Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:58

Ишидчиликда айбланаётган насронийнинг хотинига ҳокимликда босим ўтказилди


Ширин Турсунова фарзанди билан.
Ширин Турсунова фарзанди билан.

Жиззах расмийлари ИШИДга алоқадорликда айбланаётган насроний Арамаис Авакяннинг турмуш ўртоғи Ширин Турсуновани туман раҳбарларига туҳмат қилганлиги учун қамоққа олинишидан огоҳлантиргани тўғрисида eltuz.com сайти хабар қилди.

Сайт мухбири Улуғбек Ашуровга кўра, 18 январь, эрталаб соат 10 да туман хокимлигига чақирилган Ширин Турсуновадан “жим юриш” талаб қилинган.

Озодлик мухбири Ширин Турсунова билан боғланиб, 18 январь кунги учрашув тафсилотлари ва эри устидан ўтказилаётган суд жараёнининг шу куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган мажлиси тафсилотларини сўради.

Телефонни кўтарган Ширин Турсунова ҳорғин овоз билан оғриётганини айтди.

- Мазам йўқ. Юрагим ушлаб қолаяпти тез-тез.

Шириндан 18 январь кунги учрашув тафсилотларини сўрадик.

Унинг айтишича, ҳокимият биносига бориши кераклигини унга “маҳалланинг хотин-қизлар қўмитаси раиси Раъно опа” айтган.

Ширин Турсунова билан ҳокимлик биносида туман ҳокими муовини Фотима Расулова, маданий-тарғибот ишлари бўйича мутахассис Карим Тотлибоев, Алишер Очилов деган мулозим ва яна бир неча киши “маслаҳатлашув” ўтказган.

Учрашувда, Ширин Турсунова билан бир қаторда бошқа судланувчиларнинг яқинлари ҳам бўлган.

- Эрим билан бирга ўтирган боланинг онаси, укаси ҳам чақиртирилган экан, деди Турсунова.

Унинг мулозимлар билан учрашуви камида 1 соат давом этган. Бу вақт ичида компьютердан хорижий радиоларда янграган мақолаларни эшиттиришган, матнларни ўқиб беришган.

Ширин Турсунованинг ҳикояси мазмунига қараганда, учрашув давомида унга битта фикрни – “эрингнинг қамалишига туман ҳокими Ғофур Қаршибоевнинг дахли йўқ”, деган фикрни уқдиришга уринганлар.

- Эрингизнинг ишидчи эмаслигини судга бориб айтамиз, эрингизни ҳимоя қиламиз, фақат эрингизнинг ишига ҳокимнинг алоқаси йўқ, деб айтишди, деди Ширин Турсунова.

Унинг айтишича, учрашув мулозимларнинг “эрингизга ёрдам берамиз”, деган ваъдалари билан тугаган.

Балиқчилик фермасидан бошланган иш

Жиззахлик Ширин Турсунованинг эри, балиқчи фермер Арамаис Авакян¸ шунингдек унинг балиқчилик фермасида ишлаган яна тўрт шахс 2015 йилнинг 4 сентябрь куни Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ушланган ва шундан бери ҳибсда сақланмоқда.

6 январь куни 33 яшар Авакян ва унинг шериклари устидан маҳкама жараëни бошланди. Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси - конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 244-моддаси - диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш ва 169-моддаси бўйича ўғирлик айблари қўйилмоқда.

Авакян ва бошқалар устидан судловнинг 18 январь кунги мажлиси

18 январь, куннинг иккинчи ярмида суд жараёнининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Мажлисга гувоҳ сифатида чақиртирилган Ширин Турсуновадан судья кўрсатма олди.

- Эримнинг ўз динидан чиққан-чиқмаганини сўради, никоҳ ўқитганмисизлар, деб сўради. Никоҳ ўқитганмиз, лекин эрим мусулмончиликни қабул қилмаган, деб айтдим. Диск уйимиздан чиқмаганини айтдим, деди Ширин Турсунова.

Унинг айтишича, суднинг 18 январь кунги мажлисида баъзи қораловчи томоннинг баъзи гувоҳлари Арамаис Авакянга қарши аввал берган кўрсатмаларидан тонган.

Арамаис Авакян ва у билан бирга судланаётган 4 киши устидан суднинг навбатдаги мажлиси 20 январга белгиланган.

Озодлик ҳоким билан ҳам гаплашган эди

Диний эътиқодига кўра насроний бўлган армани фермернинг ишидчи-ўғрига чиқарилиши ортидаги бош сабабни изоҳлаëтган Авакяннинг яқинлари, унинг Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими уюштирган фитна қурбони бўлаëтганини айтмоқда.

Улар таъкидича, Авакяннинг балиқчилик фермаси мўмай даромад келтиришини билган ҳоким Ғофур Қаршибоев уни ўз яқинларига тортиб олмоқчи бўлган. Авакян бу босимга кўнмагач, унга “қамоқда чиритиш” билан очиқ таҳдид қилган ҳоким, айни кунларда Ўзбекистонда урф бўлган энг оғир айб – ИШИДга хайрихоҳлик, Сурияга жиҳодга кетишни режалаштириш каби айблов билан Авакянни йўқ қилишга киришган.

13 январь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Пахтакор туман ҳокими Ғофур Қаршибоев бу иддаоларни инкор қилишга уринган эди.

Арамаис Авакян ишини узоқ Арманистонда ҳам диққат билан кузатмоқдалар

Бу мамлакат Омбудсмани Карен Андреасян ўзбекистонлик ҳамкасби Улуғбек Муҳаммадиевга мурожаат қилиб, ИШИДга алоқадорликдай оғир жиноятда айбланиб, маҳкамага тортилган жиззахлик армани фермер Арамаис Авакян тақдирига алоҳида эътибор қаратишни сўраган.

19 январь куни Озодлик радиоси арман хизмати мухбири Ўзбекистон Омбудсмани идораси билан боғланди. Ўзини Омбудсман референти, деб таништирган, лекин исмини айтмаган ходим Арманистон Омбудсманидан хат олинганини эътироф этган, Авакяннинг иши назоратга олинганини билдирган.

XS
SM
MD
LG