Линклар

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер банк бундан буён ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Маҳаллий матбуотнинг 19 январь куни билдиришича, бу борда Сирил Мюллер Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга жўнатган расмий мактубда гап боради.

“Жаҳон банки гуруҳи бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни юқори баҳолайди ва бундан буён ҳам мамлакат билан ҳамкорлик концепциясидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишига кўмаклашишда давом этади”, дейилади мактубда.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки томонидан имзоланган 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки январь ойида Ўзбекистонга 3,5 -4 миллиард долларлик кредит бериши кутилмоқда. Мазкур маблағ Ўзбекистон ҳукуматининг инфраструктурани ривожлантириш¸ янги иш ўринлари яратиш ва аграр секторни ислоҳ қилиш масаласида ҳозирлаган 25 лойиҳани амалга оширишга сарфланади.

Бу Жаҳон банки Ўзбекистонга бераётган энг катта кредит бўлиб ҳисобланади. 2012-2015 йиллардаги ҳамкорлик стратегияси доирасида Жаҳон банки Ўзбекистонга 1 миллиард 973 миллион доллар қарз берган эди.

Тошкент расмийларининг баёнотларида айтилишича¸ имтиëзли фоизлар билан 25-40 йилга бериладиган кредитнинг 500 миллион доллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ унинг ўзаги бўлиб қолаëтган пахтачиликни ислоҳ қилишга сарфланиши кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон пахтазорларидаги мажбурий меҳнатга қарши курашаётган Cotton Campaign халқаро гуруҳи Жаҳон банкидан Тошкентга мазкур кредитни беришни тўхтатиб туришни талаб қилган эди.

Cotton Campaign фикрича, Ўзбекистонга ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш йўлида реал чоралар кўрмагунича Жаҳон банки бу мамлакат қишлоқ хўжалигига йўналтириладиган кредитларини тўхтатиб туриши лозим.

Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари 2015 йилги пахта мавсумини бевосита кузатиш давомида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбуран пахтага чиқараëтганини тасдиқласа¸ Жаҳон банки Тошкентнинг қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш иддаоси билан тақдим этган дастурларига ажратилган 500 миллион долларлик кредитни тўхтатиши керак эди. Аммо ХМТ бундай хулоса чиқармагани ва Жаҳон банки ярим миллиард доллар қарзни берадиган бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси ўтган йилнинг 18 декабрь куни хабар қилган эди.

Озодлик радиосига етиб келган хабарларда айтилишича, ишдан ëки ўқишдан ҳайдалиш¸ пенсия ва нафақасиз қолиш¸ газ ва светдан узилиш¸ солиқчиларга ем бўлиш каби таҳдидлар остида пахтага чиқарилган ëки ўрнига одам чиқариш учун пул тўлашга мажбурланган миллионлаб ўзбекистонликдан "пахтага ўз ихтиëрим билан чиқдим"¸ деган тилхатлар олинган.

Бу тилхатлар эса¸ ўз навбатида¸ Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари “кўзини бўяш” ва оқибатда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ деган ҳам Тошкент¸ ҳам Жаҳон банки истаган хулосани чиқариб беришга асос ўлароқ ишлатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG