Линклар

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайти – uzedu.uz форумида шу вазирлик раҳбари Улуғбек Иноятовнинг барча хоҳловчилар билан 16 январь куни 10 дан 12 га қадар онлайн мулоқот ўтказажаги эълон қилинди.

Ўзбекистон халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов

Ўзбекистон халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов

Таълим вазири режалаштирган тадбир Ўзбекистон ҳукумати аъзолари фаолиятида деярли учрамайдиган ишдир.

Ҳар ҳолда, “Маърифат” газетасида 1999 йилдан буён ишлаб келаётган, ҳозирда газетанинг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Мадраҳимова вазир ўтказишни режалаштирган мулоқотга ўхшаган тадбир кейинги йилларда ўтказилганини эслолмади.

- Бундан 4-5 йил олдин, унда вазир бошқа эди, шунга ўхшаш мулоқот ўтказилажаги тўғрисида эълон қилинган эди, холос. Онлайн мулоқот биринчи марта ўтказилаяпти, деди Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши нашри – "Маърифат” газетаси мухбири.

“Мулоқот давомида хоҳловчилар халқ таълими тизимига оид савол, таклиф ва мулоҳазалари билан форумда иштирок этишлари мумкин”, дейилган вазирлик расмий сайтига жойлаштирилган эълонда.

Вазирлик матбуот хизмати онлайн мулоқот ўтказилажагини тасдиқлади.

Озодлик вазирнинг потенциал суҳбатдошларидан бир нечасига микрофон тутди.

Ўзини Дилдора, деб таништирган навоийлик аёлнинг коллежда ўқийдиган икки қизи бор. Дилдорани мактаб ўқувчилари ўртасидаги тенгсизлик ташвишга солаётгани маълум бўлди.

- Мен вазирга мактаблар ўқувчилари орасида табақаланиш кучли эканлиги билан боғлиқ савол берган бўлардим. Мактабда бойнинг боласи билан камбағалнинг боласи аниқ ажралиб қолган. Ўқитувчиларнинг муомаласи ҳам шунга яраша. Буни қандай бартараф этиш мумкин, деб сўраган бўлардим, деди навоийлик Дилдора.

Исми айтилишини истамаган жиззахлик ўқитувчи аёлнинг фикрича,халқ таълими вазири ўз эътиборини соҳада урчиган “кўзбўямачиликларга” қаратиши лозим.

- Мен ўзимизнинг вазиримизга туманимиз, вилоятимиз халқ таълимидаги кўзбўямачиликлар, таниш-билишчилик тўғрисида арз қилган бўлардим, деди жиззахлик ўқитувчи аёл.

“Маърифат” газетасида 1999 йилдан буён ишлаб келаётган, ҳозирда газетанинг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Мадраҳимова вазир билан онлайн мулоқотда шахсан иштирок этмоқчи ва у ўз саволларини журналист сифатида эмас, балки мактаб ўқувчисининг онаси ва собиқ ўқитувчи сифатида бермоқчи.

“Мактаблардаги кўзбўямачилик, ўқувчиларга “2” қўйиш тақиқлангани, синфларда ўқувчилар сони 40 нафардан кам эмаслиги тўғрисида гапирмоқчиман", деди Шарифа Мадраҳимова.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари учун характерли бўлмаган амал - жамоатчилик билан мулоқот қилишга бел боғлаган Улуғбек Иноятов Халқ таълими вазири лавозимига 2013 йил, февралда тайинланган эди. Тайинлов арафасида Иноятов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини бошқарган.

Журналист Шарифа Мадраҳимова вазир тўғрисида бундай деди:

- Яхши вазир бўла олдими-йўқми – билмайману лекин яхши одам эканлигини аввалдан биламан. Билимли, оқил... Матбуотга муносабати ҳам доим яхши бўлганини сезганман, деди журналист.

Aфтидан вазир тўғрисида айтилган бундай илиқ гапларни у кишининг бошқаруви остидаги вазирлик матбуот хизмати тўғрисида айтиб бўлмайдиганга ўхшайди. Онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад тўғрисидаги Озодликнинг оддийгина саволини эшитиши биланоқ, матбуот хизмати вакили телефон гўшагини тарақлатиб қўйиб қўйди.

XS
SM
MD
LG