Линклар

Покистоннинг Пунжоб вилоятида имомнинг маърузасини чала эшитган 15 яшар болакай шаккокликда айблангач, қўлини кесиб ташлади. Бир қатор ғарб агентликлари хабарига кўра, имом пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломни ким ёқтирмайди, деб сўраган кезда хаёли бошқа жойда бўлган болакай билмасдан қўлини кўтариб юборган. Ҳозирда боланинг оиласи унинг бу ҳаракатини олқишлаётгани хабар қилинмоқда.

Маҳаллий полиция бошқармаси бошлиғи Наушер Аҳмадга таянган AFP агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса Ҳужра Шоҳ Муқим туманидаги маҳаллий масжид имомининг 4 кун муқаддам қилган маърузасидан сўнг содир бўлган.

Бу шаҳар Пунжоб вилояти маркази Лаҳор шаҳридан 125 километр нарида жойлашган.​

Хабар қилинишича, имом Ислом пайғамбари Муҳаммад алаҳийссаломни севганлар уни намозларида дуо қилади, деб насиҳат қилган. Сўнгра жамоатга юзланиб, ким пайғамбарни севмайди, деб сўраган.

Ўша пайтда жамоат сафида бўлган 15 яшар болакай хаёли бошқа жойда ўтирган ҳолда адашиб қўлини кўтариб юборган.

Шу ондаёқ масжид имоми болага ишорат қилиб, уни шаккокликда айблагани ва бундай гуноҳ учун Исломда ўлим жазоси борлигини уқдира кетгани айтилмоқда.

Гарчи, маърузага йиғилганлар боланинг адашиб, қўл кўтарганини айтган ва уни юпатишга уринган бўлса-да, имомнинг айбловларидан ҳаяжонга тушган бола уйига қайтгач, кўтарган қўлини кесиб ташлаб, ликопчага солганча масжид имомига тақдим этган.

CNN телеканали болакайнинг исми Муҳаммад Анвар, деб хабар қилмоқда. Шунингдек, телеканал хабарида воқеадан сўнг масжид имоми Шаббир Аҳмад қўлга олингани айтилмоқда. Лаҳор полициясидан олинган маълумотга кўра, имом нутқи орқали нафрат қўзғашда айбланмоқда.

Ҳужра Шоҳ Муқим тумани полицияси ходими Аҳмадга кўра, маҳаллий аҳоли ва болакайнинг оиласи унинг бу ҳаракатидан фахрланишини айтмоқда. Болакайнинг олқишланиши акс этган видео эса қўлма-қўл бўлмоқда.

Шаккоклик - Покистонда мусулмон ва номусулмонларга қарши қўлланиладиган ва ўзбошимча судлар воситасида қаттиқ жазоланадиган айбловлардан биридир.

200 миллион аҳолиси бўлган бу давлатда айни айблов учун одамларни тошбўрон қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради. 2014 йилда мамлакат бўйлаб шаккоклик айблови қўлланган жами 1 минг 400 та ҳолат қайд этилган.

Ғарб давлатларидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса мамлакатда 1947 йилда қабул қилинган қонун асосида шаккоклик учун белгиланган жазо маҳаллий уламолар ва уларга эргашганлар томонидан нотўғри қўлланишини қоралаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG