Линклар

Зарафшонда коллеж ўқувчиларига 50 килодан металлолом топиш буюрилди


Uzbekistan - school boy is pushing scrap-metal to the school in Samarkand region

Uzbekistan - school boy is pushing scrap-metal to the school in Samarkand region

Навоий вилояти Зарафшон саноат коллежининг ҳар бир ўқувчисига эллик килограммдан металлолом топиб келиш топшириғи берилди. Топшириқни бажарган ўқувчиларга коллежни битиргандан сўнг иш жойи топиб бериш ваъда қилинмоқда. Коллеж раҳбарияти эса металлолом йиғиш ҳақида топшириқ бўлганини инкор қилмоқда.

Зарафшон касб-ҳунар саноат коллежининг ўқувчилари ўзларига юкланган металлолом солиғи ҳақида Озодликка мактуб ёзди:

“Талабаларни анча қийин аҳволга солиб қўйган ҳолат ҳақида сизга ёзаяпмиз. Гап шундаки, коллежимиз ўқувчиларидан 50 килограммдан металлолом топшириш талаб қилиняпти. Ўқитувчиларга ҳам шундай топшириқ берилган. Устозларимиздан бири шундай деди: “Боллар бу нарса ҳаммамизга мажбурий экан. Коллежда учиб юрган қушлару дайди мушуклардан ҳам металлолом топшириш талаб қилиняпти. Шаҳар жойда 50 кило темирни қаердан топамиз. Нима қилишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдик”, дейилади мактубда.

Қаердан металлолом қидиришга боши қотиб турган коллеж ўқувчиларидан бири, Озодлик билан суҳбатда бу муаммони, одатдагидек, пул билан ҳал қилишга мажбур қолаётганини айтди:

“Талаб жуда қаттиқ қўйилган. Бажармасак бўлмайди. Баъзи курсдошларимиз шаҳардаги автобазадан килосига 400 сўмдан бериб, металлолом олишяпти экан. 20 минг сўм бўлади экан. Биз ҳам шундай қиламиз чоғи, бошқа иложимиз йўқ. Бўлмаса ҳар куни сўроқ қилавериб ҳоли жонимизга қўймайди”, деди коллеж ўқувчиси.

Зарафшон касб-ҳунар саноат коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бири, шундай топшириқ бўлганини тасдиқлади:

“Асосий топшириқ шаҳар ҳокимиятидан бўлган. Ҳоким директорларни чақириб металлолом топширасан, деб буйруқ берган. Директор мажлисда шундай деди. Биз эса ўз навбатида ўқувчиларга айтяпмиз”, деди ўқитувчи.

Коллеж директори Эркин Давлатов эса ўқувчиларга металлолом топшириш ҳақида буйруқ берганини инкор қилди:

“Йўқ, бўлмаган гап. Бизда ҳеч ким металлолом йиғмайди, бунақа топшириқни мен берганим йўқ”, деди директор.

Зарафшон шаҳар ҳокимиятидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонда баҳор ва куз пайтларида дала ишларига жалб қилинадиган коллеж ўқувчиларидан қиш пайтида металлолом йиғиш талаб қилинади.

Тошкент вилоятидаги коллежлардан бирининг директорига кўра, металлолом топилмаган тақдирда унинг ўрни пул билан қопланади:

“Металлолом топиш қийинлашганига ўн беш йилча бўлиб қолди. Унгача СССРдан қолганини йиғиб топширдик. Энди эса темир-терсак йўқ. Пул билан ҳал қиладиган бўлдик. Масалан, битта коллежга 10 тонна план қўйилади. Директор ўқувчилару ўқитувчилардан пул йиғиб, металлолом қабул қиладиган “Вторчермет” ташкилотига олиб бориб беради. Улар эса фалон коллеж фалон тонна металлолом топширди, деган накладной ёзиб беради. Шуни олиб келиб ҳокимиятга кўрсатганимиздан кейин, ҳоким тинч қўяди. Бўлмаса, ҳокимдан танбеҳ эшитавериб ўлиб кетамиз. Бу ярамас схемани, бу припискани ҳаммаси яхши билади. Лекин, ҳеч ким индолмайди. Чунки, асосий ейдигани катта одам бўлса керак”, деди коллеж ўқитувчиси.

Ўзбекистонда ўқувчилардан металлолом, макулатура ёки обуна учун пул талаб қилиниши мамлакатнинг барча коллеж, лицей ва мактабларида мунтазам давом этаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг металлолом жамғариш ҳақидаги қарорини бажариш масъулияти, асосан, мактаб-коллежлар ўқитувчию ўқувчилари, тиббиёт муассасаларининг шифокору ҳамширалари зиммасига юкланган.

Кейинги пайтда ҳатто боғчаларга қатнайдиган болаларнинг ота-оналарига ҳам металлолом солиғисолинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG