Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати нима учун ўз мамлакатдошларини бу қадар ёмон кўради? (Блог)

  • Сарвар Усмон

Қашқадарë вилояти Чироқчи туманида одамлар паспорт столининг олдида навбат кутишмоқда
2014 йилнинг ёзи.

Қашқадарë вилояти Чироқчи туманида одамлар паспорт столининг олдида навбат кутишмоқда 2014 йилнинг ёзи.

“Жума куни ўғлим ҳайдовчилик гувоҳномасига имтиҳон топширди. Якшанба куни машинада Европа бўйлаб саёҳатга чиқдик. Сешанба куни Швециянинг Венгриядаги элчихонасига кириб, 10 дақиқада ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб чиқди ўғлим”, деб ҳикоя қилган эди Швецияда яшаётган сиёсий муҳожир, Ўзбекистондаги бир қатор нашрларда муҳаррирлик қилган Муқимжон Маҳмудов 2015 йилнинг 8 августида OzodNazarга суҳбат бераркан.

Албатта, Швециянинг “ГАИси” бу мамлакатнинг Венгриядаги элчихонасида жойлашган эмас.

Элчихона ходимлари ўзларининг хизмат вазифаларини бажарди - мамлакатдошининг масаласини ҳал қилди холос: улар Муқимжон Маҳмудовнинг ўғли имтиҳон топширган муассаса билан боғланди, имтиҳондан ўтганини, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиши мумкинлигини билди ва гувоҳнома нусхасини қочқиннинг ўғлига тутқазди.

Энди тасаввур қилинг: Муқимжон Маҳмудов оиласи билан Швецияда эмас, Россияда. Қўлларида Ўзбекистон паспорти. Паспорт нобиометрик...

Кеча Озодликка Telegramдан келган саволлардан бири яна паспорт билан боғлиқ эди.

Ўзбекистонлик аёл бир неча йилдан бери битта боласи билан Санкт-Петербургда тирикчилик ўтказаётгани, қўлидаги 2028 йилгача берилган паспорти нобиометрик эканини ёзибди.

Аёл биометрик паспорт олиши зарурлигини, бунинг учун аввал “Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома” олиши зарурлигини, бунинг учун 6 яшар ўғли билан Москвага бориши зарурлигини ёзибди.

Принципда аёл Озодликка ёзар экан, сўрайдиган саволи ҳам йўқ эди. Ҳамма нарсани ўзи билиб турибди.

Аёл Озодликка ёзиб, ичини бўшатиб олди, холос: осмон узоқ, ер қаттиқ.

Аёлнинг Москванинг совуғида изиллаб элчихона олдида навбатда туришини, бетини ювиб-ювмаганларга ялинишини, 6 яшар ўғлининг изғириндан кўкарганини, фаррошлик қилиб топган-тутганини Москвада камида бир ой юриб совуришини, кейин Тошкентга боришини, янги паспорт олиш учун бетини ювиб-ювмаганларга ялинишини ва ҳоказоларни, ва ҳоказоларни, ва ҳоказоларни тасаввур қилдим.

И всё это ради чего?!

Ҳаммаси бўлиб 25 йилдан бери журналистлик қиламан.

25 нинг 20 йилида Озодликда журналистман.

Ҳар куни 6 та саволга жавоб излайман: Ким? Нима? Қачон? Қаерда? Нима учун? Қандай?

Кўпинча топаман жавобларни – топа билганим учун ишлаб юрибман бу касбда.

Лекин 20 йилдан бери олдимда тез-тез кўндаланг бўладиган битта саволга жавоб тополганим йўқ. Саволки, сарлавҳага чиқарилган саволдир:

Ўзбекистон ҳукумати нима учун ўз мамлакатдошларини бу қадар ёмон кўради?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG