Линклар

logo-print

Араб давлатлари лигасига кирувчи мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари Эронни Араб ишларига аралашишда ҳамда ҳудудий тинчликка таҳдид солишда айблаб, қоралади.

10 январь куни Қоҳирада бўлиб ўтган учрашувда лигага кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари асосан шиалар яшайдиган Эрон Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасини атайин ҳимоя қилмаганини айтиб, мамлакатни халқаро келишувларни бузишда айблашди.

Аҳолисининг учдан бир қисми шиа мусулмонлар бўлган Ливангина бу фикрга қўшилмади. Ливан “Ҳизбуллоҳ” шиа жангари гуруҳининг ватанидир.

Араб давлатлари лигаси эълон қилган билдирувда Эронга қарши бирор чора кўрилиши ёки йўқлиги очиқланмади.

2 январь куни таниқли шиа уламосининг Эр-Риёд томонидан қатл этилиши ортидан Эронда намойишлар бўлиб ўтди, намойишчилар Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум қилди. Бунга жавобан Саудия Арабистони Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узди.

10 январь куни Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Эр-Риёдни юзага келган жанжал баҳонасида Сурияда тинчлик ўртнатиш бўйича олиб борилаётган музокараларни издан чиқаришда айблади.

“Саудия Арабистонининг мақсади Сурия бўҳронига салбий таъсир кўрсатувчи тангликни келтириб чиқаришдир”, деди Зариф.

Аммо БМТнинг Суриядаги махсус вакили Стаффан де Мистура 10 ноябрь куни Теҳронга қилган ташрифидан кейин Зариф юзага келган танглик Сурияда тинчлик ўрнатишга доир музокараларга салбий таъсир кўрсатмаслигини айтганини билдирди. Бу музокараларнинг 25 январда бошланиши кутилмоқда.

Зарифнинг мурожаатидан бир кун аввал Кўрфаз ҳамкорлик қўмитасига (КҲҚ) аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари Садия Арабистони билан Эрон ўртасида кескинлашиб бораётган тангликни муҳокама қилиш учун Эр-Риёдда навбатдан ташқари учрашув ўтказишди.

Саудия Арабистонининг КҲҚдаги ҳамкорлари, яъни Баҳрайн, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ҳамда Уммон Ар-Риёдни қўллади ва Эронни Саудия Арабистонинг ички ишларига аралашишда айблади.

Олти мамлакат эълон қилган билдирувда Ан-Нимрнинг қатл этилишидан ғазабланган намойишчилар томонидан саудия арабистонилик дипломатларнинг қувилиши “кескин қораланади”.

Бу мамлакатларга кўра, Теҳрон “ушбу террор ҳаракатлари учун масъулдир”.

Саудия Арабистони яна Эронни терроризмни дастаклашда айблаб, қироллик Теҳронга қарши янги чораларни кўриб чиқаётганини айтди.

Эрон расмийлари қироллик расмийларини Ан-Нимр қатл қилингани учун кескин қоралаб келади. Ғазабга минган эронлик намойишчилар эса Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига ҳамда консуллигига ҳужум қилишди.

Саудия Арабистони билан биргаликда Баҳрайн ҳам Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узди. Қувайт билан Қатар эса ўз эчиларини қайтариб олди. Бирлашган Араб Амирликлари бўлса Эрон билан алоқаларини чеклади.

Ўз навбатида Теҳрон ҳам Эр-Риёд билан барча савдо алоқаларини узди.

Эрон келиб чиққан можарога Саудия Арабистони сабабчи эканлигини айтиб, мамлакатни “мазҳаблар ўртасида нафрат уйғотишда” айблади.

Зариф 8 январь куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга юборган хатида Ар-Риёд ёки экстремизни дастаклаш, ёки Яқин Шарқда яхши алоқалар ўрнатиш йўлини танлаши кераклигини айтди.

XS
SM
MD
LG