Линклар

Шаҳрисабзда "экстремист ўғли" учун сазойи қилинган ўқитувчи аёл ўзини осди


Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида ўғли диний айбловлар билан ҳибсга олинган 53 ёшли лицей ўқитувчиси Шаҳодат Баҳодирова ўзини осди. Икки ўғил ва бир қизнинг онаси нима учун ўз жонига қасд қилгани маълум эмас. Ҳамкасбларининг айтишича, аёл ўғлининг диний экстремизмда гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан хавфсизлик органлари ҳамда раҳбарларнинг босимлари остида қолган ва таҳқирга чидай олмай ўз жонига қасд қилган.

Шаҳрисабздаги 100-сон академик лицейининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шаҳодат Баҳодирова 14 январь куни ўз уйида осилган ҳолда топилди.

Икки ўғил ва бир қизнинг онаси нима учун жонига қасд қилгани маълум эмас.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани Ички ишлар бошқармаси расмийлари Баҳодирова ўз уйида осилган холда топилгани ва бу юзадан прокуратура суриштирув олиб бораётганини айтишди.

Ҳамкасблари ва маҳалладошларининг айтишича, Шаҳодат Баҳодирова ўғли экстремизмда айбланиб қамалиши ортидан миллий хавфсизлик ходимлари ва раҳбарларнинг қаттиқ босими остида қолган ва таҳқирларга чидай олмай ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин.

- Ўғли қамалганидан кейин лицей директори уни чақиртириб, ўғлинг экстремист, деб ҳақоратлаган ва ишдан бўшатиб юборган. Уни қизини ҳам институтдан ҳайдашган. Ўзини доим органларга чақиртириб сўроқ қилишган. Охири ўзини осган. Бу ҳақда хат ҳам ёзиб қолдирган экан, - дейди ўзини осган аёлнинг ҳамкасбларидан бири.

Икки ой аввал унинг ўғли Шаҳзод Маҳмудхонов диний экстремистик ташкилотларга аъзолик ва экстремистик мазмундаги варақаларни тарқатишда, гумонланиб ҳибсга олинган эди.

- Ўғлининг айби тўлиқ исботланмай туриб, аёл ўзи ишлайдиган ўқув юртида ва маҳалласида сазойи қилинди. Ўғли варақа тарқатувчи сифатида олинган видео ҳам шу мактабда қўйиб берилган, хуллас аёл шарманда қилинган, - дейди шу аёлни яна бир ҳамкасбларидан бири.

Бу иддаоларни текшириш ҳозирча имконсиз. Шаҳодат Баҳодирова рўзғор тебратишга қийналгани сабабли ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний сабаблар билан қамалган 13 мингга яқин маҳбус бор.

Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда диний маҳбусларнинг яқинлари маҳаллаларда сазойи қилиниши одатий ҳолдир.

- Баъзи ҳолларда сазойи қилишлар фожиали якун топади. Аслида ўғли айбдор бўлгани тақдирда ҳам бунинг учун унинг яқинларини ҳақоратлаш мутлақо нотўғри, - дейди Суръат Икромов.

XS
SM
MD
LG