Линклар

13 январь куни Озарбайжоннинг қатор шаҳар ва туманларидаги минглаб одам нарх-наво кўтарилишига норозилик билдириб намойишга чиқди. Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Норозилик намойишлари Сиязан, Лянкаран, Фузулий, Ағжабед туманларида бўлиб ўтди.

Одамлар ун нархининг ошиб кетгани ва ишсизликка қарши намойишга чиқишди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Сиязандаги намойишчиларга қарши полиция резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Намойишда қатнашган 13 яшар мактаб ўқувчиси газдан заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган.

Сиязан туманида полиция намойиш қатнашчилари ва фаолларидан 55 кишини ушлаган. Лиман шаҳрида эса “Мусават” партиясининг фаолларидан бири Имон Алиев суд ҳукми билан 30 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. "Халқ фронти партияси"нинг туман бўлими раҳбари Нозим Ҳасан ўғли ҳам шунча муддатга ҳибсга олинди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам намойишлар ўтказиш қоидаларни бузганликда айбланмоқда.

Озарбайжон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги тарқатган қўшма баёнотда айтилишича, “ноқонуний намойишлар “Озарбайжон Халқ фронти” ва “Мусават” партиялари ҳамда баъзи радикал ва экстремист кучларнинг вакиллари томонидан уюштирилган”.

13 январь куни кечқурун қуролланган полиция кўчалардаги аҳолини уй-уйларига тарқалишга чақирган. 14 январь куни ҳам Сиязан тумани кўчалари полициянинг махсус отрядлари томонидан назорат қилинди. Аҳолига ўз уйларидан чиқишга рухсат берилмаяпти; барча савдо шохобчалари ёпилган.

Намойишлар чоғида аҳоли йўлларни баррикада қилишга ҳаракат қилган ва полициячиларга тош отган.

Айни пайтда, намойишчилар тарқатилган ва намойиш ўтказилган туманларга полициянинг кучайтирилган бўлинмалари ташланган.

XS
SM
MD
LG