Линклар

Чодирхаëл: “Барон” тақдимоти, Москвадаги юбилей ва тақиқланган Милано


Ўзбекистонлик хонанда Сардор Милано

Ўзбекистонлик хонанда Сардор Милано

Кечган ҳафтада бир йилдан бери томошабинлар кутаëтган криминал кинодрама тарзида суратга олинган “Барон” фильмининг тақдимоти бўлди. Бу фильмни суратга олган киночи Рустам Сагдиевга кўра¸ Ўзбекистонда Ҳолливуд юлдузи иштирокидаги фильм тақдимоти муваффақиятли ўтган.

Суҳбатдошга кўра¸ фильм Ўзбекистонда суратга олинган илк катта бюджетли криминал драма жанридаги блокбастердир.

Гассан Массуд

Гассан Массуд

Фильм тақдимотида қатнашган таниқли киночи¸ СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосовнинг Озодликка айтишича¸ “Марказида нашавандлик таназзулидан иборат инсоний драма ëтган "Барон" фильмида актерларнинг маҳоратли ижроси таъминланган”.

Аббосовнинг айтишича, айнан киночи Рустам Сагдиев ўзбек киночиларини яна кинозалга қайтарадиган фильмни суратга олган.​

Ушбу фильда Ҳолливудда танилган юлдуз Гассан Массуд роль ўйнаган.

Ўз юртида қадр топмаган киночи

Рустам Сагдиевнинг фильми тантанали тақдимот қилинган 16 январь кунида СССР халқ артисти Шуҳрат Аббосов 85 ëшга тўлди.

Ўзбекистонни тамсил қилган машҳур фильмлар муаллифи ва Рустам Сагдиев каби сермаҳсул киночиларга устозлик қилган Аббосовнинг туғилган куни Тошкентда расман нишонланмади.

Шуҳрат Аббосов

Шуҳрат Аббосов

Киночининг юбилейи арафасида “Ўзбеккино” ДАК Шуҳрат Аббосовга “Маҳаллада дув-дув гап-2” фильмини суратга олиш учун маблағ ажратишни рад қилди.

Ўзбек киноси оқсоқоли Шуҳрат Аббосов 85 ёшлик таваллуд кунини Москвага атайлаб бориб, нишонлаб қайтди.

18 январь куни СССР халқ артисти, СССР давлат мукофоти совриндори Аббосовнинг юбилейи Москвадаги Марказий кино уйида ўтказилди. Тадбир Россия киночилар уюшмаси, Россия давлат кино жамғармаси, актерлар гильдияси ва UzTvRus студияси ташкилотчилигида ўтказилди.

Мухбиримизга кўра, тадбирда таниқли кино усталари ва маданият арбоблари ўзбек киночисини муборакбод қилишди.

Сардор Милано лицензиясиз қўшиқ куйлаганликда айбланди

Сардор Милано тахаллуси билан танилган ўзбекистонлик Сардор Эшмуҳаммедовнинг 8 январдан бошлаб уч кун давомида бир неча сеансда "Истиқлол" санъат саройидаги мюзиклда куйлагани “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “лицензиясиз фаолият юритиш” дея малакаланиб, ҳуқуқбузарлик ҳолати сифатида қайд қилинди.

“Ўзбекнаво”даги Озодлик манбасининг айтишича, мюзикл ташкилотчиларига билдирги берилган ва Сардор Миланонинг соло-концерт беришига тақиқ қўйилган.

Манбага кўра, 23 ёшли Сардор Милано Тошкентда Ëшлар симфоник оркестри жўрлигида яккахон концерт уюштиришга ҳам “Ўзбекнаво” мулозимлари тарафидан изн берилмаган.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси директори Фарҳод Жўраевнинг матбуотга билдиришича, “Сардор Эшмуҳаммедов қўшиқ айтиш бўйича махсус лицензияга эга бўлмагани боис, Ўзбекистон ҳуқудида концерт қўйиш ҳуқуқидан мосуво қилинган”.

Сардор Миланонинг ўзи бу борада Озодликка изоҳ бермасликни маъқул кўрди.

Сардор Милано ўтган йили Россия "Первый канал" телеканалининг "Главная сцена" лойиҳаси ғолиби бўлган. Ўзбекистонлик киночи Элëр Эшмуҳаммедовга невара бўлган Сардор финалда томошабинлар овозининг қарийб 37 фоизини тўплашга муваффақ бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG