Линклар

Раҳмоннинг хотинига "аёллар пешвоси" рутбасини бериш таклиф қилинди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон хотини Азизамоҳ Раҳмонова

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон хотини Азизамоҳ Раҳмонова

Дин масалалари бўйича тожикистонлик эксперт Абдулло Муҳаққиқ президент умр йўлдоши Азизамоҳ Раҳмоновага “ислом аёллари пешвоси” мақоми берилишини таклиф қилмоқда. Эксперт фикрича, Азизамоҳ Раҳмонова Марказий осиёлик аёллар орасида биринчи бўлиб Каъбанинг ичкарисига кириб, уни тавоф қилишга муваффақ бўлгани учун шу мақомга лойиқдир.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг хотини Азизамоҳ Раҳмоновага “ислом аёллари пешвоси” мақоми бериш ҳақидаги таклиф “Ховар” давлат ахборот агентлиги сайтида пайдо бўлди.

Бу таклифни жамоатчилик эътиборига ҳавола этган дин масалалари бўйича эксперт Абдулло Муҳаққиқ президент умр йўлдошини мусулмонлар пайғамбари Муҳаммад(с.а.в.)нинг хотини Ҳазрати Ойша(р.а)га тенглаштириб, унга “ислом аёллари пешвоси” деган мақом берилишини таклиф қилган.

19 январь куни нашр этилган мақолада Муҳаққиқ “у (президент хотини-таҳр.) мусулмонлар онаси Ойша(р.а.) каби Каъбани тавоф қилишга шошилди. Маккаи Мукаррамада ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.) марқади - Мадинада ҳам бандалик изҳор қилди”, деб ёзади.

Мақола муаллифи таъкидича, Азизамоҳ Раҳмонова Каъбанинг ичкарисига кириб намоз ўқиган илк Марказий осиёлик аёл бўлган ва шунинг учун ҳам ҳурмат юзасидан уни “ислом аёллари пешвоси” деб эълон қилиш керак:

“Азизамоҳ, президентнинг умр йўлдоши, Каъбанинг ичкарисида қизлари билан намоз ўқиган илк тожик аёли бўлди. Шу пайтгача ўнлаб оналар ва тожик аёллари Ҳаж зиёратини амалга оширган, лекин уларга Каъба ичига кириб намоз ўқиш насиб этмаган".

Абдулло Муҳаққиқ президент хотини ва қизларининг бу зиёратини “тарихий воқеа” деб баҳолаб, Азизамоҳ Раҳмоновани тожик аёлларининг фахри, деб атайди.

“Бошқа аёллар ҳам Азизамоҳдан ўрнак олишлари керак”, деб ёзади мақола муаллифи.

Абдулло Муҳаққиқ Тожикистон президентининг умр йўлдоши ҳақида китоб ёзиш нияти борлигини айтган.

Азизамоҳ Раҳмонова шу пайтгача жамоатчиликка жуда кам кўриниш берган. У 2014 йилда эри билан Малайзияга миллий либос ва рўмолда борган эди.

Ўша пайтда кўпчилик президент хотинининг бундай кийинишини олқишлаш билан бирга, айни пайтда, мамлакатда бошқа тожик аёлларининг рўмол ўраб юришига қарши кураш олиб борилаётганига таажжуб билдирган эди.

Эмомали Раҳмон яқинда Саудия Арабистонига қилган расмий ташрифида, оила аъзолари ва вазирлари билан Умра зиёратини амалга оширган ва бу зиёрат мамлакат ҳамда хорижий ОАВда кенг ёритилган эди.

Азизамоҳ Раҳмоновага “ислом аёллари пешвоси” мақомини бериш таклифи, унинг эри, Эмомали Раҳмонга “миллат пешвоси” деган мақом расман берилганидан бир муддат ўтиб янгради.

16 моддадан иборат қонун “миллат пешвоси” дахлсизлигини кафолатлайди ва унинг барча сарф-харажатларини умрбод давлат бюджети ҳисобидан бўлишини таъминлайди.

Президентга ҳокимиятдан кетгандан сўнг катта ваколат бериб, унинг ва оила аъзоларининг дахлсизлигини кафолатлаш ҳақидаги қонун Марказий Осиëда янги ҳодиса эмас.

Қозоқ парламенти 2000 йилда “Қозоғистон Республикаси биринчи президенти тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилган ва Нурсултон Назарбоевнинг нафақат ҳокимиятда бўлган пайтда, балки президентликдан кетганидан сўнг ҳам мутлақ дахлсизлигини кафолатлаган эди. Қонунда бу дахлсизлик унинг оила-аъзоларига ҳам бирдек тааллуқли экани кўрсатиб қўйилган.

2003 йилда Олий Мажлис “Ўзбекистон Республикаси президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали Ислом Каримовнинг ҳокимиятдан кетганидан сўнг умрбод Сенат аъзоси бўлиши ва унинг дахлсизлигини кафолатлаган эди.

Бу борада ўз қўшниларини ҳам ортда қолдираëтган Тожикистонда Эмомали Раҳмон 2020 йили президентликдан кетгач, бўлажак президент қарорларини назорат қилиш ҳуқуқига эга суперлидер бўлишга ҳозирланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG