Линклар

logo-print

Биометрик паспорт ўзбекистонлик келиннинг муаммосини ҳал қила олмади


Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш маскани.

Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш маскани.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Ўзган шаҳрига келин бўлиб тушган фарғоналик аёл, турмуш ўртоғининг айтишича, 4 ойдан буён Ўзбекистонда уй қамоғида сақланмоқда.

Икки давлат ўртасидаги расман очиқ чегаранинг амалда ёпиқлиги сиёсатдан узоқ оддий уй бекаларининг беихтиёр жиноятчига айланишига сабаб бўлмоқда.

- 1 қиз, 2 ўғлимиз бор, хотиним қизим билан шу кунда Фарғонанинг Бувайда туманида, ота-онасининг уйида. Мен эса, 2 ўғлим билан Қирғизистонда, Ўзгандаман, деб бошлади Озодликка берган суҳбатини 35 яшар ўзганлик Ойбек. (Эр-хотиннинг исми ўзгартирилган)

Хотинининг Ўзганга – оиласига қайтолмаётганига сабаб, Ойбекнинг айтишича, унинг Ўзбекистонда уй қамоғига ҳукм қилинганидадир.

- Ҳозир хотиним уй қамоғида. Телефонда гаплашиб тураман. Айтишича, бир неча марта тергов бўлган. Терговда нимани сўршганини билмайман. Лекин уй қамоғида экани рост. Жарима ҳам тўлаган.

Ойбекнинг айтишича, хотини чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун жазоланган.

- Чегара ноқонуний кесиб ўтиладиган жойлар кўп. Ноқонуний йўллар ҳамма ерда бор. Чегарадан Андижонга, Наманганга, Фарғонага ўтиладиган йўллар, олиб ўтиб қўядиган одамлар бор, дейди Ойбек.

Унинг хотини Наргиза – Ўзбекистон фуқароси. Бас, шундай экан, унинг Ўзбекистонга бориш учун ноқонуний йўлни танлаши шарт эмас – қўлидаги ўзбек паспорти билан ҳеч қандай монеликсиз Ўзбекистонга кириши мумкин.

Лекин шунга қарамай, у чегарани бузди.

- 2014 йилнинг кузида янги паспорт олган ва ўшанда Қирғизистонга ноқонуний йўл билан ўтган. Орадан 1 йил ўтиб Ўзбекистонга яна ноқонуний йўл билан қайтди ва ушланди, деди Ойбек.

Хўш, Наргиза нима учун чегарани бузди? Ахир Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги борди-келдига оид сўнгги келишувга биноан икки қўшни давлат фуқаролари бири иккинчисининг мамлакатига визасиз бориши ва 60 кунгача муддат қолиши мумкинку?!

Ҳа, мумкин, лекин Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрибоева Ўзбекистон 2010 йил, Июнь воқеаларидан сўнг Қирғизистон билан борди-келдиларга бир томонлама чеклов жорий этганини 2015 йил кузида ёдимизга солган эди.

Чегара бир томонлама ёпиб қўйилганидан буён қирғизистонликлар Ўзбекистонга ва ўзбекистонликлар, шу жумладан лавҳамиз қаҳрамони Наргиза, Қирғизистонга чегаранинг Фарғона водийсидаги пунктларидан қонуний ўта олмайди. Қонуний ўтиши учун у Қирғизистондан қандайдир маълумотномалар ва телеграммалар чақиртириши ёки катта пул эвазига Тошкент ва Бишкек орқали бориши лозим.

Лавҳамиз қаҳрамони Наргиза Қирғизистонга келгач, 60 кунгача қайддан ўтмай яшаши мумкин. Лекин ундан ортиқ муддатга қайддан ўтиши керак. Наргиза қайддан ўта олмасди ҳам. Чунки у чегарани Ўзбекистон ёпиб қўйгани учун Қирғизистонга ноқонуний ўтган.

Натижада оддий уй бекаси, уч фарзанднинг онаси Наргиза ўзи истамаган ҳолда жиноятчига айланди.

Биринчи марта 28 декабрда гаплашганимиз ўзганлик Ойбек билан 20 январь куни яна боғландик.

- Хотиним ҳали келгани йўқ, деди Ойбек.

Биз Ойбекнинг хотини билан ҳам гаплашиш учун Фарғонага қўнғироқ қилдик.

Наргизанинг телефонини кўтарган акаси “Бўлди, ишлари битди, энди жўнатамиз Ўзганга” дедию бошқа гапга ўтмади, телефонини ўчириб қўйди.

Қирғизистонда, расмий маълумотларга қараганда, 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик келин бор.

Ҳа, айтганча, Ойбекнинг хотини Наргизанинг паспорти биометрик.

- Паспорти Ўзбекистоннинг янги чиққан паспортидан. Биометрик дейдими? Ўшандан. Олганига 1 йилдан ўтди, деган эди Ойбек 28 декабрда.

Ўшандан бери мана яна 22 кун ўтди. Оила ҳануз икки юртда. Уни бирлаштиришга ҳатто биометрик паспортнинг ҳам кучи етмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG