Линклар

logo-print

Тожикистонда арабча исмлар ва яқин қариндошларнинг оила қуриши ман қилинади


Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари арабча ва “хорижий” исмлар¸ шунингдек ака-ука ва опа-сингилларнинг қуда бўлишини ман қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилишди.

13 январь куни Тожикистоннинг оила ва фуқаролик ҳолатлари ҳужжатларини қайд этиш қонунларига киритиш таклиф қилинган ўзгаришлар юзасидан депутатлар овоз беришидан олдин сўзга чиққан Адлия вазири Рустам Шоҳмурод “хорижий” исмлар тожик жамиятини бўлаётганини айтди.

Тожикистонда ҳозир ота-оналар орасида болаларига арабча¸ хусусан¸ анъанавий исломий исм бериш кенг тарқалган. Таклиф қилинаётган ўзгаришлар айнан шу ҳол билан курашишни кўзламоқда.

Бу ўзгаришларнинг парламент олий палатасида ҳам маъқулланиши ҳамда президент Имомали Раҳмон томонидан имзоланиши кутилмоқда. Президент дунёвийликни тарғиб қилиш ҳамда ўз назарида хорижий бўлган ёки мамлакат тинчлигига таҳдид солувчи қараш ва удумларга барҳам бериш учун чора кўриб келади.

Тожикистонда қачонлардир Сумайя, Ойша, Осия каби исломдаги таниқли шахслар исмларидан олинган номлар деярли умуман бўлмаган. Аммо кейинги йилларда қизларга бундай исм бериш оммалашиб бормоқда. Ўғил болаларга эса Муҳаммад, Юсуф, Абубакир исмларини бериш кенг тарқалди.

Янги қонун лойиҳаси яна исмларга мулла, халифа, шайх, амир ва сўфий каби исломий ва арабча префикс ва суффиксларни қўшиш одатига ҳам барҳам беришни кўзда тутади.

Тил ва терминология давлат қўмитаси яқинда янги туғилган чақалоқларга бериш тавсия қилинадиган 4 000 га яқин исмни ўз ичига олган рўйхат тайёрланганини эълон қилди.

Қўмита рўйхатга “тоза” тожикча ёки форсча исмлар киритилгани ва мазкур рўйхат рўйхат ота-оналарга фарзандларига исм қўйишда ёрдам бериш учун мамлакат бўйлаб фуқароларни рўйхатга олувчи идораларга юборилганини билдирди.

Парламентда бўлиб ўтган муҳокамалар давомида қуйи палата спикери Шукуржон Суҳуров янги туғилган болалар исмини мазкур рўйхатдан олиш мажбурий эмаслигини айтди, аммо ота-оналарни “тожик маданиятига мос келувчи” исмларни танлашга ундади.

Тил қўмитасига кўра, қонунга киритилаётган ўзгаришлар фақат этник тожиклар учун бўлиб, миллий озчиликлар унга амал қилишга мажбур эмаслар. Тожикистон аҳолисининг камида 15 фозини ўзбеклар ташкил этади. Бундан ташқари, мамлакатда қирғизлар, руслар ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди.

Яқин қариндошларнинг оила қуришини ман қилиш таклифининг ҳам парламент олий палатаси,шунингдек президент Раҳмон томонидан ҳам маъқулланиши кутилмоқда. Ака-ука ва опа-сингилларнинг қуда бўлиши кенг тарқалган Тожикистонда бу мавзу айни кунларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Бундай одатни ман қилиш тарафдорлари ота-онаси яқин қариндош бўлган болаларда туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар кўпроқ учрашини айтишмоқда. Бунга қаршилар эса мазкур боғлиқликни тасдиқловчи кўпроқ далил кераклигини таъкидлашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тожикистонда 25 300 нафар ногирон бола қайд этилган. Уларнинг 30-35 фоизи бир-бири билан яқин қариндош бўлган ота-оналарнинг фарзандларидир.

Соғлиқни сақлаш вазири Нусратулло Салимзода парламент олдида чиқиш қилиб, таклиф қилинаётган ўзгаришлар оила қуриш истагидаги жуфтликларнинг тиббий кўрикдан ўтишини талаб қилишини айтди.

Тиббий кўрик натижалари жуфтликлар оила қуришига юридик тўсиқ қўя олмайди. Аммо ҳуқуқшунос Гулбаҳор Ашурованинг айтишича, мажбурий тиббий тестлар жуфтликларга ўз бўлажак турмуш ўртоғининг соғлиғи ҳақида маълумот олиш ва тўғри қарор чиқаришга ёрдам беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG