Линклар

logo-print

Комида “Сорос жамғармаси” чоп этган китобларни ёқиб юборишди


Комида ёқилган китоблар "Сорос жамғармаси" маблағига чоп этилганди.

Комида ёқилган китоблар "Сорос жамғармаси" маблағига чоп этилганди.

Россия шимолий-ғарбида жойлашган Коми республикаси расмийларининг “Россия мафкурасига ёт” ғояларни ўз ичига олган элликка яқин китобни ёқиб юбориш қарори кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада Маданият вазирлиги ўзини бу ҳодисадан узоқлаштирди.

Хабарларга кўра, китоблар “Сорос жамғармаси” кўмагида чоп этилган бўлган. Мазкур ноҳукумат ташкилотига миллиардер саҳоватпеша Жорж Сорос асос солган.

2015 йил ноябрида Россия мулозимлари Сороснинг хайр-эҳсон қилиш билан шуғулланувчи тармоғининг икки бўлимини – Open Society Foundations (OSF) ҳамда the Open Society Institute (OSI) ни “номақбул” ташкилотлар рўйхатига киритиб, уларнинг грант бериш фаолиятини тўхтатиб қўйишди.

“7х7” маҳаллий янгиликлар сайти 53 дона китоб маҳаллий коллежнинг ҳовлисида ёқиб юборилгани ҳақида хабар берди.

“7х7” нашри 13 январь куни берган хабарда ҳудудий Билим вазирлигидан олинган хатга асосланиб, ўтган ойда Коми Республикасидаги коллежларнинг кутубхоналарида “Сорос жамғармаси” кўмагида чоп этилган китоблар излангани айтилади.

​Хатда ёзилишича, китоблар президент вакилининг буйруғи билан йўқ қилинган.

Россия маданият вазири Владимир Мединский дарҳол вазирликнинг бу ҳодисага алоқаси йўқлигини айтиб, китобларнинг ёқиб юборилганини “номақбул” иш, дея қоралади.

Мединский китоб ёқиш “шунчалик ёмон кўринадики, у бизда ғалати тарихий хотираларни уйғотади”, деди. Афтидан, бу билан вазир 1930 йилларда фашистлар Германияси ва Австрия томонидан ўз назарларида аксилҳукумат ғояларни ўз ичига олган китобларни оммавий равишда ёқиб юборилганини назарда тутган.

Комида китобларнинг ёқиб юборилгани россиялик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ғазаблантирди. Бир неча фойдаланувчи бу ҳол фашизм даврини эслатиши ҳақида ёзди.

“Воркута коллежида Форос жамғармаси чоп этган китобларни ёқиб юборишди. Таниш йўлдан кетяпсизлар!” деб ёзди бир Twitter фойдаланувчиси.

Бошқалар эса XIX асрда яшаб ўтган немис шоири Генрих Гейненинг машҳур иқтибосини эслатишди: “Китоб ёққанлар пировардида одамларни ҳам ёқади”.

Коми коллежи кутубхонаси директори Елена Васильевага кўра, бу китобларни ёқишда ҳеч қандай маъно йўқ, чунки уларни шундоқ ҳам деярли ҳеч ким ўқимайди.

“7х7” сайтига кўра, Васильева: “Бу китобларни анча олдин олиб келишган. Мен бу ерда 11 йилдан бери ишлайман. Китобларни мен келишимдан аввал сотиб олишган. Уларни ҳеч ким олиб ўқимасди. Бу китоблар омборхонада турарди”, деган.

Коми шаҳрининг миллий кутубхонасига декабрда ташриф буюрган “7х7” мухбирига кўра, кутубхонага “Сорос жамғармаси” чоп этган китоблар рўйхатини тузиш буйруғи берилган бўлган.

“7х7” сайтида ёзилишича, рўйхатга дебатларга доир қўлланма, мантиқ фанига оид асарлар, XX аср Ғарб фалсафаси ҳамда француз сюрреализми бўйича китоблар киритилган.

Клэр Бигг қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG