Линклар

Эрон ва БАА ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги Twitter жанги


Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирлари Муҳаммад Жавад Зариф ва Шайх Абдулла бин Зайид ал-Наҳян

Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазирлари Муҳаммад Жавад Зариф ва Шайх Абдулла бин Зайид ал-Наҳян

Гулноз Исфандиёрий

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик жанжал Twitterга ҳам кўчди. Ар-Риёднинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) ташқи ишлар вазири эронлик ҳамкасбининг The New York Times газетасида чоп этилган мақоласини масхаралаши икки дипломат ўртасида сўз жангини келтириб чиқарди.

10 январь куни чоп этилган мақолада Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Саудия Арабистонини экстремистларни молиялаштириш ва мазҳаблар ўртасида нафрат уйғотишда айблади. Зариф ўз мақоласида Саудия қироллигидаги инсон ҳуқуқлари аҳволини ва 47 маҳбуснинг, жумладан, нуфузли шиа уламоси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилишини қоралади. Айнан ан-Нимрнинг қатл этилиши Эронда Саудия Арабистони элчихонаси ва консуллигига қилинган ҳужумларга ва ундан кейинги жанжалга сабаб бўлди.

Twitterда 2,58 миллион фолловери бўлган БАА Ташқи ишлар вазири Шайх Абдулла бин Зайид ал-Наҳян ҳамкасби Зарифнинг фикрларига истеҳзоли твит билан жавоб бериб, Эроннинг ўзида ҳам инсон ҳуқуқлари олий супага чиқарилмаганини эслатди.

“Эрон ташқи ишлар вазирининг The New York Timesдаги мақоласини ўқиб, уни Скандинавия мамлакатларидан бирининг ташқи ишлар вазири ёзибдимикин, деб ўйлабман”, дея пичинг қилди Наҳян араб тилидаги фикрларига смайлик билан хулоса ясаб


Зариф ҳам гапдан қолмади Twitterдаги 363 минг обуначисига йўллаган твит билан жавоб қайтарди бўлган. Зариф ҳамкасбининг исмини тилга олмаган бўлса-да, кимга ҳужум қилгани аниқдир.

“Дипломатия такуббур янги бойлар учун эмас, кўпни кўрган кишилар ҳунаридир”, деб ёзди Зариф 13 январь куни.

Бир неча соат ўтиб Наҳян Зарифга заҳархандалик билан халқаро дипломатиянинг асосий принципларини эслатди.

“Элчихона ёки консулликларга олов қўйма, уларни эгаллаб олма ёки талон-торож қилма. Дипломатларни гаровга олма”, деб ёзди Наҳян инглиз тилида. Вазир твити охирига #DiploMaturity101 ҳештегини илова қилди. (АҚШ таълим тизимида бошланғич курслар учун мўлжалланган содда дарсларга 101 номери берилади. – таҳр.)

Намойишчилар Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум қилиши ортидан Саудия Арабистони ва бу мамлакатнинг бир неча яқин иттифоқчиси Теҳрон билан алоқасини бутунлай узди ёки чеклади.

Зариф ва эронлик бошқа расмийлар ҳужумларни қоралаб, айбдорлар жазоланишини ваъда қилишди. Хабарларга кўра, бу ҳодиса ортидан Эрон хавфсизлик идораси расмийси ишдан бўшатилган.

Кўп сонли эронлик меҳнат муҳожирлари ва тадбиркорлар яшайдиган БАА Эрондаги ҳужумлар сабаб бу мамлакат билан алоқаларни чеклади.

XS
SM
MD
LG