Линклар

Теолог Маликовга ҳужум қилганлар ҳали ҳам Қирғизистонга олиб келинмади


Қирғизистонлик таниқли теолог Қодир Маликов.

Қирғизистонлик таниқли теолог Қодир Маликов.

Таниқли қирғиз теологи Қодир Маликовнинг яқинлари олимга ҳужум қилган ва кейинроқ Туркиянинг Газиантеп шаҳрида қўлга олинган шахслар ҳалигача Қирғизистонга олиб келинмаганидан хавотир билдирмоқда. Бу масала билан шуғулланаётган қирғизистонлик дипломатлар эса ҳужумчиларнинг Бишкекка депортация қилиниши бюрократик процедуралар туфайли кечикаётганини айтаяптилар.

Қодир Маликовга ҳужум қилган шахслар, орадан қарийб 2 ой ўтганига қарамай, Туркиядан Қирғизистонга келтирилмаётгани ҳақидаги хавотирни теологнинг рафиқаси Элиана Сатарова изҳор қилди.

- Биз “Ҳужумчилар экстрадиция қилинадими-йўқми?”, “Бу иш нимага чўзилиб кетаяпти?”, “Бу чўзилиш нима билан боғлиқ?” деб ташвишланаяпмиз, бироқ буларга аниқ-тиниқ бир жавобни ҳали эшитганимиз йўқ. Бу воқеа содир бўлганига яқинда 2 ой бўлади. Аммо ҳали ҳеч қандай натижа йўқ, - дейди Қодир Маликовнинг рафиқаси Элиана Сатарова Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази раҳбари Қодир Маликов ўтган йилнинг 26 ноябрь куни ўз уйи яқинидаги дўкон ёнида пичоқлаб кетилган. Ҳодисадан сўнг Маликов Бишкекдаги 4- сонли касалхонага етказилган ва операция қилинган.

Қодир Маликовга ҳужум қилганликда гумонланган шахслар.

Қодир Маликовга ҳужум қилганликда гумонланган шахслар.

Ҳодисадан 3 кун ўтгач, қирғиз расмийлари Маликовга ҳужум қилган шахслар, яъни Тилек ўғли Алибек ва Рисқул Бейшеналиев Интерпол кўмагида Туркия-Сурия чегарасига яқин бўлган Газиантеп шаҳрида қўлга олингани, улар ўз қилмишларига иқрор бўлганлари ва тез орада Қирғизистонга келтирилишларини билдиргандилар. Қирғизистон Ички ишлар вазири Мелис Турғанбаев бу ишни шахсан назоратига олганини айтганди.

Маълумотларга кўра, Маликовга ҳужум қилганларни Бишкекка қайтариш ишлари билан шу кунда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги шуғулланмоқда. Вазирлик матбуот котиби Нурлан Суерқулов ҳозир бу борада туркияликлар билан музокара олиб борилаётганини билдирди.

- Уларнинг ўзига хос процедураси бор экан. Аввал суд бўлиб ўтиши керак, шундан кейингина улар депортация қилинади. Туркия уларни Қирғизистонга шунчаки бериб қўёлмас экан – барча процедураларга риоя қилиниши лозим экан. Бизникилар бу масалада туркияликлар билан тиғиз алоқада бўлиб турибди, - дейди Нурлан Суерқулов.

Депортация масаласи ижобий ҳал қилинмаган тақдирда, Қирғизистон Бош прокуратураси гумонланувчиларни экстрадиция қилиш масаласини кўтариши айтилмоқда.

Ҳужумдан сўнг касалхонада ётган Қодир Маликов.

Ҳужумдан сўнг касалхонада ётган Қодир Маликов.

Бу орада Қодир Маликовнинг яқинлари унинг аҳволи озроқ яхшилангани, бироқ пичоқ теккан чап юзи яхши ишламаётганини, теологга яна бир жарроҳлик амалиёти лозимлигини айтмоқдалар.

Қодир Маликов аввалроқ Озодликка берган суҳбатида бу ҳужумни “Исломий давлат” гуруҳи томонидан ўзини йўқ қилиш учун амалга оширилган ҳаракат ўлароқ баҳолаганди.

- Менда Суриянинг Раққа шаҳридаги “Исломий давлат” гуруҳини қўлловчи террорчилар мени ва қозоғистонлик яна бир теологни жисмонан йўқ қилишга қарор қилганлари ҳақида маълумот бор эди. Бу юз фоиз тасдиқланган маълумот. Ёзда уйим олдида ва мен намоз ўқийдиган масжид ёнида ортимдан кузатгандилар. Шунинг учун мен бир муддат “Исломий давлат” ҳақида ўз фикримни билдирмай юрдим. Мен дуч келган бу нохуш ҳодиса “Исломий давлат” ва такфирчиликка қарши бўлган барчанинг ҳаёти хавф остида эканини очиқ кўрсатди, - деганди Қодир Маликов.

Бу тахминларга қарамай, “Қодир Маликовга кимнинг буюртмасига кўра ҳужум уюштиртирилди?” деган савол жавоби ҳозирча очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG