Линклар

35 дан 30га. Рустам Имомалига йўл очилаяптими ёки..?


Имомали ва Рустам Раҳмон

Имомали ва Рустам Раҳмон

Ҳозирда Тожикистон парламенти вакиллари эътиборига ҳавола этилган конституциявий ўзгаришлар мамлакат президентлигига номзоднинг ёшини 35дан 30га туширишни назарда тутади.

Тожикистон бош қонунига кўра, президентликка номзоднинг ёши 35дан паст бўлмаслиги керак.

Аммо нусхаси Озодликка келиб тушган янги қонун лойиҳасида номзоднинг ёши 35 дан 30га туширилган.

Унда жумладан шундай битилган: "65-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда ифода этилсин: Фақат Тожикистон фуқаролигига эга, ёши 30 дан кам бўлмаган, олий маълумотга эга, давлат тилини билган ва республикада камида ўн йил истиқомат қилган шахс Тожикистон Республикаси президентлигига номзод бўла олади".

Конституцияга киритилиши таклиф қилинаётган ушбу ўзгартиш тасдиқдан ўтса, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалига 2020 йилда бўлиб ўтажак сайловда президентликка ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқини беради.

2020 йилда ёши 33 кирадиган Рустам Имомалига Тожикистоннинг жорий Конституцияси президентликка номзод сифатида қайддан ўтиш ҳуқуқини бермайди.

Ҳозирги Конституцияга мувофиқ, президентликка номзод, ҳеч бўлмаганда, 35га кирган бўлиши керак.

Шунингдек, мавжуд бош қонунга кўра, бир шахс икки муддатдан кўпроқ узлуксиз президент вазифасини бажара олмайди.

Аммо Озодликка юборилган янги илова ва ўзгаришларда бу чеклов "Миллий тинчлик ва бирдамлик асосчиси - Миллат пешвосига нисбатан татбиқ этилмайди," дея таъкидланган.

1992 йилдан буён Тожикистонни идора этиб келаётган Имомали Раҳмон, Конституцияга кўра, 2020 йилда бўлиб ўтиши белгиланган президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

Аммо, парламентга тақдим этилган лойиҳа тасдиқдан ўтса, Имомали Раҳмон ҳам ҳеч қандай чекловсиз президентликка ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқини қўлга киритади.

Парламентга тақдим этилган янги қўшимчаларга кўра, шунингдек, Тожикистонда диний характерга эга бўлган партияларнинг таъсис этилиши тақиқланган.

Тожикистон Конституцияси 1994 йил 6 ноябрида, яъни мамлакатда фуқаролар уруши давом этаётган бир паллада, қабул қилинганди.

Тожикистон бош қонуни 1999 ва 2003 йилларда ўтказилган референдумларда қайта кўриб чиқилди.

2003 йилда ўтказилган референдум натижалари Имомали Раҳмонга 2020 йилга қадар икки муддатга 7 йилдан сайланиш ҳуқуқини берди.

Президентликка номзод ёшини 30га тушириш масаласи кун тартибига қўйилган экан, кўпчилик ушбу ўзгариш Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Имомалига отасининг ўрнига сайланиш имконини беради, деган фикрни билдирмоқда.

Ҳозир ёши 28 да бўлган Рустам Имомали келгуси президентлик сайловига қадар 33 га киради.

Аммо, шу билан бирга, 2020 йилда бўлиб ўтиши кутилган президентлик сайлови "Миллат пешвоси" мақомини олган жорий президент учун ҳам яна бир бор сайланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

XS
SM
MD
LG