси эканини гапирса, бошқалар бу аёл айбланувчи билан ишқий алоқада бўлганини гапирмоқда.

Бу воқеа Россияда Украина ва Сурия ҳодисалари ортидан бироз тинчиб қолган миллатчиларга янги баҳона яратиб берди. “Шифокор-ўзбек беморни уриб ўлдирди!”, “Врач” – ўзбек Зелендинов вахшийларча одам ўлдирди!”, “Маст ҳолатда бўлган шифокор ўзбек қахрамонни ўлдирди!”, “Дипломни кўчада сотиб олган ўзбек беморни нокаут қилди”, “Белгородда шифокор бўлиб ишлаган мигрант-ўзбек пациентини уриб ўлдирди”, “Чурка-врач СССР Қаҳрамонини ўлдирди” каби минглаб мақолалар пайдо бўлмоқда. Миллатчилар сайтларида “мигрант-қотилларни ҳаммасини ташқарига қувиш” таклифлари яна янграб қолди.

Озодлик Белгород вилоят Ички ишлар бошқармасига Илёс Зелетдинов тўғрисида қилган сўровномасига, идоранинг ўзини Алексей Голишкин деб таништирган бўлим бошлиғи бундай жавоб берди:

- Мумкин у Тошкентда туғилгандир. Лекин Россия фуқароси, ахир ҳар жойда туғилгани билан у фуқароликни олган бўлиши мумкинку, деди Илёснинг Ўзбекистон фуқароси эмаслигини тасдиқлаган полиция бошқармаси расмийси.

Ҳозирча Евгений Вахтиннинг “Афғонистоннинг Қундузида жанг қилгани” ва “қахрамон-танкчи” экани ўз тасдиғини топгани йўқ.

Бу ҳодиса Россия парламенти эътиборига ҳам тушди. Думанинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари муовини Олег Куликов Белгороддаги беморнинг уриб ўлдирилишини “тиббиёт ходимларининг маоши камлигидан оғир руҳий ҳолати” билан изоҳлашга уринди.

Белгород шаҳар 2-сонли шифохонаси бош шифокори ишдан бўшатилди, муассаса эса қатор назорат идоралари текшируви остига олинди.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG