Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Фарғоналик милиционерлар ойлигининг ярми берилмаганидан норози


Фарғона шаҳар ИИБга қарашли қўриқлаш бўлинмасидаги оддий милиционерларга декабрь ойи маошининг ярмисигина пластикка ўтказиб берилган. Ҳуқуқ тизимларидаги Озодлик манбасига кўра¸ Марказий банк бошқаруви пул камлигини пеш қилиб¸ ИИБ ходимларига бериладиган маошни тўлиқ ўтказиб бермаган.

Мавзуни ўрганиш пайтида милиция ходимлари ойликларининг бошқа вилоятларда ҳам кечиктириб берилаëтгани аëн бўлди.

Фарғоналик милиционернинг ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка айтишича¸ маошларни вақтида ололмаслик муаммоси ички ишлар тизими ходимлари орасида ҳам тарқала бошлаган:

- Декабрь ойида олишим керак бўлган бир миллион икки юз минг сўм ойлигимни ярмини пластикка ўтказиб берди¸ холос. Қолган ярмига пул йўқ дейишди. Олган кредитимни ëпишга бу етмаяпти. Бундан ташқари бизга бериладиган рағбатлантириш пулидан ҳам дарак йўқ¸ дейди суҳбатдош.

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасида ишловчи бошқа бир милиционер эса ўтган йил пахтага олиб кетилганида ваъда қилинган ярим миллион сўм ҳануз берилмаганидан шикоят қилди.

Суҳбатдошга кўра¸ оддий милиционерларни пахта терими ва бошқа қишлоқ хўжалик ишларига текинга жалб қилиниши оддий ҳолга айланган:

-Ўтган йил пахта теримига текин бормаймиз¸ деганимизда пул берамиз деб ваъда қилишди. Тўрт юз минг сўмни хизмат сафари деб¸ 100 минг сўмни эса харажатлар учун тўлаб берамиз¸ дейишди. Биз ишониб бордик пахтага. Лекин ҳануз пулдан дарак йўқ¸ дейди суҳбатдош.

Озодликка маълум бўлишича¸ Фарғона ИИВ да ойликлар берилмаëтгани муаммосини Фарғона вилоят прокуратураси ўз назоратига олган. Озодликнинг вазиятга яқин манбасига кўра¸ ойлик ола олмаган милиция ходимлари прокуратурага шикоят қилган:

- Бу шикоятлар асосида текширув ўтказиб вазиятни яхшилашга эришилди. Йил охирида Марказий банк айби билан ИИБ га жами сумма ўтказилмаган. Бор пул туманларга тақсимланди. Кимдир пластикка олди¸ кимдир нақд пул. Пластикка пули тушмаган тўртта туманга бугун пул тушди. Масалан¸ Ëзëвон тумани тўлиқ пластикка пул олди. Риштон ва Фарғона шаҳри ҳам олди. Кеча Маркзий банкдан пул тушувди. Нақд пул оламаган тўртта туман қолди. Уларга ҳам пул бериш масаласи ҳал қилинмоқда. Битта батальондан ташқари охирги учта туман пластигига пул тушди¸ дейди Озодликнинг вазиятга яқин манбаси.

Айни манбага кўра¸ муаммо негизи банкда пул етишмаслиги билан боғлиқ:

- Фарғона вилоят ИИБ олдиндан банкка заявка берганига қарамасдан¸ банк нақд пул топиб бера олмаяпти. Марказий банк тушунтириш ëзган. Икки кундан бери Ўзбекистон қуролли кучлари байрами муносабати билан ҳарбийларга пул берилаëтгани боис милиционерларга пул кам қолибди. Имкон қадар берамиз дейишди банкда¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Фарғонадаги вазиятдан хабардор манба.

Озодлик манбаси¸ милиция ходимларининг пахтага чиқарилиб пул берилмагани ва ëрдам пуллари кечикиш масаласига ҳам изоҳ берди:

- Пахтага борганларни пули бирлашма бошлиғи кўрсатмасига биноан охирги тийинигача тўланди. Пахтага ким буйруқ билан борган бўлса¸ ҳамасига пул тўланган. Аммо ким ҳайфсан олган бўлса¸ уларга пул берилмади. Умуман биз давлат таянчи бўлган милиция ходимларининг ўз вақтида маош олиши¸ усти бут қорни тўқ бўлишидан манфаатдормиз¸ дейди суҳбатдош.

Милиционерлар ярим ойлигини олаëтган Фарғона вилояти Бешариқ туманида аҳолига пенсия ва болалар нафақаси бериш бир неча ойга кечиккани ҳақида маълумотлар бор.

Озодлик манбаларининг айтишича, давлат хизматчиларининг ҳатто пластик карточкаларига ҳам пул тушмаяпти.

Оқибатда¸ фақат маош ва пенсия билан кун кўрувчи аҳолининг аҳволи оғирлашаётгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG