Линклар

logo-print

Россияда “Йил банкири” мукофоти билан Путинга яқин шахснинг ўғли тақдирланди


Россельхозбанк директори Дмитрий Патрушев

Россельхозбанк директори Дмитрий Патрушев

Россия президенти Владимир Путиннинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг ўғли унинг бошқарувидаги давлат банки ачинарли натижаларни кўрсатган бўлса-да, “Йил банкири” мужофотини олди.

Ушбу мокофот Россия банклари бирлашмаси томонидан берилади. Бу йилги мукофот Россельхозбанкнинг (Россия аграр банки ёки РусАг деб ҳам номланади) 38 ёшли директори Дмитрий Патрушевга оғир иқтисодий вазиятда бериладиган кредит қийматини оширгани учун берилди. Россия иқтисоди қулаётган рубль, тушиб кетган нефть нархлари ҳамда Ғарб мамлакатлари жорий қилган санкциялар сабаб иқтисодий таназзулга учраган.

Россельхозбанкни Путин 2000 йил Россия қишлоқ хўжалигида иш олиб борувчи ширкатларни молиялаштириш мақсадида тузган. 2015 йили банк мисли кўрилмаган йўқотишларни қайд этди.

Патрушевнинг отаси Николай Патрушев Россия хавфсизлик қўмитасига етакчилик қилади. Патрушев-ота Украина юзасидан Ғарб билан Россия ўртасида келиб чиққан тўқнашувнинг муҳим идеологларидан бири ўлароқ кўрилади. У Путиннинг илк икки президентлик муддати давомида (1998-2008) Россия хавфсизлик хизматига (ФСБ) директорлик қилган.

Россельхозбанк эълон қилган билдирувда мукофотни тақдим этган ҳакамлар ҳайьати Патрушевни унинг етакчилигидаги банк “Россия иқтисодини ривожлантиришга, айниқса, Россия қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси” учун олқишлагани айтилади.

Билдирувда яна “Макроиқтисодий қийинчиликлар ҳамда банкга қарши АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар томонидан жорий қилинган санкцияларга қарамасдан, 2015 йилда РусАг қишлоқ хўжалиги бизнесига берилалдиган молиявий ёрдамни анча оширди, банкнинг қарз бериш портфели эса бозордаги ўртача кўрсаткичдан юқори бўлди”, дейилади.

Москва Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олганидан бери Россияга халқаро ҳамжамият тазйиқ ўтказиб келади. Россия ҳукуматининг бунга қарши жавобида импортни алмаштириш муҳим ўрин тутади. Кремль томонидан импортга қўйилган тўсиқлар яратган бўшлиқни маҳаллий ширкатлар тўлдиришида Россия молиявий институтлари муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.

Россельхозбанк 2015 йил натижалари бўйича эълон қилган илк ҳисоботида “тизим бўйлаб 12 фоиз қисқариш кузатилган бир пайтда банк қарз беришни 25 фоизга оширгани” айтилади.

Moody’s ва Fitch Ratings каби рейтинг берувчи ғарбий агентликлар рўйхатларида Россельхозбанк “чайқовчи” даражаси берилган инситутлар гуруҳига киритилган.

Мукофот билдируви 23 декабрь куни эълон қилинган бўлса-да, бу ҳодиса Россия давлат матбуоти эътиборига энди тушди.

Россия банклари бирлашмаси Патрушевга берган юқори баҳога қарамасдан, Росбалт каби маҳаллий матбуот унинг етакчилигидаги банк 2015 йилнинг илк уч чорагида рекорд 67,9 миллиард рубль (ҳозирги ҳисобда 901 миллион доллар) зарар кўрганини айтди.

Россельхозбанк АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи 2014 йилнинг июлида жорий қилган иқтисодий санкциялар мўлжалга олган инситутларнинг биридир. Ғарб бу санкцияларни Москвани Қримни қўшиб олгани ва шарқий Украинада қуролли айирмачиларни қўллаётгани учун жазолаш мақсадида жорий қилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари Россельхозбанк ва бошқа бир неча йирик Россия банкига кредит беришни ман қилади.

Бош вазир Дмитрий Медведев 2015 йилнинг мартида ҳукумат Россельхозбанкка 10 миллиард рубль (ўша пайтда тахминан 177 миллион долларга тенг бўлган) беришини эълон қилди. Медведев бу чора халқаро капитал бозоридан тўлиқ фойдалана олмаётган институрларга ёрдам бериш режасининг бир бўлаги эканлигини айтди.

Дмитрий Патрушев 33 ёшида, 2010 йилнинг майида Россельхозбанк директори этиб тайинланган.

XS
SM
MD
LG