Линклар

Деҳлида бедарак йўқолган Шаҳноза Шукурова ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин


Шаҳноза Шукурова

Шаҳноза Шукурова

Ҳиндистонда 27 ёшли ўзбекистонлик аёл бедарак йўқолди. Ўтган йилнинг сентябридан бери қидираётган яқинлари Шаҳноза Шукурова Деҳли шаҳрида ўғирлаб кетилганини айтишмоқда. Ўзини Шаҳнозанинг опаси деб таништирган Нодира Саиднинг иддао қилишича, синглиси одам савдогарлари қурбонига айланган, Деҳли полицияси эса, бу жиноятни хаспўшлашга уринмоқда. Унинг яна айтишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси дипломатлари Шаҳноза Шукурова билан боғлиқ иш суриштирувига аралашган. Маълум бўлишича, бедарак кетган Шаҳноза Шукурова раққосалик билан шуғулланган.


Ўзбекистон фуқароси 27 ёшли Шаҳноза Шукурова 2015 йилнинг 24 сентябрь куни Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида бедарак йўқолди. Яқинлари Шаҳноза одам савдоси билан шуғулланадиган гуруҳ тарафидан ўғирлаб кетилганини айтмоқда. Унинг опаси Нодира Саид Озодлик билан суҳбатда ўтган йилнинг 24 сентябрь куни Шаҳнозанинг қайси вазиятда ўғирлаб кетилгани хусусидаги айрим тафсилотларни билишини айтади.

Унинг айтишича, бундан тахминан бир ярим йилча аввал, Шаҳноза Шукурова Деҳли шаҳрида ўзининг адаши Шаҳноза Отажонова исмли қизни тасодифан одам савдоси билан шуғулланган гуруҳ қўлидан қутқариб олади. Уни ўзининг квартирасида яшириб, унга пул беради. Лекин бундан жиноятчилар гуруҳи хабар топади ва Шаҳноза Шукуровани таъқиб қила бошлайди.

Орадан анча вақт ўтгач эса¸ уни Шаҳноза Отажонова ёрдамида уйдан чақириб олишади ва ўғирлаб кетишади, дея иддао қилади Нодира Саид:

- Шаҳноза Отажонова бир кун синглим Шаҳнозага қўнғироқ қилади. Синглим яна иккинчи телефонида Imo орқали гаплашиб турган бўлади. Ҳалиги Отажонова Шаҳноза сиздан қарзларимни тўплаб қўйдим, шуни Солтекс Нью Деҳлига келиб, олиб кетинг дейди. Кейин синглим Шаҳноза ўзи ҳар доим ёллайдиган таксида боради ўша ерга. Ўша пайтгача у онам билан гаплашиб туради. Етиб боришгач, онамга 5 дақиқадан телефон қилишини айтади. Шаҳноза Отажонова деган қиздан пулни олгач¸ қайта телефон қилишини айтади.

Шундан кейин рўй берган воқеаларга Тритам исмли такси ҳайдовичиси гувоҳ бўлади. Тўрт ойдан бери Ҳиндистонда қолаётган Нодир Саиднинг айтишича, Деҳли марказида рўй берган бу воқеада, Шаҳноза Шукурова адаши Шаҳноза Отажонова ўтирган машина олдига борган пайтда, уни машинага босиб олиб кетишади:

- Ўша ерга борганда ҳалиги Тритам исмли ҳайдовчи нима бўлганини кўради. Унинг айтишича, машинанинг ичида тўртта одам бўлган. Биттаси Отажонова Шаҳноза, иккинчиси ҳалиги “Маша” – Муяссар, кейин Муяссарнинг эри – кепка кийган бир одам, дейди. Кейин яна бири афғон йигит экан, ҳайдовчининг айтишича, Шаҳноза Отажонованинг жазмани. Кичкина Indigo русумидаги машина эди, Шаҳноза олдига бориши билан уни босиб олиб кетишди, дейди, дея ўзидаги маълумотларга таяниб, ҳикоя қилади Нодира Саид.

Суҳбатдошнинг иддао қилишича, Муяссар исмли аёл асли ўзбекистонлик, Деҳлига Ўзбекистондан аёлларни олиб келиб, фоҳишалик қилишга ундаш билан шуғулланиб келади. Озодлик бу иддаоларни бошқа манбалардан тасдиқлата олгани йўқ.

Нодира Саиднинг яна иддао қилишича, олдиндан режалаштирилган бу ишга синглиси Шаҳноза Шукурова ёллаган ҳайдовчининг ҳам алоқаси борлигини айтишга асослар бор:

- Ҳалиги Тритам ҳайдовчи ҳамма нарсани кўриб, полицияга хабар қилмайди. Демак, у ҳам бу ишга алоқадор бўлган. Олдиндан ҳаммасини режалаштиришгани кўриниб турибди. Тритам Шаҳнозани Солтекс мавзесига олиб келиб, ҳамма бўлган воқеани кўриб, ҳеч кимга хабар бермайди.

Нодира Саид Деҳли полицияси тўрт ойдан бери бу ишни тергов қилишни пайсалга солиш билан бирга, уни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни хаспўшлашга уринмоқда, деган иддаоларни ҳам илгари сурди.

Озодлик бу иддаоларга изоҳ сўраб Деҳли полициясига қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.

Шаҳноза Шукурова Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистонда ташкил қилган маданий тадбирларда қатнашиш учун 2008 йилдан бери бу мамлакатга тез-тез бориб турганини айтади унинг опаси

Шаҳноза Шукурова Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистонда ташкил қилган маданий тадбирларда қатнашиш учун 2008 йилдан бери бу мамлакатга тез-тез бориб турганини айтади унинг опаси

Айни пайтда, Нодира Саидга кўра¸ бошида Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ҳам синглисининг йўқолгани билан боғлиқ вазиятга бармоқ орасидан қарашган. Лекин янги йилдан кейин ўзбек дипломатлари бу ишга жиддийроқ ёндаша бошлаган. Шунга қарамай¸ ҳозирча ижобий натижалар йўқ, дейди у.

Озодлик Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонасига бу борада мурожаат қилди. Лекин бедарак йўқолган ўзбекистонлик Шаҳноза Шукурованинг иши билан шуғулланаётган консул Баҳром Қосимовнинг элчихонадан ташқарида ўтаётган тадбирда иштирок этаётгани боис, бу хусусда аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Нодира Саиднинг айтишича, синглиси раққосалик билан шуғулланган. У Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистонда ташкил қилган маданий тадбирларда қатнашиш учун 2008 йилдан бери бу мамлакатга тез-тез бориб турган.

Озодлик Шаҳноза Шукурова билан боғлиқ вазиятни ўрганишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG