Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:39

Эронга қарши санкциялар бекор қилинди


Санкциялар бекор қилингани тўғрисида Венада ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Суратда: Федерика Могерини ва Жавод Зариф.
Санкциялар бекор қилингани тўғрисида Венада ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди. Суратда: Федерика Могерини ва Жавод Зариф.

Эрон президенти Хасан Руҳоний Теҳронга қарши санкциялар бекор қилинганини олқишлади. Президент дунёнинг етакчи давлатлари билан Эроннинг ядровий дастури бўйича эришилган келишув жаҳон давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятларни очганини айтиб ўтди.

Якшанба куни мамлакат парламенти аъзолари олдида қилган чиқиши чоғида Руҳоний ядровий дастур бўйича эришилган келишувни Эрон иқтисодиёти учун бурилиш нуқтаси эканлигини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда, Эрон президенти ёнилғи заҳираларига бой мамлакат нефтдан тушадиган пулга қараб қолмаслиги муҳимлигини уқтирди.

Руҳонийга кўра, Теҳрон санкциялар бекор қилинишидан пайдо бўлган имкониятдан мамлакатни ривожлантириш, халқ турмуш даражасини кўтариш, барқарорлик ўрнатиш ва минтақада тинчликни таъминлаш учун фойдаланиш лозим.

16 январда Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ўзининг ядровий дастури доирасида ўтган йилнинг июлида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажарганини эълон қилди ва шу куни Европа Иттифоқи Эронга қарши аввал эълон қилинган барча иқтисодий ва молиявий санкцияларини бекор қилгани тўғрисида баёнот берди.

Санкцияларнинг бугундан бошлаб бекор қилингани тўғрисида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича идораси раҳбари Федерика Могерини Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан Венада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида эълон қилди.

Ўз навбатида Вашингтон Эроннинг банк фаолияти, денгиз орқали савдоси ва бошқа қатор соҳалардаги санкцияларини расман бекор қилди.

Санкциялар бекор қилиниши туфайли Эрон халқаро изоляциядан қутулади, чет эл банкларида музлатиб қўйилган кўпмиллиард долларли маблағларидан фойдалана олади, нефть экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Бундан ташқари Эрон ўз иқтисодиётини технологик янгилаш имконига эга бўлади.

Шунингдек, Эронга Ғарб инвестициялари кира бошлаши тўғрисида гапирмоқда кузатувчилар.

Шанба куни Эрон қамоғида сақланган АҚШнинг 5 фуқароси, жумладан “Вашингтон пост” газетаси ходими Жейсон Резаянни озод қилди. Уларни озодликка чиқариш тўғрисидаги қарор АҚШ билан маҳбусларни айирбошлаш тўғрисидаги келишув доирасида қабул қилинди.

XS
SM
MD
LG