Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:16

Эрон: Янги санкциялар ноқонунийдир


Ўтган йил октябрида Эрон томонидан синалган баллистик ракеталардан бири
Ўтган йил октябрида Эрон томонидан синалган баллистик ракеталардан бири

АҚШ Эроннинг баллистик ракеталар дастурига қарши куни кеча жорий қилган санкцияларни Теҳрон қоралаб чиқди. Эрон расмийлари Вашингтон Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга қурол-аслаҳа сотишини айтиб, бу санкцияларда “ҳеч қандай қонуний ёки ахлоқий асос йўқ”, дейишди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон ядровий дастури туфайли киритилган иқтисодий санкцияларни бекор қилганидан кейин бир кун ўтгач, 17 январь куни Вашингтон Эроннинг баллистик ракеталар яратиш дастурига алоқадор ширкат ва фуқароларга қарши янги санкциялар жорий қилди.

АҚШ Молия вазирлиги бу санкциялар беш Эрон фуқароси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Хитойда жойлашган бир гуруҳ ширкатга қарши жорий қилинганини билдирди.

Бу санкциялар Эрон октябрь-ноябрь ойларида амалга оширган баллистик ракета синовларига жавоб ўлароқ жорий қилинди.

БМТ мутахассислари бу синовлар БМТ хавфсизлик кенгаши 2010 йил Эронга ядровий каллакларни учириш имконини берувчи ракеталар устида синовлар ўтказишни ман қилиб чиқарган резолюцияга зид эканлигини аниқлашди.

Терроризм ва молиявий разведка бўйича вазир ўринбосари Адам Шубин: “Эроннинг баллистик ракета дастури ҳудудий ва глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солади ҳамда халқаро санкциялар ҳадафи бўлиб қолади”, деди.

АҚШ янги санкцияларни эълон қилишидан аввал Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳар қандай янги санкцияга “муносиб жавоб берилишини” айтди.

Бундан аввалроқ Руҳоний Эронга қарши халқаро санкциялар бекор қилинганини олқишлаган, эришилган келишув Теҳроннинг дунё билан алоқа қилиши учун янги эшиклар очганини айтганди.

17 январь куни парламент олдида чиқиш қилган Руҳоний битим Эрон иқтисодиёти учун “бурилиш нуқтаси” эканлигини айтиб, энергия заҳираларига бой мамлакат нефтга бўлган қарамлигини озайтириши кераклигини қўшимча қилди.

Ўша куни АҚШ ташқи ишлар вазири Жон Керри АҚШ ва Эрон ўртасида 400 миллион доллар юзасидан 1979 йилги исломий инқилобдан аввал бошланган тортишув ҳал қилинганини эълон қилди.

АҚШ Эронга 400 миллион доллар қарзини ва 1,3 миллиард доллар фоиз пулини тўлайди.

Бу маблағ Эрон қачонлардир АҚШдан ҳарбий мосламаларни сотиб олиш учун ишлатган жамғарманинг бир бўлаги бўлган. Бу пул санкциялар бекор қилиниши ортидан Эрон яна фойдалана оладиган миллиардлаб доллар қийматга эга музлатилган маблағдан алоҳидадир.

16 январда Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ўз ядровий дастури бўйича олган мажбуриятларни бажаргани эълон қилди. Бу эса Эрон ядровий дастури билан боғлиқ санкциялар бекор қилинишига туртки бўлди.

Айни пайтда Вашингтон Эроннинг баллистик ракеталар дастури ядровий дастуридан алоҳида эканлигини айтмоқда.

Озодликнинг инглиз хизмати тайёрлаган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG