Линклар

Бухорода автомобил эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконларни бошқариб келган катта табиркорлардан бири Шароф Насибов тергов изоляторида ҳаётдан кўз юмган. Яқинлари унинг қийноқлар натижасида ўлганини иддао қилмоқда. Бухоро Ички ишлар бошқармаси тадбиркор ака-укалар ўтган ой қамоққа олингани ва улардан бири ҳисбда жон берганини тасдиқлади, лекин бошқа маълумот бермади.

Бухорода автомобил эхтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланиб келган 34 ёшли Шароф Насибов ўтган ой тадбиркор акаси билан бирга солиқ тўламаганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Яқинлари Шароф тергов изоляторида қамоқхона нозирлари тарафидан қийноққа солингани ва шу қийноқ оқибатида ўлганини иддао қилмоқда.

Озодлик билан исми сир қолиши шарти асосида гаплашган яқинларининг иддаосича, марҳум танасида калтак излари бўлган, бармоқларидаги тирноқлар суғуриб ташланган.

"Унинг танасида оғир тан жароҳатлари бўлган. Уни ҳеч кимга кўрсатмай кўмишмоқчи бўлшганида жанжал чиққан. Мурдани очиб қарашса, тирноқлари суғуриб олинган, қулоқларига сигаретлар босилган экан", деди манба Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бухоро Ички ишлар бошқармаси тадбиркор ака-укалар ўтган ой қамоққа олингани ва улардан бири ҳисбда жон берганини тасдиқлади, лекин бу ҳақда бундан ортиқ маълумот бермади.

Қамалган бухоролик тадбиркорлар ўта саҳоватпеша инсонлар бўлишгани айтилади.

Исми сир қолишини истаган бухоролик савдогарлардан бири ака-ука тадбиркорларни яхши таниши, улар Бухоро шаҳридаги улгуржи бозорда бир қанча автомобил эхтиёт қисмлари дўконини бошқариб келганини айтади:

- Одамларнинг айтишича, текширув келган экан, текширув пайти жанжал чиққан. "Солиқни тўламагансан" деган, "Йўқ мен тўлаганман, мана ҳужжат", деган. Муштлашув бўлган, кейин милиция аралашган ва шу билан олиб кетишибди. Олдинига ўн беш кунга қамашган. Кейин, яна ўн беш кун қўшиб берган. Бўйнига қўйдириш учун қийнашган, деган гаплар бор. Бу қанчалик тўғри, билмадим. Хулласкалом биттаси қамоқдан қайтмади, - деди бухоролик тадбиркор.

Қийноқлар Ўзбекистон турмаларида ва полиция бўлинмаларида жуда кенг тарқалгани айтилади.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига кўра, қўлга олинганлардан иқрорлик кўрсатмаларини олиш мақсадида уларни калтаклаш ва зўрлаш систематик тус олган.

Қўмитага келиб тушган аризаларга мувофиқ, баъзи ҳолларда ҳибсга олинганлар қийноқлардан вафот этмоқда.

Ўзбекистон расмийлари иддаосича, 2014 йилда маҳкумларни қийноққа солиш ҳолатлари бўйича 61 та шикоят кўриб чиқилган ва шулардан 3 таси ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимов ўтган йил Женевада бўлиб ўтган БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси йиғинида қийноқ холатларининг учтаси тасдиқлангани ва айбдорлар жазоланганини айтганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG