Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

ТИВ: Эски паспортлар хорижда амал қилмайди


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эски (нобиометрик) паспортлар 2015 йилнинг 31 декабридан бошлаб ўз кучини йўқотгани борасида расман маълум қилди.

Вазирлик президентнинг 2011 йил 5 январида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти 2015 йилнинг 31 декабридан сўнг ўз кучини йўқотганини таъкидлаган.

Ушбу фармонга мувофиқ эски паспортларни 31 декабрдан кейин ишлатиш мумкин эмас ва 1 январдан бошлаб хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароси агар биометрик паспорти бўлмаса, “Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиши шарт ҳисобланади.

Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида йўриқнома”га мувофиқ чет элда бўлган фуқаро Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик бўлимларига мурожаат қилиб, ушбу ҳужжатни олиши лозим.

Мазкур ҳужжат 5 иш кунидан узоғи билан 1 ойгача бўлган муддат ичида берилиши лозим.

Ушбу ҳужжатни олиш жараёни билан боғлиқ саволларга “OzodJavob”нинг махсус сонида жавоб изланган.

“Норма маслаҳатчиси” ҳуқуқий газетаси ёзишича, 31 декабрдан сўнг эски паспортларни ишлатиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Нашрнинг юристларга таяниб ёзишича, эски паспортни 31 декабрдан сўнг ишлатган шахс Маъмурий- ҳуқуқбузарлик кодексининг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” (223-модда) моддаси бўйича жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорда жарима тўлаши шарт.

Ҳозирда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи – ойига 130 240 сўм бўлиб, демак, эски паспортни ишлатган фуқаро 390720 сўмгача жарима тўлаши лозим бўлади.

Ўзбекистонда фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш муддати 2,5 йилга узайтирилгани ҳақидаги хабар 19 декабрь куни пайдо бўлди. Бу ҳақда деярли барча маҳаллий нашрлар хабар қилишди. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам Озодликка паспортларни алмаштириш жараёни 2018 йилнинг 1 июлига қадар давом этиши ҳақида айтишди.

Лекин орадан 1 ойга яқин вақт ўтаётган бўлса ҳам бу борада бирор расмий ҳужжат эълон қилинганича йўқ.

P.S. Озодлик мухбири ўрганишича, Россияда эски паспорт билан юрган аксар ўзбекистонликлар Украина орқали ҳеч бир муаммосиз Ўзбекистонга кетаяпти. Киев аэропортидаги расмийлар ҳам буни Озодликка тасдиқлашди. Шунингдек, Украина чегарачилари шу пайтгача чиқиш визаси бўлмаган ўзбекистонликларнинг учинчи давлат, жумладан, Европага чиқишига ҳам монеълик қилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

XS
SM
MD
LG