Линклар

Россияда бедарак йўқолган андижонлик қидирилмоқда


Россияда йўқолган андижонлик дониëр Солиев.

Россияда йўқолган андижонлик дониëр Солиев.

Андижонлик 28 яшар Дониëр Солиев 2014 йилнинг 1 октябрида Россиянинг Рязань шаҳридаги квартирадан чиқиб кетганидан бери бедарак йўқолган. Уни қидириб бормаган жойи қолмаганини билдирган Дониëрнинг яқинлари Озодлик орқали бу йигитнинг ўлик-тиригини билганлардан бу ҳақда маълумот беришни сўрамоқдалар.

Андижон шаҳрида маълум вақт тадбиркорлик билан шуғулланган Дониëр Солиев¸ иши юришмай қолганидан сўнг¸ Россияда ишлаб юрган икки укаси ва онаси ëнига келган.

Икки фарзанднинг отаси бўлган Дониëр ишга рухсатнома ва бошқа ҳужжатларга ариза топшириб¸ вақтинча Рязандаги балиқ консерваси тайëрловчи заводнинг тунги сменасига ишга кирган. 30 минг рубль ойликдан кўнгли тўлмаган Дониëр¸ яқинларига кўра¸ кундузлари ҳам чиқиб кетиб¸ ҳар хил қурилишлардан иш излаëтганини билдирган.

Россияга келганидан бир ойча ўтиб¸ 1 октябрь куни эрталаб Дониëр онаси ва укалари билан бирга яшаб турган квартирадан чиқиб кетгану¸ шу кетганча бедарак йўқолган.

Дониëрнинг Россияда ишлаб юрган укаси гапиради:

- Хотиним ўша куни обедга келасизми деб сўрашга телефон қилган¸ телефон ўчиқ бўлган. 1 октябрь куни эрталаб чиқиб кетган бўйи йўқ. Шундан бери бормаган жойим қолмади. Аввалига ëнимиздаги мелисахонага бордим. Улар уч кунгача топилмаса¸ кейин ариза ëзасан деди. Уч кун кутиб ўтирмадим¸ больницаларга бордим¸ учта морг бор экан¸ ўшаларга бориб чиқдим. Мелиса ëки ФМС ушлаган бўлса деб¸ ҳамма отделениелардан сўраб-суриштириб чиқдим. Бунақа одам ҳеч қаерда қайддан ўтмаган. Кейин қидирувга бериш ҳақида ариза ëздим. Улар аканг бутун Россия бўйича қидирувга берилди¸ ҳозирча дараги чиқмади¸ деяпти. Лекин акамнинг расман Россия ҳудудидан чиқиб кетгани ҳам ҳеч қаерда қайд қилинмаган¸ дейди Дониëрнинг укаси.

Бир ярим йилдан бери Дониëрни қидираëтган яқинлари унинг Россия ҳудудидан чиқмагани ҳақидаги бундай расмий изоҳга кўп ҳам ишонишмаëтир.

- Россияда бўлса¸ одам документ қилиши керакку! Бир ярим йил оз вақт эмас документсиз яшашга¸ қўлга тушиб қолиши бор. Мен акамни тирик¸ лекин Россияда эмас¸ деб ўйлайман¸ дейди Дониëрнинг укаси.

Яқинлари фарази орасида¸ Дониëрнинг Одноклассники ижтимоий тармоғи орқали радикал исломий гуруҳлар таъсирига тушиб¸ улар сафига қўшилиб кетгани ҳақидаги тахмин ҳам йўқ эмас:

- Акам келишига¸ мен унга Однодан акаунт очиб берган эдим. Унга кирсам¸ ўнтадан ошиқ гуруҳга қўшилган экан¸ ҳаммаси исломий. Акам намозхон йигит эди. Бизга ҳам намоз ўқи¸ ундай қил¸ бундай қил, деб гапирарди. Лекин бундан бошқа кучлироқ гап айтганини эслай олмайман. Бунақаларга қўшилганини билганимда¸ уни тўхтатардим¸ дейди Дониëрнинг укаси.

“Акам йўқолганидан бери онам бирдан қариб қолди¸ унинг майкасини кўрсаям йиғлайверади”¸ деган Элдор¸ ўз акаси ҳаëт бўлса¸ яқинларига бир оғиз билдириб қўйишни сўрайди.

Айни пайтда¸ Дониëр қайсидир йўллар билан Сурияга чиқиб кетган бўлса¸ уни бу қаторга тортганлардан ҳам акасининг ўлик-тириги ҳақида маълумот беришни сўрайди Элдор.

Тахминларга кўра¸ Сурия ва Ироқ ҳудудининг каттагина қисмини ишғол қилиб¸ бу ҳудудда исломий халифат қурилганини эълон қилган ишидчилар орасида юзлаб ўзбекистонлик бор ва уларнинг аксариятибу сафларга Россияда ишлаб юрган пайтида қўшилганлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG