Линклар

Суд залидан озод қилинган жиззахлик фаол ҳукмни адолатсиз, деб атади


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Икки ой давом этган терговдан сўнг озодликдан уч йилга шартли маҳрум этилган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев тергов давомида унинг ҳуқуқлари поймол этилгани, терговчи ва милиция ходимлари томонидан мунтазам руҳий босим ўтказиб келинганини айтди. Пардаевнинг фикрича, маҳкама бир томонлама олиб борилган ва суд айбланувчи томон келтирган асосли далилларни инобатга олмаган.

Ўктам Пардаев фирибгарлик, пора бериш ва ҳақорат қилишда айбланиб, 57 кун давомида тергов қилинди.

Жиззах вилояти Дўстлик тумани жиноят ишлари бўйича суди 11 январь куни Ўктам Пардаевни озодликдан уч йилга шартли маҳрум қилишга ҳукм қилди. Суд шартли ҳукм синов муддатини уч йил белгилаб, бу даврда Пардаев бошқа жиноят қилмаса, жазо ўтаб бўлган, деб ҳисобланишини эълон қилган.

Ўктам Пардаевнинг Озодлик радиосига айтишича, суд мажлиси бир томонлама, яъни айбланувчи тараф келтирган далилларга суднинг эътиборсизлиги билан ўтган:

- Мана бир аёл берган кўрсатмага кўра, гўё мен унинг ўғлининг паспортини тўғирлаб бераман деб 76 минг сўм олганмишман. 2008 йилда Сангзор маҳалласи Шароф Рашидов кўчасидаги 33 уйга олиб бориб бердим, деб айтди. Мен у уйда яшамаганман. Мен 2007 йилда 46 уйда яшаганман. Мен судга шуни айтсам эътиборга ҳам олмади, деди Ўктам Пардаев.

Ҳуқуқ фаоли тергов давомида унга нисбатан руҳий босимлар ўтказилганини айтди.

Ўктам Пардаев билан бўлган суҳбатни қуйида тингланг:

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотлари Ўктам Пардаевга қўйилаётган айбловлар тўқима эканлигини айтар экан, у ҳуқуқ ҳимоячиси фаолияти учун ҳибсга олинганини таъкидлаб келмоқда.

Ҳибсга олинган кунидан бошлаб Ўктам Пардаев ўзига қўйилаётган айбловларни кескин инкор қилиб келади.

Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматидан Ўктам Пардаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилиш ҳақида 27 ноябрь куни баёнот берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG