Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Тожикистон ва Қирғизистон ИИВ Сурияга кетганлар сонини маълум қилди


Тожикистон ва Қирғизистон ИИВ Сурияга кетаётган фуқаролари сони озаяётгани ҳақида кетма-кет баёнот тарқатди. Расмийлар бунинг сабабини Сурияга кетганлар кўп бўлган аҳоли пунктларида муҳтож оилаларга тезкор молиявий ёрдам, тарғиботнинг кучи билан изоҳламоқда. Сўнгги расмий рақамга кўра, Тожикистондан 500, Қирғизистондан 508 кишининг Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳларга қўшилгани аниқланган. Ўзбекистонга оид расмий рақамлар ҳақида эса Озодликда маълумот йўқ.

Тожикистон ва Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари шу кунда Ироқ ва Сурия ҳудудидаги террор гуруҳлар сафида юрган мамлакат фуқаролари сони 500 атрофида, аммо кейинги пайтда ИШИД фитнасига илинаётганлар сони озаймоқда, деб маълумот берди.

Тожикистон расмийлари берган маълумотга кўра, бу давлатдан кетганларнинг аксарияти Тожикистоннинг шимолий туманларидан борган фуқаролардир.

Бу ҳудудда биринчи ўринда Исфара тумани, иккинчида эса Спитамен тумани туради. Хусусан, Спитамен туманидан жами 37 киши оиласи билан Сурияга кетгани ҳақида расмий маълумот берилган.

Кейинги суриштирувларда Сурияга кетганларнинг каттагина қисми аҳолининг кам таъминланган ва ишсиз қатламидан экани маълум бўлгач, маҳаллий расмийлар биринчи галда бундай оилаларга давлат ёрдамини уюштира бошлаганини айтмоқда.

Хусусан, туман ҳокими Ориф Қодирзода: "Биз кам таъминланган оилаларга ёрдам беришга қарор қилдик. Уларнинг уйларини таъмир қилиб бердик ёки бошқа турдаги ёрдамларни кўрсатдик", деб матбуотга интервью берди.

Туман раҳбарига кўра, давлатнинг бу таҳлит тезкор ижтимоий ёрдами жами аҳолиси 130 минг киши бўлган ушбу тумандан Сурияга боришни кўзлаб турган кишиларни ниятидан қайтарган.

Орифзодага кўра, Сурияга кетганларнинг аксари туманнинг Тагояк қишлоғи аҳолисидир. Маълум бўлишича, марказдан бироз олисда бўлган бу қишлоқда таълим тизими яхши йўлга қўйилмаган ва маҳаллий аҳоли орасида диний саводи пастлар ҳам кўпчилик.

Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам 2015 йил давомида фуқароларнинг жангари гуруҳларга қўшилиши олдини олиш, айниқса, Россия ва Туркияга кетаётганлар ёки бу давлатлардан қайтаётганлар устидан назоратни кучайтирди. Расмий матбуотда ИДга алоқадорлик, одам ёллаганлик каби айбловлар билан судланган фуқаролар ҳақидаги хабарлар кўпайди.

Аммо, қўшни республикалардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги расмий рақамларни эълон қилмай келаётир. Халқаро ташкилот ва тадқиқот марказлари кузатувича, Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 атрофидадир.

Тожикистон ва Қирғизистон ИИВлари эса Ўзбекистондан фарқли равишда йилда бир неча бор бу борадаги рақамлар ва амалиётлари натижаларини матбуотда эълон қилмоқда.Тожикистон расмийлари берган сўнгги рақамларга кўра, бу давлатдан 500, Қирғизистонда эълон қилинган рақамларга кўра эса 508 қирғизистонлик Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳларга қўшилган.

Қирғизистонликлар орасида Сурия ва Ироққа кетганларнинг аксарияти мамлакат жанубидаги Ўш, Боткен ва Жалолобод туманларидандир. Қирғизистон ИИВ раҳбарияти бу ҳудудларда, ҳатто мактабларда ички ишлар ходимлари кўргазмали машғулотлар уюштираётганини айтмоқда.

Хусусан, Қирғизистон ИИВнинг Террорга қарши кураш бошқармаси 15 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, 508 фуқародан 33 нафари ўлдирилгани, 40 нафари юртига қайтгани аниқланганини билдирди.

Қирғизистон расмийлари ҳам сўнгги бир йил ичидаги муттасил тарғибот натижасида Сурия ва Ироққа кетувчилар сони сезиларли даражада камайётганини таъкидлади.

Хорижий экспертлар ва тадқиқот марказлари эса "Исломий давлат" сафидаги ўзбекистонликларсонини 500 нафар атрофида, деб тахмин қилади.

Сўнгги тадқиқотлардан бири 7 декабрь куни қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган The Soufan Group тадқиқот маркази томонидан эълон қилинди. “Хорижлик жангарилар. Сурия ва Ироққа келаётган жангарилар оқимига оид сўнгги маълумотлар” номли ҳисоботда Сурия ва Ироқда ИШИД байроқлари остида 86 мамлакатдан келган 27 мингдан 31 минггача чет эллик мавжудлиги, буларнинг 500 нафари Ўзбекистондан экани айтилди.

XS
SM
MD
LG