Линклар

logo-print

Билл Клинтон 2000 йилдаёқ Путиннинг демократиядан чекинажагини башорат қилган


АҚШ президенти Билл Клинтон эндигина Россия президенти этиб сайланган Владимир Путинни “оқил ва хушмуомала” деб таърифлаган, Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни “итвачча” деб атаган, Британия бош вазири Тони Блэрга Вашингтон Югославия президенти Слободан Милошевични ўлдирмаслигини айтган.

Клинтоннинг бошқа давлат бошлиқлари ҳақидаги шахсий фикрлари 7 январь куни Британия парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси Блэр собиқ АҚШ президенти билан 1997-2000 йилларда телефон орқали қилган суҳбатларининг тахминан 500 саҳифадан иборат транскриптини эълон қилганидан кейин ошкор бўлди.

2000 йилда, яъни Путин президентлигининг илк йилида Клинтон Блэр билан қилган суҳбатида Россия президенти “улкан имкониятларга эга” эканлигини айтган.

“У билан жуда кўп яхши ишларни қилсак бўлади, деб ўйлайман”, деган Клинтон. Лекин бошқа бир суҳбатда АҚШ президенти Блэрга Путиннинг “демократия бўйича сиёсати сустлашиши мумкин” эканлигини айтган.

Яна бир суҳбатда Клинтон Блэрдан Путин билан учрашув қандай ўтгани ҳақида сўраган.

“Яхши, жуда қизиқарли бўлди”, деб жавоб берган Блэр. “У ўзи дуч келган муаммоларни бошқалар тушунмайди, деб ўйлайди. Менда яхши таассурот қолдиришга роса уринди. Менимча, Американи ҳамкор ўлароқ кўришни хоҳлайди”.

Клинтон Блэр фикрига қўшилган, лекин келаётган президент сайловида бош вазир ҳамда Демократлар партиясидан номзод Эл Гор Буш устидан ғалаба қозонса, АҚШ-Россия алоқалари яхшироқ ривожланади, деган фикрда эканлигини айтган.

“У сайловда ким ютишига қараб [АҚШ билан ҳамкорлик қилишни] истайди, деб ўйлайман. Бу ишга тушиши учун узоқ вақт керак бўлиши мумкин, лекин у билан қанча кўп вақт ўтказсангиз, шунча яхши”, деган Клинтон.

Кейинроқ Клитон Блэрга: “Табиийки, агар Буш ғалаба қозонса, мен Путин билан эришган ютуқларни чиппакка чиқаришлари мумкин”, деган.

Яна бир суҳбатда Клинтон: “Путин россияликлар учун қобилиятли, иштиёқли одам, деб ўйлайман. Умуман олганда, унинг ниятлари шарафли ва тўғри. Шунчаки у ҳали бир қарорга келгани йўқ”, деган.

Келажакни башорат қилган ҳолда: “Унинг демократия бўйича сиёсати сустлашиши мумкин,” дея қўшимча қилган Клинтон.

Транскриптларда бу суҳбат айнан қачон қилингани очиқланмаган.

Борис Ельцин 1999 йилнинг 31 декабрида президентликдан тушиб, Путинни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган. 2000 йилнинг мартида расмий равишда президент этиб сайланган Путин тезкорлик билан матбуот ва Россиядаги ҳудудий етакчиларни ўз бошқарувига олган, сиёсий рақиблар, инсон ҳуқуқлари фаолари ҳамда Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари нодемократик дея баҳолаган чораларни кўра бошлаган.

Клинтон Блэр билан қилган суҳбатларининг бирида Германияга қилинадиган ташриф давомида “Россияга югуриб боришга вақт бўлиши мумкин. Чеченистон муаммосини ҳал қилиш учун”, деган. Бу билан АҚШ президенти Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин Россия ҳукумати ҳамда Чеченистондаги айирмачилар ўртасида бўлиб ўтган иккинчи урушни назарда тутган.

Косово уруши

Клинтон ва Блэр Москванинг ташқи ишлар сиёсатига доир хавотирлар ҳақида кўп суҳбатлашган.

Клинтон Британия бош вазири билан 1998 йилнинг 27 августида қилган суҳбати давомида Россия бош вазири Виктор Черномирдин Ғарб Югославияда ҳарбий амалиёт бошлаш ҳақида ўйлаётган бир пайтда Россия Косоводаги урушда қатнашишини хоҳлаётганини айтган.

“Черномирдин бирор нима қилишга аниқ қарор қилганини биламан, лекин буни бажара оладими, йўқми, билмайман. Дипломатик ечимда роль ўйнашга ва ҳарбийлари билан аралашишга жуда ишқибоз улар”, деган Клинтон. “[Югославиянинг Косоводаги агрессиясини тугатиш учун] ҳарбий амалиёт қарорига келадиган бўлсак, бу Россия билан алоқамизни бузса, Россияни нима қиламиз?”

1999 йилда НАТО томонидан Югославиянинг бомбардимон қилинишини Путин ва Россиянинг бошқа расмийлари қоралаб келади. НАТО ҳужумлари Милошевични жиловлаган ва Косово урушига барҳам берган.

Табиийки, Косоводаги можаро Блэр ва Клинтон учун катта муаммо бўлган.

Икки етакчи биргаликда Косово учун “ер амалиёти” ҳамда жанжални тўхтатиш учун Милошевич билан келишувга эришиш режасини тузиш кераклиги ҳақида суҳбатлашган.

Клинтон Блэр билан 1998 йилнинг 27 августида қилган суҳбатида: “Агар Милошевич уни ўлдирмаслигимизга, бомбардимон қилмаслигимизга ёки Сербиядан чиқариб олмаслигимизга ишонса, бу мажбуриятни бўйнимизга олсак бўлади, деб ўйлайман”, деган. “Менимча, унга қарши уруш жиноятлари айбловларини қўйишга оммавий равишда ваъда қила олмаймиз, чунки у мустақил ташкилот. … Мен [уруш жиноятлари] трибунали билан ҳамкорлик қилаётганимизни айтдим. Шундай экан, бу қийинроқ масала. У [уруш жиноятлари айбловлари билан маҳкамага тортилмаслигига] кафолат берилишини истайди, лекин бу жуда қийин масала”.

Саддам Ҳусайн бўйича хавотирлар

Икки етакчи БМТнинг қурол текширувчилари Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор-йўқлигини аниқлаш учун кузатаётган бир пайтда мамлакатдаги вазият ҳақида тез-тез суҳбатлашган.

1993 йилдан 2001 йилгача президент бўлган Клинтон санаси очиқланмаган суҳбатда Блэрга Моррокаш қироли Ҳасандан Саддам Ҳусайнга АҚШ “уни ўлдиришни ёки излаб топишни” истамаслигини айтиб қўйишни сўраганини билдирган, лекин “у билан ҳазиллашмаётганини” айтган ҳамда “Мен унинг кимёвий ҳамда биологик қуроллар дастури давом этишини хоҳламайман”, дея қўшимча қилган.

Клинтон Ҳусайн билан суҳбатлашиш норозиликларга сабаб бўлишидан чўчигани учун у билан тўғридан-тўғри алоқа қила олмаётгани ҳақида арзланган.

“Матбуот мени қўлимни боғлаб қўймаган бўлганида, телефонни қўлимга олиб, итваччага қўнғироқ қилган бўлар эдим”.

Клинтон Блэрни Ироқ қачондир “сиз учун ҳақиқий бошоғриққа айланиши мумкин”, дея огоҳлантирган.

Клинтон 1997 йилдан 2007 йилгача бош вазирлик қилган Блэрни ҳурмат қилган ва уни ўз дўсти ўлароқ кўрган. Иккиси бир-бирига ўз оиласидаги янгиликларни айтиб турган.

Икки сиёсатчи яна ўз мамлакатларидаги ички сиёсатни ҳам муҳокама қилишган. Клинтон Блэрга 2000 йилги сайлов кампанияси ҳақида сўнгги янгиликларни айтиб турган.

Клинтон Блэрга қайта-қайта Гор Бушни енгиши мумкинлиги ҳақида айтган. Овозларни санаш юзасидан келишмовчиликлар кузатилган сайловда Буш Гор устидан кичик фарқ билан ғалаба қозонди.

Клинтон Бушни “қобилиятли сиёсатчи” деб атаб, кампаниясини жуда оқиллик билан олиб бораётганини айтган, лекин у “президент бўлишга тайёр эмас, ҳеч қачон тайёр бўлмайди демоқчи эмасман, аммо ҳозир аниқ тайёр эмас”, деган.

XS
SM
MD
LG