Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:04

ИШИД ташкил қилган қул бозори, қонунбузар “Билайн” ва йўл нозиридан домангир ҳайдовчи


Намангандаги “заправка”да ёнилғидан жуда катта миқдорда уриб қолинган. “Билайн” компанияси мансабдорлари маъмурий жазога тортилди. Сурхондарёлик фуқаро йўл-патрул ходимини туҳматда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

ИШИД ташкил қилган қул бозорида бокира ва норасида қизларнинг бозори чаққон

ИШИД назорат қилаётган ҳудудда бўлган ўзбекистонлик аёл ўз хотиралари билан ўртоқлашди (“Даракчи”, 14 январь). Исми ошкор этилмаган аёл орзусидаги эркакни ижтимоий тармоқ орқали Туркиядан топган. Шу тариқа у Туркияга бориб, ИШИДга одам ёллаш билан шуғулланадиган шахсга турмушга чиққан. Аёлнинг айтишича, жангарилар аёлларга қўлдан қўлга ўтадиган хизматкор сифатида қараган.

“Ишончли маълумотларга кўра, ИШИД ҳудудларида ташкил этилган қул бозорларида аёллар ёши, ташқи кўриниши ва саломатлигига қараб баҳоланади. Хусусан, турмуш қурмаган, бокира ҳамда балоғат ёшига етмаган қизлар учун жуда қиммат нарх белгиланади. Ҳар бир сотиб олинаётган аёл бозорнинг ўзида тиббий ходимлар текширувидан ўтади... Мазкур “давлат” ҳудудида бўлиб қайтганларнинг ҳикоя қилишича, аксарият аёллар ва ёш болаларнинг тана аъзолари уларнинг розилигисиз донорлик учун олинар, ўзларини эса дуч келган жойга кўмиб кетишаркан”, деб ёзади Тошкент ислом университети катта илмий ходими Д. Турдиева. Мақолада аёллар ИШИД фитналаридан огоҳ бўлиш, ширин ёлғонларга учмасликка даъват этилган.

Намангандаги “заправка”да ёнилғидан жуда катта миқдорда уриб қолинган

Наманган вилоятининг шу номли туманидаги “Пахтаобод” фермерларга ёқилғи тарқатиш шахобчасида (ФЁТШ) ёнилғидан жуда катта миқдорда уриб қолинган (“Ҳуқуқ оламида”, 14 январь). Мазкур ҳолат вилоят ички ишлар бошқармаси ўтказган текширувда аниқланган. Шахобча мансабдорлари ўзаро тил бириктириб, ёнилғи қуйиш ускунасини носоз ҳолатга келтириб қўйган. Оқибатда ҳар 20 литр дизель ёнилғисидан 1,1 литр миқдорида кам қуйилган. Шу тариқа 27 та фермер хўжалиги, 4 та ташкилот ва корхоналарнинг 3000 литрга яқин ёнилғиси ўмарилган. Бундан ташқари, шахобча мутасаддилари 2400 литрга яқин автобензин ва яна “АИ-20” мойини нақд пулга сотиб, маблағни ўзлаштирган. Жиноий ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.

Сергели туманидан Чилонзор тумани ғазнаси бойроқ

Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг 2016 йилдаги даромади 111 миллиард сўм атрофида бўлади (“Тошкент оқшоми”, 13 январь). Туман ҳокими Т. Мирҳидоятов имзолаган маҳаллий бюджет параметрлари ҳақидаги қарорда ана шу рақам кўрсатилган. Қарорга кўра, туманнинг йиллик харажати ҳам айни шу миқдорни ташкил этади. Ўз навбатида, Сергели ҳокими Ф. Мақсудхўжаев ҳам туманнинг йиллик даромад ва харажатларини тасдиқлаган. Унга кўра, Сергели туманининг 2016 йилдаги даромади ҳам, харажати ҳам 81,1 миллиард сўмдан.

Сурхондарёлик фуқаро: йўл-патрул ходими сохта гувоҳ ёллаб туҳмат қилди

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи Фурқат Ҳотамов йўл-патрул хизмати инспектори Н. Ҳамидовни сохта гувоҳлар ёллаб, туҳмат қилишда айблади (“Адолат кўзгуси”, 14 январь). Фуқаро Ф. Ҳотамовга кўра, у Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳудудида кетаётганда инспектор Н. Ҳамидов асоссиз тўхтатган ва ҳужжатларини олиб қолган. Ф. Ҳотамовнинг даъвосича, кейинроқ “Stop” белгисида тўхтамади деган мазмунда далолатнома тузиб, икки сохта гувоҳга бу борада қўл қўйдирган. Ҳайдовчи сохта гувоҳларни қидириб, атайин Қашқадарёга борган, “гувоҳлар” уни танимасликлари ва аввал кўрмаганликларини айтишган. Шунга асосланиб, Ҳотамов инспекторга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосари О. Файзиев эса инспектор Н. Ҳамидовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли жиноий иш қўзғатиш рад қилинганини билдирган.

“Билайн” компанияси мансабдорлари маъмурий жазога тортилди

Ўзбекистонда “Билайн” савдо белгиси остида фаолият юритиб келаётган “Unitel” ва “Сoscom” масъулияти чекланган жамиятлари мансабдорларига маъмурий жазо чоралари қўлланилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари А. Файзуллаевнинг “Даракчи” нашрига маълум қилишича, уяли алоқа операторлари мансабдорлари хизмат кўрсатиш сифати кўрсаткичларини бузгани учун жазоланган. Қайд этилишича, мобиль алоқа операторлари хизмати Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан мониторинг ва назорат қилиб борилади.

Йўқолган паспортни 200 долларга тиклашга ваъда берган аёл фирибгар бўлиб чиқди

Наманган вилоятида йўқолган паспортни тиклаб бераман, деган ёлғон ваъда билан фуқарони 200 долларга чув туширган фирибгар аёл ушланди (“Диёнат”, 14 январь). Маълум бўлишича, Россияга ишлагани борган наманганлик аёл паспортини йўқотиб қўйган. Москвадаги Ўзбекистон элчихонасидан қайтиш гувоҳномаси олиб, юртига қайтиб келган. Сўнг у “илгари паспорт столида ишлаган” аёлга паспорт қилдириб бериши учун 200 доллар пул берган. Исми ошкор этилмаган аёл катта мансабдор билан гаплашиб, паспорт тўғирлаб беришини айтган. Аммо пировардида у фирибгар бўлиб чиққан. Унга тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Мутахассислар: ит ва мушуклардан гижжа юқиши эҳтимоли катта

Одам организмини заҳарловчи гижжа хасталиги – гельминтоз ҳолатлари қайд этилмоқда, шу боис ундан эҳтиёт бўлиш лозим. Бир қатор матбуот нашрларида бу борада мутахассислар мақоласи чоп этилган. Гижжадан сақланиш учун ёш болаларнинг ит ва мушуклар билан ўйнашига йўл қўймаслик, ҳайвонларни ўрин-кўрпага қўймаслик ва ошхонага киритмаслик уқтирилган. Шунингдек, уйдаги палос ва гиламларни чангютгич ёрдамида тозалаш, сабзавот ва меваларни ейишдан аввал яхшилаб ювиш маслаҳат берилган.

XS
SM
MD
LG