Линклар

logo-print

Шуҳрат Аббосов: Киночилар мудраган ўзбекларни фикрлашга ундасин!


СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов

СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов

Ўзбек киноси оқсоқоли Шуҳрат Аббосов 85 ёшлик таваллуд кунини Москвада нишонлади. СССР халқ артисти¸ СССР давлат мукофоти совриндори Аббосовнинг юбилейи Москвадаги Марказий кино уйида ўтказилди. Тадбир Россия киночилар уюшмаси¸ Россия давлат кино жамғармаси¸ актерлар гильдияси ва UzTvRus студияси ташкилотчилигида ўтказилди. Мухбиримизга кўра¸ тадбирда таниқли кино усталари ва маданият арбоблари ўзбек киночисини муборакбод қилишган.

Таниқли киночи Шуҳрат Аббосов ўз таваллуд кунида Озодликка эксклюзив интервью берди.

Суҳбатдош ўзи суратга олган “Оловли йўллар” фильми бугун Ўзбекистонда намойиш қилинмагани билан, бу киноасарнинг “Марифат – жаҳолатга қарши” деган шиори долзарб бўлиб қолаётганини таъкидлади:

- Бугун ИШИД қилаëтган ишларни ўз вақтида реакцион диндорлар Ҳамзага қарши қилишган. Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдиришган. Тараққиëтниг жаҳолатга¸ нурнинг зулматга¸ маърифатнинг эса муттасибликка қарши кураши бугун ҳам долзарб¸ демак мен 1977 йилда олган фильмнинг бугун ҳам аҳамияти юксак¸ дейди суҳбатдош.

Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган. 1949 йилда Тошкент Тиббиёт техникумини тамомлаган.

1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти (Ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институти), 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олади.

Аббосов аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган.

Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап" (1960), "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968), "Оловли йўллар" (1977-1983), "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби фильмлар совет киносининг мумтоз намуналари ҳисобланади.

Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" фильми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG