Линклар

logo-print

Туркия бош вазири Аҳмет Довутўғли Истанбул шаҳри тарихий марказидаги портлаш “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари томонидан амалга оширилганини билдирди.

Пойтахт Анқарада журналистлар олдида чиқиш қилган Довутўғли сешанба кунги портлашда нобуд бўлган 12 кишининг барчаси хорижлик бўлгани, уларнинг аксарияти германиялик эканини маълум қилди.

Кейинроқ Туркия бош вазирининг ўринбосари Нўъмон Қуртулмуш Истанбулнинг Султонаҳмад мавзеида содир этилган террор хуружини уюштирган худкуш 1988 йилда туғилган суриялик йигит бўлганини билдирди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса телевидение орқали чиқишида турк расмийлари бу террор хуружини кескин қоралашини таъкидлади.

12 январь куни содир этилган портлашда асосан хорижликлардан иборат яна 15 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Портлаш содир этилмиш Султонаҳмад мавзеи Истанбулнинг хорижлик сайёҳлар энг гавжум бўлган жойларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу мавзеда Султон Аҳмад жомеи, Аё София ибодатхонаси, Тўпқапи саройи ва бошқа тарихий обидалар жойлашган.

XS
SM
MD
LG