Линклар

logo-print

Москва вилоятининг Орехово-Зуево шаҳарчасида 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси маҳаллий черков қоровулини тунаганликда айбланмоқда. Ҳибсга олинган йигит профессионал тарзда стриптиз билан шуғулланиши ва қоровулдан хизмати ҳақини ундирганини айтмоқда. Жабрланувчи уй эгаси эса андижонлик бу йигитнинг ундан зўравонлик йўли билан 40 минг пул ва иккита мобил телефонини олиб кетганини иддао қиляпти. Талон-тарожга қўл урганини мутлақо рад этаётган ўзбек стриптиз устаси ўзининг диндор эканини ҳам таъкидламоқда.

Ўзбекистонлик стриптизёр Москванинг Орехово-Зуево шаҳарчасидаги уйлардан бирида ўтказилган базми жамшид пайтида уй эгаси, унинг ўғли ва хотинини тунаб кетганликда айбланмоқда.

Маҳаллий черковда қоровул бўлиб хизмат қиладиган 1972 йилда туғилган фуқаронинг полициячиларга айтишича, муҳожирни унинг уйига ўғли Дмитрий бошлаб келган.

- У бизни 40 мингга “кидать” қилиб кетди (чув туширди, демоқчи-таҳр.). Қаердан олганини кўрсатишим ҳам мумкин. У ўғлим билан келди, ўғлимнинг ҳеч қандай дўсти ҳам эмас, шунчаки танишиб қолишибди. Уни банкетга артист сифатида таклиф қилибди, деди полициячиларга исмини айтмаган жабрланувчи қоровул.

Маълум бўлишича, Дмитрий 26 ёшли ўзбекистонлик билан 9 январь куни Москванинг тунгги клубларидан бирида танишиб қолган. Ароқ ичиб олган ва маст бўлиб қолган Дмитрий ўзбек муҳожирига катта ваъдаларни бериб, отасининг уйида “ўтириш”га олиб келади.

Жабрланувчилар “ўзбек маст ҳолатда пичоқ кўтариб улардан пул талаб қила бошлагани” ва дўқ-пўписа қилиб “40 минг рубль ва иккита телефонни” кўтариб чиқиб кетганини ўз аризасида ёзиб берган.

Гумонланувчи тез орада қўлга олинди.

Озодлик талон-тарожда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси 26 ёшли андижонлик Ислом А. эканини аниқлади.

Москва вилоят ИИБси телестудияси ходимларига берган тушунтиришида у ўз хизматлари учун ҳақ ололмагани туфайли шундай тутишга мажбур бўлгани, уй эгалари эса уни “подставка” қилишганини гапириб берди:

- Мени “подставка” қилишди (тузоққа туширишди, демоқчи-таҳр.). Улар пулни ўзлари беришди – хизматларим учун 9,5 минг қарзлари бор. Мен аслида 35-дан 50-гача бўлган аёлларни шаҳвоний ҳиссиётларини уйғотаман, қизлар билан юраман менинг бир соат чиқишим 2 минг рубл туради. Нима исташса қиламан! Тўғри, бироз ноқонуний иш, аммо расман овқат ташувчи бўлиб ишлайман. Уй эгалари хизматларим учун ҳақ тўламади, дейди Исломбек.

Исломбек Дмитрийнинг уйига ташрифини “заказ” сифатида баҳолагани ва уй эгаларига “профессионал хизмат” кўрсатганини айтди.

​Бу ҳодисада аслида ўзи жабрланувчи эканини айтган ўзбек стриптиз устаси ошхонада унга икки нафар аёл ҳужум қилиб, зўрлашга уринганлари тўғрисидаги версияни ҳам илгари сурди.

Бироқ, Ислом А. “Оллоҳдан қўрқиши ва эри борларга хизмат кўрсатмаслиги”ни тушунтирди:

- “Ортингизда эрингиз турибди, менга мумкин эмас” деб тушунтирдим. Чунки эри борлар билан юриш гуноҳ, Оллоҳ буни кечирмайди. Мен эрга тегмаган қизлар билан юришим мумкин, “романтик кайфият” уюштиришим мумкин. Пулим йўқ эмас – асосан олигарх аёллар, кампирлар билан Москвада юраман, дейди Исломбек.

Стриптиз унинг асосий даромад манбайи эмаслигини иддао қилган бу муҳожир банкетларни ташкиллаштира олиши, тўй ва туғилган кун байрамларини ўтказиши, экскурсияларни ёки Ўзбекистонга бировни жўнатиш ишларини уюштириши мумкинлигини ҳам билдирди.

Қўлга тушганидан кейин "жиголо" ролини ўйновчи мигрантдан ўғирланган пулларнинг бир қисми ва уй эгасига тегишли бўлган иккита оддий телефон мусодара қилинди.

Москва вилоятининг Ички ишлар бошқармаси вакиллари Озодлик сўровига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162-моддаси, яъни “талон-торож”да айбланаётган Ислом А. 12 йилгача қамоққа ҳукм этилиши мумкинлигини маълум қилишди:

- У бола ўзини “стриптизчи” эканини гапирмоқда. Ўтган ҳафтада у билан суҳбатлашган эдик. Аммо бунинг ҳозирча исботи йўқ. Нима бўлганда ҳам у совуқ қурол билан одамларни қўрқитгани ва талон-торож қилгани учун узоқ муддатга қамалиши мумкин, деди Москва вилояти полицияси расмийси Александр Подабашев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG