Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:17

Ғиждувон бозорини танқид қилган тадбиркор жаримага тортилди


Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Ғиждувон туман судининг 2015 йил 10 ноябрь кунги хусусий тадбиркор Зебо Худойназаровани жарима жазосига тортиш ҳақидаги қарори Озодликка 15 январь куни келиб тушди.

Судья Р. Заиров томонидан имзоланган суд қарорига кўра, хусусий тадбиркор Худойназарова Озодлик радиоси орқали “Хўжаи Жаҳон” буюм бозори маъмуриятини шарманда қилувчи гапларни гапиргани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 40-моддаси (Туҳмат)га асосан 2 604 800 миқдорида жаримага тортилган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Ғиждувондаги машҳур Хўжаи Жаҳон бозори кўчирилиши ортидан тадбиркорларнинг норозилиги келиб чиққан ва тадбиркорлар мамлакат ичида давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Ўзбекистон Президенти, Бош прокурори, Адлия вазири сингари бир қанча расмийларга шикоят хатлари билан мурожаат қилишган.

Мазкур инстанциялардан етарлича жавоб ололмаган тадбиркорларнинг айримлари Озодлик радиосига бозор кўчирилишидаги адолатсизликлар юзасидан интервью беришган.

- Бозор кўчирилишида ҳақиқатан ҳам адолатсизликлар мавжуд. Мазкур иш юзасидан бир қанча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ҳокимияти идораларига чиқилган. Шикоятларда айтилган сўзлар, келтирилган фактлар мутлақо тўғри бўлиб, у туҳмат бўлиши мумкин эмас.

Фуқаронинг оммавий ахборот воситасига кечаётган воқеа ҳодисалар ҳақида гапиргани учун катта миқдордаги жаримага тортилишини ҳечам тушуна олмайман. Аксинча, Ғиждувон маъмурлари матбуотда чиқаётган фактларни ўрганиб, вазиятни ўнглашни ўйлашсалар бўларди, дейди Худойназарованинг ҳимоячиси, “Pegas Media Press” ташкилоти вакили Ҳ. Асқаров.

Бозор маъмурияти ва Ғиждувон шаҳар ҳокимлигининг аризалари асосида Ғиждувон тумани суди сиртдан якка тартибдаги тадбиркор Зебо Худойназаровани бозор маъмурияти ва бошқа мутасаддиларни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатишда айблаган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг кассация судлов ҳайъати эса Ғиждувон судининг тадбиркор Худойназаровани жаримага тортиш ҳақидаги қарорини 2015 йилнинг январида ўзгаришсиз қолдирган.

XS
SM
MD
LG