Линклар

logo-print

АҚШ Эронга нисбатан янги санкциялар жорий этди


Президент Обама АҚШ Эроннинг ракета дастурига қарши санкцияларни қўллашда давом этишини таъкидлади.

Президент Обама АҚШ Эроннинг ракета дастурига қарши санкцияларни қўллашда давом этишини таъкидлади.

17 январь куни Вашингтон Эрон баллистик ракеталарини яратиш дастурига алоқадор ширкатлар ва фуқароларга қарши янги санкциялар жорий қилди. Янги санкциялар билан Эрон ракета дастурига алоқадор 11 ширкат ва фуқаронинг Қўшма Штатларнинг банк тизимидан фойдаланиши тақиқланади. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги маълумот тарқатди.

Бундан бир кун аввал АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон ядровий дастури туфайли киритилган чекловларни бекор қилганди.

БМТ экспертлари ўтган йилнинг декабрь ойида Теҳрон томонидан ўрта радиусдаги баллистик ракеталар синовининг ўтказилиши унга ядровий каллакларни ташишга қодир ракеталарни синовдан ўтказишни маън қилувчи резолюцияларни бузишини билдиргандилар.

АҚШ президенти Барак Обама ўз мамлакати Эроннинг ракета дастурига қарши санкцияларни қўллашда давом этишини таъкидлади.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Вашингтон хатти-ҳаракатига муносиб жавоб берилажагини билдирди. Бу баёнотдан бир неча соат олдин Руҳоний халқаро санкцияларнинг бекор қилинишини олқишлаган ва бу ўз мамлакатининг дунё билан алоқасида янги имкониятларни очишини қайд этганди.

17 январь куни парламентда қилган чиқишида Эрон президенти дунёнинг етакчи давлатлари билан тузилган битим мамлакат иқтисодиёти учун бурилиш нуқтаси бўлишини билдирган ва Эрон нефтдан келадиган даромадларга камроқ қарам бўлиши кераклигини қўшимча қилганди.

XS
SM
MD
LG